АОКА директорига янги ўринбосар тайинланди
Туризм вазири ўринбосари АОКА директорига ўринбосар бўлди.
Улуғбек Аъзамов Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари этиб тайинланди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, у 6 май куни АОКА жамоасига таништирилди.
Улуғбек Аъзамов 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Буюк Британиядаги Суррей университетини тамомлаган. Турли йилларда БМТ Тараққиёт дастури доирасида фаолият юритган, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида маслаҳатчи бўлган.
Улуғбек Аъзамов 2019 йил сентябрда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланган, 2021 йил апрелида туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаганди. 2022 йил апрелида вазирлик иккига ажратилгач, туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарига айланганди.
У энди агентлик директори ўринбосари сифатида халқаро ҳамкорлик, таҳлилий таъминот ва матбуот хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари билан шуғулланади.