Ўзбекистон | 20:52 / 15.11.2022
37580
3 дақиқада ўқилади

Қарши тумани собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева мактаб директорлигига тайинланди

Ўзбекистон медиа маконида энг кўп шов-шувларга сабаб бўлган собиқ аёл ҳоким мактаб директорлиги лавозимида иш бошлади.

Фото: Daryo.uz

Қарши тумани собиқ ҳокими Мақсуда Сайфуллаевна Мустафоева Қашқадарё вилоят маркази — Қарши шаҳридаги 11-мактабга директор этиб тайинланган.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши Мустафоева номзодини директорликка тасдиқлаган.

Мақсуда Мустафоева Ўзбекистонда ҳокимликка аёл кишиларни тайинлаш билан боғлиқ ажиотаж бўлган даврда, 2020 йил 4 март куни Қарши туман ҳокими этиб тайинланган эди.

Мақсуда Мустафоева / Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

М.Мустафоева шу йилнинг 6 февралида Қарши туман ҳокими лавозимидан олинган эди. (Айни пайтда ушбу лавозимда пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Беҳзоджон Юсупов фаолият кўрсатмоқда).

Қарши тумани ҳокими сифатида ишлаган даврида Мақсуда Мустафоева кўплаб шов-шувли ишлар билан омма эътиборига тушганди.

Жумладан, Қарши туманида фаолият юритувчи «SULTON TEX GROUP» кластери тугатилишида ҳам унинг бевосита иштироки бўлган. Кластер ўрнига тузилган фермерлар кооперацияси эса давлат маблағларини талон-тарож қилиш билан машғул бўлган

М.Мустафоева ғалла режасини бажариш учун чорвачилик фермер хўжалигининг озуқа ғалласини ҳам тортиб олаётгани ҳақида фермер шикоят қилиб чиққан эди. Ҳоким мақсадига етишиш учун ИИБ кучидан фойдаланган.

Қарши туманида ижтимоий оғир аҳволга тушиб қолган беш нафар аёлга тошкентлик тадбиркор томонидан саховат тариқасида уй-жой қуриш учун берилган жами 100 миллион сўм пул ҳоким томонидан тарқатилиб, қайтариб олингани шов-шув бўлган эди.

Ушбу 100 миллион сўм пул ҳокимлик томонидан ўзлаштириб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан 2021 йил 23 июль куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Мақсуда Мустафоевага ҳайфсан интизомий жазоси қўлланган эди.

Қарши туманидаги «Керайт» маҳалласи фуқаролари Мақсуда Мустафоева уларга ер берганини, ер обод қилингач эса тортиб олиниб, тадбиркорга ҳужжатлаштириб берилганини айтиб чиқишган эди.

2022 йилнинг май ойида Қарши тумани собиқ ҳокими М.Мустафоева қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалиб, сўнгра вилоят прокуратураси томонидан ушбу хабар рад этилган эди.

Мавзуга оид