Ўзбекистон | 13:18 / 26.12.2022
27928
3 дақиқада ўқилади

Фото: Ўзбекистонда 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилди 

Муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда муомалада бўлади. Хўш, нега 1000 сўмлик танга муомалага чиқарилди? Kun.uz 1000 сўмлик тангаларга оид воқеаларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Марказий банк ахборотига мувофиқ, 2022 йил 26 декабрдан Ўзбекистонда 1000 сўмлик тангалар муомалага чиқарилди. 

Регуляторнинг қайд этишича, муомалага чиқарилаётган 1000 сўмлик танга кўринишидаги пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади. Яъни 2001 йил намунасидаги 1000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.  

Шунингдек, янги кўринишдаги ушбу пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

Нега 1000 сўмлик танга муомалага чиқарилди? 

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 2021 йил бошида журналистларнинг Ўзбекистонда муомалада бўлган барча банкнотлар ичида фақат 1000 сўмлик янгиланмай қолгани ҳақидаги саволига жавоб берганди. Регулятор раҳбари ўшанда 1000 сўмлик тангалар ҳақидаги режаларни очиқлаганди. 

Мақсадимиз минг сўмлик пулни қайта қоғозли шаклда чиқариш эмас. Минг афсус, ҳаётимиздан танга пуллардан фойдаланиш чиқиб кетди. Олдин 1000 сўмликни чиқарганмиз, лекин ундан фойдаланиш даражамиз муомаладан чиқиб кетди, ниятимиз минг сўмликни танга пулга айлантириш. Чунки энг кўп қўлланадиган пул белгиларидан бири – 1000 сўмлик банкнота, 500 сўмлик танга ва 2000 сўмлик банкнота, шу сабабли буни ҳам танга шаклига ўтказсак, бу биринчидан, пул муомаласини ташкил қилишдаги харажатимизни камайтиради, иккинчи тарафдан, ишлатишга қулай шаклда бўлади”, – деганди Нурмуродов.

Жамоатчиликка очиқланмаган Сенат қарори 

2022 йилнинг июл ойида 200 минг сўмлик банкнот муомалага чиқарилганди. Kun.uz пуллар чиқарилишидан олдин қонунчиликка мувофиқ Марказий банк Сенат билан келишиши кераклигига, бироқ Сенатнинг бу ҳақдаги қарорига оид маълумотлар эълон қилинмаганига эътибор қаратди. Танқиддан сўнг Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати 200 минг сўмлик янги купюра дизайни маъқулланганини кўрсатувчи Сенат кенгаши қарорини тақдим этди. Қарорда минг сўмлик тангалар ҳам муомалага чиқарилиши кутилаётгани, кенгаш унинг ҳам дизайнини маъқуллагани аён бўлди. Бироқ янги тангаларнинг дизайни ва қачон муомалага чиқарилиши ҳақидаги маълумотлар очиқланмаганди. 

Маълумот учун, 2021-2022 йиллар давомида барча қоғоз пуллар ягона – Буюк Ипак Йўли мавзуси атрофида янги намунада муомалага чиқарилди.

Мавзуга оид