Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Украинадаги фуқароларини Польша орқали эвакуация қилади
Эвакуация вақтида қариялар, болали аёллар, талабалар ва болалар устунликка эга бўлади.
Украинадаги ўзбекистонликлар Польша орқали олиб чиқилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси хабар берди.
Элчихонанинг расмий сайтида эълон қилинган хабарда ватанга қайтиш учун Львовга келган ўзбекистонликлардан шу ердаги ўзбеклар диаспораси вакили Маъруф Саъдиев билан боғланиб, рўйхатга киритиш учун ўзи ҳақида маълумотлар ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралган.
Қайд этилишича, Украинада қолиб кетган ватандошлар Ўзбекистоннинг Украина ҳамда Польша давлатларидаги элчихоналари вакиллари ҳамроҳлигида автобус орқали чегарадан олиб ўтилади. Элчихона Польшага мустақил боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларини чегарада муаммоларга дуч келиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Эвакуация режалаштирилган фуқаролар орасида қуйидаги тоифаларга устуворлик берилади ва улар биринчи навбатда олиб ўтилади:
- қариялар;
- болали аёллар;
- талабалар ва болалар.
«Хавфсиз эвакуациянгизни таъминлаш учун имкон қадар ҳаракат қиламиз», дейилади хабарда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Польшанинг тегишли идоралари Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Польша давлат чегарасини визасиз кесиб ўтишларига розилик берган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати шакллантирила бошлангани, эвакуация режаси ишлаб чиқилаётганини билдирганди.
Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати 24 февраль куни Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳозирча Украинадаги ўзбекистонликлар мамлакатдан қачон ва қай тартибда олиб чиқилиши бўйича эвакуация режаси тайёр эмаслиги, шунингдек, Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш кўриб чиқилмаётганини айтганди.
Шу куни Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб тургани, — Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмагани, шунингдек, Россиянинг Украина чегаралари яқинидаги ўзбекистонликларга хавф йўқлигини маълум қилганди.
Мавзуга оид
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026
Германия Украина учун яна 300 миллион евро ажратади
10:25 / 09.06.2026
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45 / 09.06.2026