22:14 / 06.01.2022
80999

КХШТ ва унинг тинчликпарвар кучлари Қозоғистонда қандай ваколатларга эга?

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

5 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликларга сабабчи бўлган намойишчиларни «террорчилар»га тенглаштирди ва уларнинг ҳужумини тажовузкорлик ҳаракати сифатида кўриш кераклигини айтиб, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан ёрдам сўради.

Маслаҳатлашувлардан сўнг КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши «мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва нормаллаштириш мақсади»да тинчликпарвар кучларни Қозоғистонга чекланган муддатга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

КХШТ ҳақида

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ, рус тилида «Организация Договора о коллективной безопасности» - ОДКБ) дастлаб халқаро ташкилот шаклида эмас, балки бир қанча давлат ўзаро имзолаган шартнома асосида фаолият юритган.

1992 йил 15 майда Тошкентда Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланган. 1993 йилда ташкилотга Озарбойжон, Грузия ва Беларусь ҳам қўшилган.

1999 йилга келиб шартнома яна узайтирилган, лекин унинг кейинги муддатларига Ўзбекистон, Грузия ва Озарбойжон қўшилмаган.

2002 йил май ойида Москвада бўлиб ўтган сессияда Коллектив хавфсизлик шартномасини тўлақонли халқаро ташкилотга айлантириш борасида қарор қабул қилинган. 2003 йил сентябрь ойидан бошлаб КХШТ тўлақонли халқаро ташкилот сифатида ўз фаолиятини бошлаган. КХШТ 2004 йил 2 декабрдан БМТда кузатувчи мақомига эга. 2021 йил маълумотларга кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг умумий аҳолиси 193 миллион кишидан ошади.

КХШТ ҳарбий кучлари

КХШТнинг асосий ҳарбий потенциали 2009 йилда тузилган Тезкор ҳаракатланиш коллектив кучлари (Коллективные силы оперативного реагирования) ҳисобланади. Бунда ташқари, минтақавий қўшинлар, коллектив ҳаво тинчликпарвар кучлар ҳамда Бирлашган ҳарбий тизими ҳам бор.

КХШТ кучлари Коллектив хавфсизлик кенгаши қарори асосида 2009 йил 4 февралдаги ташкил қилинган. Таркибига 20 минг нафар атрофида ҳарбийлар киради.

Асосий вазифаси аъзо давлатларга нисбатан ҳарбий агрессияни қайтариш, халқаро терроризм ва экстремизм, давлатлараро уюшган жиноятчилик ва наркотик савдосига қарши кураш бўйича махсус операцияларни ўтказиш ҳамда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилиш ҳисобланади.

КХШТ тинчликпарвар кучлари

Расмий маълумотларга кўра, КХШТнинг тинчликпарвар кучлари сони 3,6 минг кишини ташкил қилади. Махсус тайёрланган ҳарбийлар, милиция (полиция) ва фуқаролар, шунингдек давлатлар томонидан тақдим қилинган куч ва воситалар – КХШТга аъзо давлатларнинг тинчликпарвар кучлари ҳисобланади.

Аниқ бирор операцияда (масалан Қозоғистондаги воқеада) қатнашиш учун Тинчликпарвар кучлар коллективи тузилади. Тинчликпарвар кучларнинг таркиби, сони ва тузилиши КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши қарори билан, ҳар бир операция учун можаро ҳудудидаги ҳолатдан келиб чиқиб белгиланади.

Тинчликпарвар кучларга қуйидаги вазифалар топширилиши мумкин:

  • сулҳ ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шартлари бажарилишини назорат қилиш;
  • инқирозли ҳудудларда хавфсиз ҳудудни яратиш;
  • низолашаётган томонларни ажратиш ва гуманитар йўлаклар яратиш;
  • қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш, давлат ва жамоат институтлари ва ташкилотларининг нормал фаолият юритиши учун музокаралар ўтказиш;
  • сулҳ ва сулҳ битимларининг бузилишини аниқлаш ва текшириш;
  • оммавий тартибсизликларга қарши туриш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш;
  • ер ва объектларни тозалашда иштирок этиш;
  • ҳаётий муҳим объектларни муҳофаза қилиш;
  • ҳарбий техника, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ташишни назорат қилиш, ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишга чек қўйиш;
  • транспортнинг барча турларининг хавфсиз транзитини ва коммуникацияларнинг ишлашини таъминлаш;
  • низолашаётган томонлар аҳолиси ўртасида нормал алоқаларни ўрнатишга кўмаклашиш;
  • қочқинларнинг қайтиши учун хавфсиз муҳитни таъминлаш;
  • можаро зонасида тинч аҳолига, шу жумладан экологик офатлар ёки табиий офатлар содир бўлганда, ўз имкониятлари доирасида тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказиб берилишини таъминлаш.

Бундан ташқари, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши қарори ёки тегишли мандат билан тинчликпарвар кучларга можарони ҳал қилиш бўйича бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.

Қозоғистон ва КХШТ

Айни вақтда КХШТ коллектив хавфсизлик кенгашини бошқарувчиси ҳисобланган Арманистон бош вазири Николай Пашинян Қозоғистонга тинчликпарвар кучларнинг киритилиши - 1992 йил 15 майда имзоланган Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартноманинг 4-моддасига асосан амалга оширилганини айтиб ўтди. Шартноманинг 4-моддасида, жумладан шундай дейилади

«Агар иштирокчи давлатлардан бири тажовузга дучор бўлса, бу битим иштирокчиси бўлган барча давлатларга тажовуз деб баҳоланади.

Иштирокчи давлатлардан бирортасига тажовуз (хавфсизлик, барқарорлик, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга таҳдид солувчи қуролли ҳужум) содир бўлган тақдирда, барча бошқа иштирокчи давлатлар ушбу иштирокчи давлатнинг илтимосига биноан унга дарҳол зарур ёрдамни, шу жумладан ҳарбий ёрдамни кўрсатади. Шунингдек, БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ, жамоавий мудофаа ҳуқуқини амалга ошириш учун ўз ихтиёрида бўлган воситалар билан ҳам қўллаб-қувватлайди. 

Иштирокчи давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига ушбу моддага мувофиқ кўрилган чоралар тўғрисида дарҳол хабар беради. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда иштирокчи давлатлар БМТ Низомининг тегишли қоидаларига амал қиладилар», - дейилади халқаро шартномада.

КХШТ котибияти Қозоғистонга юбориладиган тинчликпарвар кучлари таркибига Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон қуролли кучлари бўлинмалари киритилганини билдирди. Лекин юбориладиган ҳарбий техникалар сони, халқаро кучларнинг мамлакатда бўлиш муддати ҳозирча очиқланмади.

Қозоғистонга келган россиялик десантчилар. Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Шунингдек, КХШТ коллектив кучларининг асосий вазифаси давлат ва ҳарбий объектларни қўриқлаш, Қозоғистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот кучларига вазиятни барқарорлаштиришда кўмаклашишдан иборат бўлиши айтилди. Лекин, юқорида қайд этганимиздек, КХШТ таркибидаги тинчликпарвар кучларга ҳар бир ҳолат юзасидан бошқа кўплаб вазифалар ҳам юкланиши мумкин. Бу энди Қозоғистондаги вазият қайси томонга қараб ўзгаришига боғлиқ. 

Бугун, Қозоғистонга етиб келган КХШТ тинчликпарвар кучлари Россия ҳаво-десант қўшинлари ҳарбийларидан ташкил топган. Шунингдек, Тожикистон ҳам Қозоғистонга КХШТ кучлари таркибида 200 нафар ҳарбий хизматчисини жўнатишини маълум қилди. Хорижий ОАВ дастлабки 100 киши 6 январдаёқ Қозоғистонга юборилиши мумкинлигини ёзмоқда.

Қирғизистон ҳам Қозоғистонга 150 нафар тинчликпарвар кучларини юбориши айтилмоқда. Қирғизистон расмийларига кўра, қирғиз ҳарбийлар намойишчилар билан тўқнашувларда қатнашмайди, фақат стратегик ва муҳим объектларни қўриқлашда ёрдам беради.

Бундан ташқари, МДҲ Аксилтеррор тузилмаси ва Туркий давлатлар ташкилоти Қозоғистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон ва КХШТ

Ўзбекистон ташкилотнинг асосчиларидан бири бўлса-да, кейинчалик ўзининг ташқи сиёсий фаолият принципларидан келиб чиқиб ҳарбийлашган бу ташкилотдан икки марта чиқиб кетган. Дастлаб 1992-1999 йилларда Ўзбекистон коллектив хавфсизлик шартномаси иштирокчилари қаторида бўлган.

Кейинроқ, 2006 йилда Сочида (Россия) имзоланган шартнома асосида Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолиги тўлиқ тикланди. Лекин, 2012 йил декабрь ойидан расмий Тошкент КХШТга аъзоликни тўхтатди ва шу кунга қадар бу ташкилотга бошқа қўшилмади. Ўзбекистон 2006-2012 йилларда КХШТга қайта бош суқиб чиқиши сабаблари бўйича расман изоҳ берилмаган. Баъзи сиёсатчилар Ўзбекистон КХШТга киришини 2005 йилдаги Андижон воқеалари туфайли мамлакатга Ғарбдан босимнинг ортиши билан, ушбу ташкилотдан чиқишини эса 2010 йилда Қирғизистон жанубида юз берган миллатлараро низо оқибатлари билан боғлайди.

Сўнгги вақтларда Афғонистондаги вазият ортидан Ўзбекистон КХШТга қайта қўшилиши борасида фикрлар янгради. Лекин Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон КХШТдаги иштирокини тиклашга зарурат кўрмаётганини айтди.

2021 йил август ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этди.

Бундан ташқари, КХШТ бош котиби Станислав Зась Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, аммо унинг бу тузилмага қайтиши мамлакат халқи ва раҳбариятига боғлиқлигини таъкидлади.

Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top