19:27 / 01.11.2021
17050

Бир йил ичида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қанчалик қимматлашди?

Kun.uz расмий рақамларга таяниб ўтказган таҳлилга кўра, Ўзбекистонда бир йил ичида суякли мол гўшти 15 фоизга, кунгабоқар ёғи 39 фоизга, пахта ёғи эса 38 фоизга, шакар нархи 24 фоизга қимматлашган.

Фото: Kun.uz

Ўтган бир йил давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига инфляция қай даражада таъсир кўрсатди? Kun.uz Статистика қўмитаси тақдим қилган маълумотлар асосида нархлар ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди.

Суякли мол гўшти

Маълум бўлишича, суякли мол гўшти 2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан 14,9 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 12,2 фоизга, жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан эса 1,7 фоизга қимматлашган.

2021 йил 27 октябрь ҳолатига кўра, суякли мол гўштининг 1 килограмми нархи республиканинг марказий бозорларида 45 000 – 68 000 сўм оралиғида экани қайд қилинган.

Қўй гўшти

2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан 12,8 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 9,7 фоизга, жорий йилнинг сентябрь ойида эса 1,4 фоизга қимматлашган. Статқўм маълумотлари бўйича, бозорларда қўй гўшти 52 000 – 80 000 сўм оралиғида сотилмоқда.

Кунгабоқар ва пахта ёғи

2020 йилнинг октябрь ойига нисбатан кунгабоқар ёғи 39,3 фоизга, пахта ёғи нархи эса 37,5 фоизга ошган. Декабрь ойига нисбатан эса кунгабоқар ёғи 31,3 фоизга, пахта ёғи 29,1 фоизга қимматлашган.

Шакар

Шакар нархи ўтган йилнинг октябрь ойига нисбатан олинганда 23,9 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 18,6 фоизга, жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан эса 2,2 фоизга қимматлашди.

Жорий йилнинг 27 октябрь ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 кг шакар 7 500 – 9 500 сўм оралиғида сотилмоқда.

Гуруч ва буғдой уни

Йиллик нисбатда гуруч нархи 1 фоизга арзонлашган, буғдой уни эса 5,6 фоизга ошган. Декабрь ойидан бери эса гуруч нархи 1,5 фоизга пасайган, буғдой уни 3,8 фоизга қимматлашган.

Тухум ва сут

Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери тухум 1,2 фоизга арзонлашган, сут нархи эса 13,7 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткични 2020 йилнинг декабрь ойи билан солиштирсак, тухум нархи 3,5 фоизга пасайган, сут нархи эса 8,1 фоизга ошганини кўришимиз мумкин. Аммо жорий йилнинг сентябрь ойининг ўзида тухум нархи бирданига 11,2 фоизга ошган.

Маълумот учун, жорий йилнинг октябрь ойидаги кўрсаткичга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 14 фоизни ташкил қилмоқда.

Умумий истеъмол секторидаги инфляция даражаси эса расман 10,6 фоиз. 2021 йил якунида йиллик инфляция даражаси бир хонали рақамга тушиши прогноз қилинган.

Аввалроқ, Марказий банк бошқарувининг 21 октябрдаги йиғилишида озиқ-овқат ва ёнилғи нархларининг ошиши инфляция пасайишига тўсқинлик қилгани маълум қилинганди.

Top