Ўзбекистон | 16:45 / 17.05.2022
39648
6 дақиқада ўқилади

Абитуриентларни нималар кутяпти? — имтиҳонлар бўйича асосий янгиликлар

Кириш имтиҳонларида 1 млн абитуриент қатнашиши прогноз қилиняпти. Бу йил абитуриентлар учун катта янгиликлар кўп эмас. 5 та фандан имтиҳон топшириш, 5 та йўналишни танлаш каби тартибларга аллақачон мослашиб бўлинди. Бироқ шунда ҳам абитуриентлар билиб қўйиши керак бўлган янгиликлар етарлича.

Фото: KUN.UZ

Имтиҳон яна очиқ ҳавода бўладими?

Ҳозирча бу аниқ эмас.

ДТМнинг маълум қилишича, тест синовларини ўтказиш учун бинолар рўйхати 2 хил вариантда шакллантирилган. Агар пандемия вазияти бўлмаса, 99 та катта сиғимдаги анъанавий биноларда имтиҳон ўтади. Агар пандемия бўлса, 53 та стадион ва хиёбонда имтиҳонлар ўтказилади.

Мутахассислик фанлари даражаланмоқда

Олдинги йилги қабулда мутахассислик блокидаги 2 та фанга тенг – 3,1 баллдан берилган эди. Бу йил эса шу 2 та фан муҳимлилигига қараб даражаланди.

Масалан, математика йўналиши учун 1-фан математика (ҳар тўғри жавобга 3,1 баллдан) , 2-фан эса физика (ҳар тўғри жавобга 2,1 баллдан) бўлди.

Бу ўзгаришга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов изоҳ берганди.

“Олдинги йил мутахассислик блокидаги 2 та фанга бир хил балл берилган бўлса, бу йил биринчи фанга 3,1 баллдан, иккинчи фанга 2,1 баллдан берилади. Бундай ўзгаришнинг сабаби бор. Масалан, математика йўналишига математикадан, физика йўналишига эса физикадан билими юқори ёшлар кириши керак. Олдинги йил эса аксинча бўлган ҳолатлар ҳам бўлди: физикани яхшироқ биладиган бола математикага ўқишга кириб қийналган ҳолатлар бўлди.

Бундан ташқари, бир хил балл бериш бир семестр ўқиш тугагандан сўнг талабалар ўзи яхшироқ билган йўналишга ўқишини кўчиришга ҳаракат қилиш ҳолатларига ҳам олиб келади”, – дея изоҳ берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

5 та йўналиш танлаш қамрови ҳам тораяди

Мутахассислик фанларининг даражаланиши абитуриентларнинг 5 та йўналиш танлаш имконига ҳам таъсир қилади. Энди абитуриентлар ўтган йилгидек мутахассислик блокида мавжуд 2 та фанга қараб эмас, балки уларнинг биринчи ёки иккинчи фанлигини ҳам ҳисобга олиб 5 та ОТМни танлайди.

Мажбурий фанларга бериладиган балл камайди

Барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан – математика, она тили ва Ўзбекистон тарихи бўйича 10 тадан жами 30 та савол тушади ва уларга 1,1 баллдан берилади. (Ўтган йили мажбурий блок учун 2,1 баллдан берилган)

Мажбурий блокдан жами тўплаш мумкин бўлган балл – 33 балл.

Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2 та фан бўйича эса жами 60 та савол берилади. Биринчи фандан тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 93 балл, иккинчи фандан тўплаш мумкин бўлган максимал балл эса 63 балл.

Умумий ҳолда, 2022-2023 ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 90 та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 баллни ташкил этади.

Тест ишлашга ажратиладиган вақт

“Бу йил кириш имтиҳонларида абитуриентларга тестларни ишлаш учун 3 соат вақт берилади. Вазирлар Маҳкамасининг тест топшириқларини ўтказишга оид 261-сонли низомида 30 та савол учун бир соат вақт берилиши ёзилган. Демак, 90 та саволга 3 соат вақт берилади”, дея маълумот берди ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов.

6 та ОТМда тест ижодий имтиҳонга ўзгармоқда

Фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллари институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети.

Шунингдек:

  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларида чет тилидан тест эмас, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон олинади.

Бунда ушбу ОТМларнинг биринчи фани чет тили бўлган йўналишларида абитуриентлар ижодий имтиҳон топширади. ДТМ инглиз тили бўйича ижодий имтиҳонни компютер вариантда, қолган тиллар бўйича эса қоғоз вариантда олишни режа қилган.

Бу йўналишларга топширадиган абитуриентлар учун энг мураккаб ва таваккалли томони – улар мана шу 6 та ОТМ доирасидагина 5 та йўналиш танлаши мумкин бўлади. Сабаби бошқа ОТМларда чет тили имтиҳони тест кўринишида олинади ва саволлар тури бир-биридан фарқ қилади.

Баъзи йўналишларда имтиҳон олинадиган фанлар ўзгарган

Давлат ОТМларида таълим йўналишлари сони – 461та, шундан 7 фоизида 2 та фаннинг ўрни ўзгарган. Битта фан ўзгарган таълим йўналишлари эса 2,8 фоизни ташкил қилган бўлса, фақатгина битта йўналиш – биотиббиёт муҳандислиги йўналишида мутахассислик фанлари бутунлай ўзгарган.

Жумладан, филология ва ўзбек тили ва адабиёти йўналишларида ҳам иккинчи фан – тарих ўрнига чет тили киритилди.

Тест топшириш учун тўловдан озод қилинувчилар рўйхати кенгайган

Мактаб ёки коллеж, лицейни бир йил аввал тугатган абитуриентларнинг барчаси кириш имтиҳонларида қатнашиш учун пул тўлайди. Бу йилдан бошлаб кириш имтиҳонлари учун тўлов ундирилмайдиган абитуриентлар тоифасига:

  • “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
  • “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи ёшлар ҳам киритилди.

Бунгача озод қилинганлар рўйхатида ногиронлиги бўлган шахслар ва меҳрибонлик уйлари болалари, болалар шаҳарчасининг битирувчилари бор эди.

Мавзуга оид