Жаҳон | 14:18 / 09.11.2022
25918
5 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар натижалари. Сўнгги маълумотлар

Республикачилар Вакиллар палатаси учун курашда устун келмоқда, Сенат учун кураш давом этмоқда. 

Ricky Carioti / The Washington Post / Getty Images

АҚШда оралиқ сайловларда овоз бериш жараёни якунланди. 8 ноябр куни мамлакат аҳолиси Вакиллар палатасини тўлиқ янгилаш учун овоз беришди, сенаторларнинг учдан бир қисми ва 50 штатдан 36 тасида губернаторлар сайланди. Шунингдек, минтақавий ва муниципал даражадаги сайловлар ўтказилди. Тошкент вақти билан 9 ноябр тонгида Аляска ва Ҳавайидаги сўнгги участкалар ёпилди. Бюллетенларни ҳисоблаш давом этмоқда. Бу сайловлар натижалари Жо Байден президентлигининг кейинги икки йили ва АҚШ сиёсатига, жумладан, Украинани Россияга қарши урушда қўллаб-қувватлаш даражасига жиддий таъсир кўрсатади.

Ҳозирда демократлар парламентда 220 ўринга эгалик қилади, республикачиларда 212 ўрин. Кўпчилик ўринни ташкил этиш учун партиялардан бирида камида 218 ўрин бўлиши керак. Яъни республикачилар палатада назорат ўрнатиш учун бу сайловларда жами олтита қўшимча мандатни қўлга киритиши етарли эди.

Республикачилар Вакиллар палатасида етакчилик қилмоқда. ОАВдаги дастлабки маълумотларга кўра, АҚШ Конгрессининг қуйи палатасидаги кўпчилик ўринни Республикачилар партияси вакиллари эгаллайди. The New York Times баҳоларига кўра, улар 435 ўриндан 193 тасини, демократлар эса — 166 тасини кафолатлаб бўлишган. CNN маълумотига кўра эса, республикачилар 193, мухолифлари — 170 округда ғолиб чиқишмоқда. Fox News хабарига кўра, республикачилар Вакиллар палатасида 195 ўрин, демократлар — 166 ўринни эгаллаб бўлишди. The Wall Street Journal баҳоларига кўра, ҳозирча республикачиларда 199, демократларда 168 ўрин нақд. NBC прогнози қуйидагича: республикачилар 218, демократлар 217 ўринга эга бўлади.

Икки партия ўртасида Сенатдаги назорат учун кураш давом этмоқда. Аввалига ОАВ икки партия вакиллари ҳам тенгдан овоз олишини башорат қилганди, кейинроқ демократлар олдинга чиқиб кетишди. NBC, The New York Times ва CNN нашрларига кўра, Демократик партия сенатда (жами 100 ўрин) 48 ўринга, Республикачилар партияси эса — 47 ўринга даъвогарлик қилмоқда. Fox News баҳоларига кўра, партиялар орасида тенг кураш кетмоқда — ҳар бири 48 тадан ўринни кафолатлаган.

Шу билан бирга, CNN нашри қайд этишича, демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўзларининг сенатдаги муҳим ўринларини сақлаб қолишган. Дастлабки маълумотларга кўра, демократлар икки муҳим пойгада устун келишган — Колорадо (Майкл Беннет) ва Нью-Ҳэмпшир (Крис Паппас) — ва Аризонадаги курашда жиддий фарқ билан олдинда боришмоқда. Бу штатда бюллетенларнинг ярми ҳисоблаб чиқилганидан кейин Fox News ва CNN демократ Марка Келлини сайловчиларнинг 56 фоизи, республикачи Блейк Мастерсни — 41 фоиздан кўпроғи қўллаб-қувватлаётганини хабар қилган.

Пенсильванияда Сенат учун берилган овозларнинг 90 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, демократ Жон Феттерман республикачи Мехмет Озни 2,5 фоизга ортда қолдирмоқда. Яна бир муҳим штат — Жоржияда — амалдаги демократ сенатор Рафаэл Уорнок ўз республикачи рақибидан 1 фоизга яқин фарқ билан олдинда бормоқда. Ўз навбатида республикачилар Флорида (Марк Рубио) ва Оҳайода (Жей Ди Вэнс) ғолиб чиқишган.

Губернаторлик сайловларида, CNN каналининг дастлабки маълумотларига кўра, республикачилар 16 штатда етакчилик қилмоқда, демократлар — 11 тасида. Республикачилар партиясининг асосий ғалабаларидан бири Флоридада Рон Десантиснинг сайланиши бўлди. Телеканал хабарига кўра, у одатда демократларга овоз бериб келувчи келиб чиқишига кўра лотин америкалик бўлган аҳоли қўллаб-қувватловига эришган.

Сайловчиларнинг аксари икки йиллик президентлигидан кейин Жо Байдендан норози. Сайлов участкаларидан чиқишда ўтказилган сўровларга кўра, сайловчиларнинг 53 фоизи АҚШнинг амалдаги президенти 2024 йили иккинчи муддатга сайланишини истамаяпти. Сўралганларнинг ярмидан кўп қисми Байден олиб бораётган сиёсат мамлакатга зарар келтирмоқда деб ҳисоблайди, учдан бир қисми эса бунинг аксини айтган.

Ўз навбатида оралиқ сайловларда сайловчилар қарор қабул қилишига таъсир кўрсатган энг муҳим омил инфляция бўлди. Бу борада иккинчи ўринда — абортларга тақиқ масаласи.

Мавзуга оид