Ўзбекистон | 23:12 / 11.12.2021
77737
2 дақиқада ўқилади

Асака ҳокими фуқаро билан менсимай гаплашди. Жазони эса ходимлар олди

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихоновнинг аёл фуқаро билан менсимаслик оҳангида, қўлини чўнтагига солган ҳолда гаплашгани акс этган видео тарқалди.

Бу видео, туман ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, “Қадрият” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида аҳоли билан учрашув жараёнида олинган.

Қизиғи, мазкур тасвир ортидан жазони ҳоким эмас, балки уни ҳокимликнинг интернетдаги саҳифасига жойлаштирган ходимлар олган.

“Ушбу жараён онлайн тарзда туман ҳокимлигининг расмий Telegram-каналида бериб борилган ва муҳокамаларга сабаб бўлган видео эътиборсизлик туфайли жойланган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан масъул ҳодимларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилди ва белгиланган тартибда чора кўрилди”, – дейилади расмий ахборотда.

Кўриниб турибдики халқ билан менсимай гаплашган ҳоким қилар ишни қилган, жазони эса оддий ходимлар олган. Ҳолатга вилоят ҳокимлиги муносабат билдириши мақсадга мувофиқ.

Бу – туман ҳокимининг муаммолардан биринчи марта “айланиб ўтиши” эмас. Аввалроқ Kun.uz'нинг “Асакача иш услуби: ўрганилмаётган ва эътиборсиз қолдирилаётган муаммолар” сарлавҳали мақоласига жавобан, ҳокимлик мақоладаги фактлар гўёки “эски хабарларнинг таҳрирлангани” дея иддао қилингани ҳақида хабар бергандик.

Маълумот учун, Мансурбек Алихонов “Ёшлар форуми–2021” фестивали доирасида ўзбек жанг санъати бўйича чиқиш қилгани билан ҳам эътиборга тушганди.

Фото: Асака тумани ҳокимлиги

Жалақудуқ тумани ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган Алихонов 2020 йилнинг 9 сентябрида ҳокимга айланган.

Мавзуга оид