Жаҳон | 14:09 / 22.02.2022
48978
16 дақиқада ўқилади

Назарбоев миллиардлаб долларларни қандай ўзлаштирган?

Қиймати 7,8 млрд долларга тенг бўлган бизнес империяси ва активлар, 100 миллион долларлик «учар пентҳаус», 189 миллион долларлик меҳмонхона. Улкан бойликларни ўзлаштиришда Назарбоев қандай механизмлардан фойдаланган?

100 миллион долларлик шахсий самолёт, банклар ва телеканаллар, миллиард долларлик нақд пуллар, Қозоғистондаги энг ҳашаматли меҳмонхоналар, кўплаб савдо марказлари ва гольф майдончаси. Шунингдек, омборлар, макарон заводи ва ҳатто ободонлаштириш компанияси. Энг камида умумий қиймати 8 миллиард долларга тенг бўлган ушбу бизнес ва активлар ўртасида ҳеч қандай аниқ боғлиқлик йўқдек туюлиши мумкин, аммо уларнинг барчаси Қозоғистоннинг узоқ йиллик раҳбари Нурсултон Назарбоевга бевосита алоқадор. Бу ҳақда OCCRP тадқиқотчи журналистлар уюшмаси ўтказган суриштирув маълумотларида келтириб ўтилган.

Қайд этилишича, бу улкан бойликларни ўзлаштиришда Назарбоев тўртта хусусий хайрия жамғармасидан таркиб топган ғайриоддий механизмдан фойдаланган. Жамғармалар «миллат отаси»нинг узоқ йиллик ҳукмронлиги даврида, гўёки Қозоғистон халқига ёрдам бериш учун очилган. Аммо бу ташкилотлар болаларга совғалар тарқатиш ёки қозоқ тилини оммалаштириш чоғида ҳам ўнлаб тадбиркорлик субъектларидаги улушларни яширинча тарзда қўлга киритган.

Жамғармалар нотижорат ташкилот сифатида ташкил этилгани боис, Назарбоевнинг ўзи улардаги катта маблағларга расман эгалик қилмайди. Бироқ OCCRP билан боғланган бир қанча юридик экспертларга кўра, Қозоғистон қонунчилиги хусусий жамғарма асосчиси ташкилотдаги барча активлари устидан якуний назоратга эгалигини инкор этмайди. Жамғармалар томонидан харид қилинган активлар учун қанча миқдорда пул тўлангани ҳам номаълум, сабаби оддий корхоналардан фарқли ўлароқ, жамғармалар ўзларининг йиллик ҳисоботларини эълон қилмайди.

Миллиардлаб долларлик активларга эга жамғармалар

Назарбоев президентлик даврининг сўнгги ўн йиллигида миллиардлаб долларлик активларга эга бўлган фондлар яратишни бошлаган.

Улардан бири, «Foundation of the First President of the Republic of Kazakhstan – Elbasy» жамғармаси бўлиб, бир неча йил аввал жамоат фонди сифатида ташкил этилади, бироқ 2011 йилда у «хусусий» деб қайта таснифланди ва Назарбоев унинг асосчиси сифатида қайд этилди (Фонд 2021 йилда тугатилган).

2009 ва 2010 йилларда яна иккита хусусий жамғарма – «Nazarbayev Foundation» ва «Nursultan Nazarbayev Foundation»га асос солинган. 2013 ва 2021 йилларда яна иккита «Demeu» («Ёрдам») ва «Elbasy» («Миллат етакчиси») жамғармалари тузилади.

Жамғармаларнинг ўхшаш номлари ва фаолияти ҳақида ҳисобот бериш усули уларни бир-биридан фарқлашни янада қийинлаштиради.

Хайриями ёки Бизнес империяси?

2010 йилда Қозоғистон олий таълим тизимини модернизация қилиш мақсадида Назарбоев университети ва «Назарбоев интеллектуал мактаблари» деб номланган бошланғич ва ўрта мактаблар тармоғи ташкил этилади.

Иккала муассаса ҳам давлат томонидан сахийлик билан молиялаштирилиб, 2010–2021 йиллар оралиғида тахминан 5 миллиард доллар пул йўналтирилган. Бу Қозоғистон таълим тизимига ажратилаётган маблағларнинг номутаносиб тақсимланиши эди. Сабаби, бу университет ва мактабларда мамлакатдаги талабаларнинг жуда кам сонли қисми таҳсил олади.

Назарбоевга тегишли аксарият жамғармаларнинг веб-сайти йўқ, ҳеч қандай ҳисобот ҳам эълон қилмайди, ташқи донорлардан ёки Назарбоевнинг ўзидан қанча пул олингани ҳақида маьлумотлар мавжуд эмас.

Журналистлар сўровига жавобан, жамғармалар бошқарув раиси Аслан Саринжипов, 2019 йил ҳолатига кўра, номаълум донорлардан 1 миллиард доллар жалб қилингани, шунингдек, 200 миллион доллар сармоявий даромад олгани ҳақида расмий ҳужжат тақдим этган.

Энг кўп шубҳаларга сабаб бўлувчи жамғарма – «Nazarbayev Foundation» ҳисобланади. Ушбу ташкилот 2009 йилда ташкил этилган бўлса-да, корпоратив маълумотларга кўра, 2019 йилгача, яъни Назарбоев нафақага чиққунга қадар ҳеч қандай инвестиция фаолиятига эга бўлмаган.

Дастлаб, мактаблар ва университетларга ёрдам бериш мақсадида иккита корпоратив жамғарма «Pioneer Capital Invest» инвестиция фонди ташкил этилиб, ундан Қозоғистоннинг ExpoCredit номли банкини 30 миллион долларга харид қилиш учун фойдаланилади. Бироз вақтдан сўнг, «Nazarbayev Foundation» «Pioneer Capital Invest»нинг 75 фоиз улушини (тўланган сумма номаълум) сотиб олади. Дастлабки таъсисчиларда эса инвестиция ҳолдингининг тўртдан бир қисмигина қолади.

«Nazarbayev Foundation» ихтиёрига ўтганидан сўнг, «Pioneer Capital Invest» Қозоғистоннинг энг йирик кредитори Tsesnabank акцияларини харид қилишга фаол сармоя кирита бошлайди. Бу банк собиқ президент администрацияси раҳбари Адилбек Жақсибеков оиласига тегишли бўлган. Ташкилот ёмон бошқарилгани сабаб, ҳукумат уни қутқаришга мажбур бўлгани асос сифатида келтириб ўтилади.

Шундан сўнг, «Pioneer Capital Invest» яна бир неча банкларни, уяли алоқа операторларини, онлайн савдо майдончаси, омборларни, савдо марказлари ва ҳатто макарон фабрикасини ҳам сотиб олади.

Бугунги кунга келиб, «Pioneer Capital Invest»нинг активлари 7,8 миллиард долларга баҳоланган. Улар орасида АҚШ ғазначилик векселлари, Қирғизистон ва Қозоғистон давлат облигациялари ҳамда 3,4 миллиард доллар нақд пул бор. 2020 йилда фонднинг умумий фойдаси 500 миллион доллардан ошган.

Журналистларнинг саволларига жавобан Саринжипов «Nazarbayev Foundation» энг яхши халқаро моделлар (Ҳарвард, Стенфорд ва Дюк университетларининг таълим фондлари) асосида яратилган классик жамғарма фонди эканини маълум қилган. Унинг қайд этишича, Назарбоев бу активларнинг «эгаси» эмас ва «ҳеч қандай шароитда ташкилот ҳисобрақамларидан пул ечиб ололмайди».

Журналистларга тақдим этилган жамғарма низомида ягона мақсад таълим миссияларини молиялаштириш эканлиги кўрсатилган. Аммо жамғарманинг ижро этувчи органи — Олий Васийлик кенгаши бўлиб, унинг раиси Нурсултон Назарбоевлиги ва у фондни, жумладан, унинг низомини ҳам назорат қилиши шарт қилиб қўйилгани қайд этилган.

Саринжипов журналистларнинг Назарбоевга ўз манфаати йўлида фонддан активларини олиб чиқишга нима тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволларига жавоб бермаган. Ҳозиргача бу содир бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ бўлса-да, фонд тузилмалари томонидан амалга оширилган бир нечта манёврлар турли саволларни юзага келтиради.

2020 йилда Назарбоев тузилмаларида Буюк Британияда рўйхатдан ўтган «Jusan Technologies» номли янги ҳолдинг компанияси пайдо бўлди. «Pioneer Capital Invest» ўз банклари, омборлари, савдо марказлари ва бошқа барча активларини ушбу ташкилот ҳисобига ўтказади.

Кейинги йили «QAZ42 Investment» номли сирли компания «Jusan Technologies» ва унинг миллиардлаб активларининг 3 фоиз улушини сотиб олади. Қиймати 200 миллион доллардан кўпроққа баҳоланган ушбу улуш учун 20 миллион доллар тўланган!

Компания ва унинг жуда даромадли битими ортида ким турганини аниқлашнинг имкони йўқ, чунки у рўйхатдан ўтган давлат ҳам маълум эмас. Журналистлар бу ҳақда фақат Буюк Британиянинг корпоратив ҳужжатларидаги қайдлар туфайли билиб олишга муваффақ бўлишади.

«Nazarbayev Foundation» Люксембургдаги шаффоф бўлмаган, яширин корпоратив тузилмалардан ҳам фойдаланади, бу эса унга Қозоғистоннинг йирик уяли алоқа операторининг 24 фоиз улушини яширин равишда қўлга киритиш имконини берган.

Меҳмонхоналар, телеканаллар ва ободонлаштириш компанияси

Назарбоевнинг қолган учта жамғармаси ҳам президентликдан истеъфога чиққанидан сўнг фаол «инвестиция» ишлари билан шуғулланган.

2020 йил августида Business Insider томонидан «учар пентҳаус» сифатида тавсифланган самолёт Индианаполисдаги жиҳозлаш иншоотидан жўнаб кетади. У Цюрих ва Малтада тўхтаб, кейин ўзининг янги уйи – Нур-Султонга қўнади.

Қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган, энг сўнгги русумдаги Airbus ACJ320neo самолётининг сотиб олиниши ҳақидаги воқеа Назарбоевнинг шахсий ҳаёти мамлакатдаги давлат арбоби сифатидаги мавқейи билан боғлиқлигининг яхши намунасидир. Самолётга Назарбоев жамғармаси расман эгалик қилиши номаълум бўлса-да, ундан элбоши фойдаланаётганига оид кўплаб далиллар мавжуд. Самолёт ҳаракати кўпгина парвозларни кузатиш хизматларида кўрсатилмайди, бироқ Open Sky Network нотижорат ташкилоти маълумотлари бўйича 2021 йил 30 июнь куни элбоши Москвага ушбу самолётда учиб борган ва Владимир Путин билан «ишчи учрашув» ўтказган. Шунингдек, Қозоғистон бўйлаб ҳам бир неча парвозлар амалга оширилган. Журналистлар улардан иккитаси Назарбоевнинг туризм маркази ва археологик обидага қилган ташрифи билан мос тушганини аниқлашган.

Назарбоев жамғармаларининг бошқа харидлари ҳам ҳашамат бобида самолёт сотиб олинишидан қолишмайди. Уларни қўлга киритиш учун сарфланган маблағлар катта қисмининг ҳам манбаси номаълум. Аммо кўп ҳолларда Назарбоев фондлари томонидан сотиб олинган компаниялар дастлаб Қозоғистон ҳукуматидан катта миқдорда маблағ олган, яъни давлат маблағлари хусусий жамғармаларга ўтиб кетган.

Улар орасида 2017 йил сентябрда очилган, Marriott International компаниясига тегишли ҳашаматли бренд остида фаолият юритувчи, ўзини «пойтахтдаги энг нуфузли манзил» сифатида эътироф этадиган Нур-Султон марказидаги The St. Regis Astana меҳмонхонаси ҳам бор.

The St. Regis Қозоғистоннинг «Turion Investment Group» компаниясига тегишли ҳисобланади. Бозор қиймати 189 миллион долларлик меҳмонхонани қуриш учун Қозоғистон тараққиёт банкидан 85 миллион доллар кредит олинган. Аслида бу банк иқтисодиётнинг норесурс тармоқларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган бўлса-да, ҳукмрон элитанинг буйруғи билан бошқа тармоқларга ҳам қайта-қайта кредитлар ажратган. 2022 йил 11 январдаги баёнотида президент Тўқаев ҳам бу муаммони тан олиб, молия институти «молия-саноат ва қурилиш гуруҳлари вакилларидан иборат танланган шахслар доираси учун шахсий банкка айлангани»ни таъкидлаган. 

«Turion Investment Group»нинг асосий акциядори Қозоғистондаги энг бадавлат тадбиркорлардан бири, элбошининг куёви Тимур Кулибоев эди. Меҳмонхона очилганидан бир йил ўтмай, Кулибоевнинг улуши (ҳажми номаълум) Назарбоевнинг «Demeu» фондига ўтказилади. Аммо яна номаълум сабабларга кўра 2021 йил декабрь ойида компания акциялари Кулибоев ва унинг рафиқаси, Назарбоевнинг қизи Динарага қайтарилади.

Назарбоев фондига қарашли бўлган Туркиядаги беш юлдузли меҳмонхона қурилишида ҳам давлат томонидан катта миқдорда маблағ ажратилган. 2004 йилда Туркия ҳукумати томонидан Қозоғистонда туризмни ривожлантириш учун ажратилган ҳудудда Rixos Beldibi меҳмонхонаси очилади. Унинг қурилишида Назарбоевнинг университет фондига хайрия қилган хусусий тадбиркор иштирок этади. 2010 йилда меҳмонхонадаги 55 фоизлик асосий улуш Қозоғистон ҳукуматига тегишли бўлган бўлса, 2013 йилга келиб, акцияларнинг атиги 30 фоизи давлатда қолди ва 69 фоиз назорат пакети биринчи президент жамғармасига ўтказилди.

Собиқ президент фондининг бошқа йирик активлари қаторига яна бир меҳмонхона, гольф клуби, балет театри ва бир қанча оммавий ахборот воситалари ҳам киради. Улардан бири – «Карвон» номли интернет нашри бўлиб, фондларнинг хайрия ишларини тез-тез ёритиб боради.

Бундан ташқари, журналистлар Назарбоевнинг иккита жамғармасига тегишли бўлган ободонлаштириш компанияси 2012-2018-йиллардаги тендерларда 6,5 ​​миллион доллар ютиб олганини аниқлашган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас…

 

Ichneumon / Wikimedia Commons

Маълумот учун, Назарбоеванинг уч нафар қизи бор – Дариға, Динара ва Алия.

Тўнғич қизи Дариға Назарбоева кўпчилик томонидан «қозоқ маликаси» сифатида ҳам эътироф этиб келинган. 2019 йилда элбоши ҳокимиятдан кетишга қарор қилганидан сўнг, унинг ўрнига айнан Дариға президентликка келиши ҳақида миш-мишлар урчиб кетганди. Амалда ҳокимият Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтган бўлса-да, «қозоқ маликаси» мамлакат парламенти олий палатаси – Сенатнинг раиси этиб сайланади. Бироқ 2020 йилнинг 2 май куни Тўқаев Дариға Назарбоеванинг ваколатларини тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолайди ва у мамлакатнинг иккинчи рақамли инсони мақомидан маҳрум қилинади.

The Times нашри маълумотига кўра, Шерлок Ҳолмснинг Лондонда жойлашган  уйи, шунингдек, Бейкер-стритдаги 215- ва 237-уйлар орасидаги бино ва ерлар айнан Дариға Назарбоевага тегишли. Кўчмас мулкларнинг умумий қиймати 140 миллион фунт стерлингга баҳоланган.

2015 йилда Бейкер-стритдаги мулкларининг 90 фоизи Дариға Назарбоевага, 10 фоизи эса унинг ўғли Нурали Алиевга тегишли бўлган. Аммо уларнинг расмий эгаси сифатида Farmont Baker Street Limited фирмаси кўрсатилган. Фирмани кейинчалик БАА компанияси сотиб олган.

Назарбоевнинг ўртанча қизи – Динара Назарбоева эса Қозоғистоннинг энг бой аёли экани айтилади.

Deutsche Welle нашри маълумотларига кўра, Динара ва унинг эри Тимур Кулибоев умумий қиймати 100 млн евродан ортиқроққа баҳоланган Германиядаги тўртта ҳашаматли объектга эгалик қилишади.

Baden-Baden курортида жойлашган Zeyelax қўрғони уларга тегишли ҳисобланади. Бу ер 19-асрда рус дипломати Михаил Хрептовичнинг қароргоҳи бўлган. Шунингдек, иккита тарихий ёдгорлик: архитектор Густав Штронинг вилласи ва Byulerxeye қалъа-меҳмонхонаси ҳам Кулибаевлар оиласига тегишли.

Қайд этилишича, сарой ҳудудида ландшафт парки, фонтанлар, минг квадрат метрли спа-зона мавжуд. 

Навбат элбошининг кенжа қизи – Алия Назарбоевага.

The Telegraph нашри маълумотларига кўра, Алия Қозоғистондан 300 млн доллардан ортиқ пулни олиб чиқиб кетган. Юридик ҳужжатларга таяниб ёзилишича, элбошининг қизи қуйидагиларни сотиб олган:

  • Швейцариянинг CBH банки 51 фоиз акциялари (108 млн доллар);
  • Challenger Bombardier русумли шахсий самолёт (25 млн доллар);
  • Дубайда вилла (14 млн доллар);
  • Лондонда дала ҳовли (11,8 млн доллар).

Назарбоев «клани»нинг қулаши

Дастлаб, 2016 йил 8 сентябрдан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Карим Масимов давлатга хиёнат айблови билан қўлга олинди. Шундан сўнг, унинг ўринбосарлари –  Марат Осипов, Даулет Ергожин ва Ануар Садикулов ҳам лавозимидан озод этилди.

Кейинроқ, юқори лавозимларда ишлаб келаётган Қозоғистон биринчи президентининг уч куёви ҳам ишдан олинди. «ҚазақГаз» Миллий компанияси» АЖ бошқаруви раиси, Дариға Назарбоеванинг иккинчи эри Қайрат Шарипбоев, «КазТрансОйл» АЖ бошқаруви раиси, собиқ президентнинг кенжа қизи Алиянинг эри Димаш Дўсанов ва «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси раҳбари, элбошининг ўртанча куёви – Тимур Кулибоев ўз постларини топширишди.

Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Аҳмаджон Примқулов ва таъсисчиси Алия Назарбоева бўлган «Operator ROP» бошқаруви раиси Медет Қумаргалиев ҳам ҳибсга олинди.

Элбошининг Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши ва Халқ ассамблеясига умрбод раислик қилиши ҳақидаги нормалар бекор қилинди. «Нур Отан» партияси етакчилигидан кетди. Назарбоев билан ташқи ва ички сиёсат асосий йўналишлари бўйича янги ташаббусларни мувофиқлаштириш зарурати бекор қилинди.

Шу билан бир қаторда, биринчи президент республика парламенти ва унинг палаталари олдида, ҳукумат мажлисларида мамлакат учун муҳим масалаларни муҳокама қилишда сўзга чиқиш, шунингдек, республика Конституциявий кенгаши аъзоси бўлиш ҳуқуқини сақлаб қолган. 

Мавзуга оид