Ўзбекистон | 18:15 / 24.06.2022
21601
5 дақиқада ўқилади

“Қўйлиқ бозори бузилмайди” – шаҳар ҳокимлиги

Маълум бўлишича, йўл ўтказгич бозор ҳудудининг асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрнида қурилади. Бузиладиган майдон 10 минг метр квадрат атрофида бўлиши айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қўйлиқ бозори жойлашган ҳудуд давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди. Унда қайд этилишича, қурилиш ишлари доирасида Қўйлиқ деҳқон бозорининг тўлиқ ҳудуди давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши кўзда тутилмаган, балки асосий кириш жойи олдидаги автотураргоҳ ҳудудининг бир қисми ва бир нечта вақтинча савдо қурилмаларининг ўрни қурилиш жараёнига жалб этилади.

“Бунда, асосий бино ва савдо расталарининг аксарияти ўз жойида қолади. Лойиҳага кўра, жалб этиладиган ҳудуднинг умумий майдони 10 минг кв метр атрофида бўлади”, дейилади баёнотда.

2022 йил 24 июнь куни эълон қилинган лойиҳа / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ҳокимликка кўра, Қўйлиқ буюм бозори ҳам тўлиқ олиб қўйилмайди. Балки бу ерда ҳам автотураргоҳ ҳудуди ва бир нечта вақтинча қурилмаларнинг ўрни бузилади ҳамда улар учун товон пули тўлаб берилади.

“Буюм бозорининг ҳам асосий павильони ўз жойида қолади. Автотураргоҳ ҳудуди билан бирга ишларга жалб этиладиган умумий майдон 6,3 минг кв метрни ташкил этади. Ишлар якунидан сўнг, бозорларнинг автотураргоҳи хавфсизлик талабларини ҳисобга олган ҳолда тегишли рухсатнома бўлса, кўприк ва ёндош йўлларнинг таянч иншоотлари остида жойлаштирилиши мумкин.

ОАВда келтирилаётган жадвал фақатгина объектлар ҳақидаги умумий маълумотни акс эттирган бўлиб, улар бузилишидан далолат бермайди. Ушбу ер майдонлари йўл ўтказгич, Бектемир йўлидан ТХАЙга ва ТХАЙдан Бектемир йўлига (Фарғона йўлининг давоми) тушувчи йўллар қурилиши сабабли давлат ва жамоат фойдасига жалб этилмоқда”, дейилади ҳокимликнинг расмий муносабатида.

2022 йил 24 июнь куни эълон қилинган лойиҳа / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Шаҳар ҳокимлиги ўз қарорини “пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш” билан изоҳлаган.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 22 июн куни тегишли қарорни имзолаб, Қўйлиқ бозори жойлашган ҳудудни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат бергани ҳақида хабар бергандик. Қарорда мулклар компенсация тўланганидан кейин олиб қўйилиши қайд этилган.

Бозор яқинидаги кўприкка Тошкент ҳалқа автомобил йўлидан кириш ва чиқиш имконини берувчи қўшимча йўл ўтказгичлар қурилади. Қарордан маълум бўлишича, бу таклифни ҳукуматга шаҳар ҳокимлиги ҳамда Транспорт ва Қурилиш вазирликлари киритган. Ҳукумат 2021 йил 12 июлдаги 387-м-сонли махсус фармойиши билан, таклифни маъқуллаган.

Йўл ўтказгичлар қуриш учун Бектемир тумани Тошкент автомобиль ҳалқа йўли бўйлаб жойлашган қуйидаги кўчмас мулк объектлари бузилади:

Манзил Мулкдор Ҳақиқий ер майдони, (кв.м.) Ҳужжат бўйича ер майдони, (кв.м.)
1 Бектемир тумани, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли “Triumvirat-Qurilish” МЧЖ 35144

35000

2 Бектемир тумани, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли “Qo‘yliq dehqon bozori” ОАЖ 8729

7100

3 Бектемир тумани, Тошкент автомобиль ҳалқа йўли “Qo‘yliq dehqon bozori” ОАЖ 44254

53000

Мазкур объектларни бузиш қачондан бошланиши, йўл ўтказгичлар қачон қуриб битказилиши, уларни қуриш учун қанча маблағ ажратилиши, қурилиш учун қайси компаниялар танлаб олингани маълум эмас.

Ҳукуматнинг бир йил олдинги қарори расмий манбаларда, хусусан, Миллий қонунчилик базасида (Lex.uz) эълон қилинмаган.

Қўйлиқ бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бузилиши, бу ердаги тадбиркорлар бошқа манзилга кўчирилиши 2021 йил декабр ойида резонансни келтириб чиқарганди. Ўшанда Бектемир тумани ҳудудига қўшилган жойда янги қурилган Food City мажмуасига кўчишга мажбурланган савдогарлар у ерда ижара нархлари ҳаддан ташқари қимматлиги, дўконлар майдони жуда кичиклигидан шикоят қилганди. Уларга 1 январдан янги бозорга кўчишмаса, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилишлари ҳақида огоҳлантириш берилганди.

Бозор бузилишидан норози бўлган бир гуруҳ сотувчилар бозор ёнидан ўтувчи автомобил йўлини тўсишга уринди, кейинроқ уларнинг 5 нафари маъмурий қамоққа олинганди.

Бектемир ҳокими Тапил Маҳамадзиёев бозор кўчиши сабаб Тошкент шаҳри бўйича озиқ-овқат нархларида “бироз ўзгаришлар бўлиши мумкин”лигини тан олиб, кўчиш ишлари босқичма-босқич олиб борилишини айтган эди.

Мавзуга оид