Ўзбекистон | 14:05 / 31.12.2021
26093
2 дақиқада ўқилади

Собиқ ташқи ишлар вазири яна ТИВга қайтди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби сифатида фаолиятини якунлаган Владимир Норов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди.

2021 йил 31 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди.

Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Алишер Пайғамов иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган Владимир Норов таништирилди.

1955 йилда Бухорода туғилган Владимир Норов 2006 йил 12 июлдан 2010 йил 12 январгача – Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган.

У турли йилларда турли мамлакатларда элчи сифатида фаолият кўрсатган (1998—2003 йилларда — Ўзбекистоннинг Германиядаги, ўриндошлик асосида – Польша ва Швейцариядаги элчиси. 2005—2006 йилларда — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2013 йил 27 августдан — Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчиси. 2014 йилнинг 2 декабридан Ўзбекистоннинг Люксембургдаги элчиси).

Владимир Норов 2017 йил майида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига директор этиб тайинланган. 2019-2021 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби лавозимида ишлаган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик даражасига эга.

Бундан аввалроқ 2020 йилдан буён Ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган Фарҳод Арзиев Хитойга элчи қилиб юборилгани хабар қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид