Ўзбекистон | 13:18 / 01.03.2022
24287
5 дақиқада ўқилади

Навоийдаги олтин васвасаси: ўлимдан ҳам қайтмаётган «лихорадчик»лар

Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазиб олиш жараёнида инсонларнинг ҳалок бўлиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Аммо «олтин браконерлари» ортга чекинмаяпти: улар вилоятдаги ташландиқ конлардан таркибида тилла зарралари бўлган қум ва тошларни қазиб олишда бардавом.

Навоийда инсонларнинг қўлбола усулда олтин қазиб олиши бугуннинг гапи эмас. Хатирчи туманидаги Олтинсой қишлоғи аҳолиси бу фаолият билан 15 йиллар олдин шуғуллана бошлаган. Кейинчалик бундай усулни бошқа туманларда яшовчи аҳоли ҳам ўрганиб олган.

Бундайларни ўзаро «лихорадчиклар» деб аташади. Бу ноқонуний олтин изловчилар фаолиятига берилган «Олтин васвасаси» атамасининг русчаси — «Золотая лихорадка»дан келиб чиққан. Бугун Навоий вилоятининг кўплаб ҳудудларида «лихорадчик»ларни учратиш мумкин. Улар асосан ташландиқ конлар ва ўзлари ковлаган ғорларда ишлашади. Олтин қазиб олиш усуллари ҳам турлича. Масалан, кимдир сойларнинг тупроғини ювиш орқали самородка, яъни табиий майда сочма олтин бўлакларини изласа, бошқаси таркибида олтин зарралари бўлган руда – жила қазиб олади.  

Сочма олтин бўлакчаларини излаб топиш учун керка, кетмон ва қўлбола усулда ясалган кичик ювиш технологияси кифоя. Аммо жила қазиб олиш учун чўл ёки тоғ ҳудудларида юра оладиган машина, движок, электрон болға, кели ва бошқа ускуналар керак бўлади. Намуна учун чуқурдан олиб чиқилган жила бўлаги кичик келида туйилиб, сувда ювиб кўрилади. Агар олтин зарралари кўринса, жилани қазиб олиш ишлари бошланади.

Даставвал қирнинг устидан махсус чуқур (каноб) қазилади. Шу чуқурдан руданинг тоши чиқа бошлайди. Жила бўш ёки тилла зарралари билан бўлиши мумкин. Ковлаб кирганда тош намуналари туюлиб, ювиб кўрилади. Қачонки тилла зарралари кўринса, кейин ўша жойда иш бошланади. Чуқурлик ҳар хил бўлади, 50 метргача ҳам қазиб киравериш мумкин. То тилла зарралари бўлган руда топилмагунча, бир-икки ойлаб ҳам изланаверади. Бирданига чиқиб қоладиган нарса эмас бу. Меҳнати оғир. Келиб текширишлар, қува-қув ҳолатларида эҳтиётсизлик қилиб, ўзига тан жароҳати етказиб қўйиш, ўлим билан боғлиқ воқеалар бўлмоқда. Тахминан 2009 йилда бошланган бунақа қўлбола усулда олтин қазиб олиш ишлари. Одамлар асосан тоғларда руда излаб топади”, — дейди Kun.uz билан суҳбатлашган “тиллачи” (илтимосига биноан унинг шахсини очиқламасликка қарор қилдик).

Тиллачилар гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлашади. Уларнинг харажатларини уюшган гуруҳ раҳбари молиялаштириб туради. Қазиб олинган тош бўлаклари гуруҳбошининг уйида қуритилади. Кейин эса тош тегирмонига олиб борилиб, ун каби майдаланади.

Тегирмондан кейинги манзил тиллачилар тилида «мойка» дейилади. Бу ерда эзилган тош ювилади ҳамда тилласи ажратиб олинади. Кейинги босқичда ажратиб олинган тилла зарралари кимёвий йўл билан соф тиллага айлантирилади ва сотилади. Шу тариқа топилган пулдан харажатлар чиқарилиб, соф фойда гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланади.

Аслида, олтин қазиб олиш лотерея ўйнагандай гап: кимгадир бир мартада ютуқ чиқади, кимдир ойлаб ер ковлаб юраверади. Аммо кўпчилик учун бу «лотерея»ни ўйнаш оғир мусибатларга олиб келяпти. Олтин васвасаси инсонларни яқинларидан айирмоқда.

Биргина Конимех туманининг чўл ҳудудида жойлашган «Лолазор» номли ташландиқ конда сўнгги уч ойда ўнлаб инсонлар қум босиб қолиши оқибатида вафот этди. Хусусан, 2021 йилнинг 23 декабрь куни конга тушиб кетган бухоролик 5 нафар фуқаро қайтиб чиқмади. Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари ўн кунлик қазиш ишларидан кейин уларнинг жасадини 2022 йил 4 январь куни 30 метр чуқурликдан топишди. Вафот этганлар орасида ака-ука ҳам бор эди.

2 нафар фарзандидан айрилган Карим Раҳимов шундай дейди:

Мана, маҳалламиздан 4 та оиланинг бошига оғир жудолик тушди шу ишнинг кетидан. Фарзандимнинг 3 нафар боласи қолди ортида. Умуман фойдаси йўқ экан. Ҳалок бўлганларнинг барчасининг ёш фарзандлари бор эди. Бундай оғир жудолик ҳеч кимнинг бошига тушмасин”.

2021 йилнинг 12 июнь куни эса Хатирчи туманининг Оқтепа маҳалласида ташландиқ кондан олтин қазиб олаётган 4 нафар бўз йигит чиқинди газдан бўғилиб, вафот этди. Афсуски, бу каби ҳодисалар кейинги пайтларда кўплаб содир бўлмоқда.

Тиллачиларнинг гапларига кўра, улар бу фаолиятни тўхтатишмоқчи эмас. «Лихорадчик»лар томонидан қазиб олиниб, сотилаётган олтин ноқонуний йўллар орқали чет давлатларга чиқиб кетаётгани ҳам бор гап. Тегишли органлар, республика даражасидаги мутасаддилар бу борада ўйлаб кўриши зарур.  

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Руслан Сабуров
Муаллиф Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид