Ўзбекистон | 12:16 / 16.12.2021
8340
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда TikTok'ка VPN'сиз кириш қисман тикланди

Комил Алламжонов TikTok раҳбарияти билан музокара ўтказиши ортидан, Ўзбекистонда бу платформа фаолияти қисман тикланди. Айни пайтда, Kun.uz билан суҳбатлашган АКТ вазирлиги, “Ўзкомназорат” ва Давлат персоналлаштириш маркази расмийлари блок ечилганини рад этди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда TikTok блокдан очилганига доир хабарлар тарқалди. Kun.uz ходимлари ҳам буни ўз телефонларида текшириб, илова VPN'сиз ишлай бошлаганини тасдиқлади.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқнинг веб-версиясига компютер орқали тўғридан тўғри кириш имконияти ҳали ҳам ёпиқ.

TikTok ҳамон Давлат персоналлаштириш маркази юритадиган “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”да турибди.

Kun.uz билан гаплашган ДПМ масъулига кўра, марказда интернет платформаларни блокдан чиқариш ва блокка олиш ваколати йўқ.

“Бизда фақат «бузғунчилар» рўйхати туради, холос. Бу “Ўзкомназорат” ваколатидаги масала”, – дея изоҳ берди марказ расмийси.

Ахборот-коммуникация технологиялари вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадов агар TikTok реестрда турган бўлса, демак, у блокдан ечилмаган бўлишини маълум қилди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) ҳам деярли шундай жавоб берди.

“Агар TikTok “Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри”да турган бўлса, демак, у блокдан ечилмаган. Бизда TikTok бўйича чеклов ечилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, – деди Kun.uz билан гаплашган “Ўзкомназорат” матбуот котиби Акбар Сиддиқов.

Эслатиб ўтамиз, TikTok – Ўзбекистондаги фаолияти чекланган 5та интернет платформасидан бири. “Ўзкомназорат” 2 июлдан бошлаб TikTok, Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига чеклов қўйганди.

Чекловга мазкур тармоқлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақламаётгани сабаб бўлмоқда. Шу йил 16 апрелдан кучга кирган қонунда шундай талаб белгиланган.

3 ноябр куни юқоридаги важ билан Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва Одноклассники тармоқлари ҳам блокланди ва бу жамиятда кескин резонанс уйғотди. Шу куннинг ўзида бу ҳаракат президент билан келишилмаган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси топшириғи асосида қилингани айтилди ва тармоқларга уланиш тикланиб, қатор масъуллар ишдан олинди.

Эслатиб ўтамиз, кеча 15 декабр куни Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов TikTok компанияси вице-президенти Тео Бертрам билан онлайн учрашув ўтказиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид