Жаҳон | 10:02 / 17.01.2023
25302
5 дақиқада ўқилади

Бекор қилинган чекловлар ва оширилган квоталар: Ҳаж-2023 мавсуми қандай бўлади?

Саудия Арабистони 2023 йилда ҳаж зиёратини енгиллаштириб, пандемия вақтидаги кўплаб чекловларни бекор қилди. Ўзбекистонликлар учун ажратилган 24 мингта квота доирасида зиёратни Мусулмонлар идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита амалга ошириши кўзда тутилган.

9-12 январь кунлари Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра хизматларига бағишланган конференция-кўргазма бўлиб ўтди. Ушбу йирик тадбирда Саудия қироллиги Ҳаж-2023 мавсумига доир кўплаб янгиликларни эълон қилди. Уларнинг энг муҳимларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

2023 йилда ҳаж мавсуми тахминан 26 июндан бошланиши кутилмоқда. Мазкур сана ой кўринишига қараб ўзгариши ҳам мумкин.

Энг муҳим енгиллик – Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги 2023 йилги мавсумдан коронавирус туфайли киритилган барча чекловларни бекор қилди: энди 65 ёшдан катталар ҳам, 18 ёшдан кичиклар ҳам зиёратга бориши мумкин. Коронавирусга қарши эмлаганлик сертификати ҳам талаб қилинмайди.

Сон бўйича чекловлар ҳам бекор қилинди. Пандемия даврида 1 миллионгача ҳожиларни қабул қилган қироллик, бу йил 2 миллиондан ортиқ ҳожиларни қабул қилишга тайёр.

Ҳажга доир яна бир янгилик: 2023 йилдан Ҳаж бўйича барча делегациялар подшоҳликда расмий ишлаётган ҳар қандай ширкат билан битим тузиши мумкин бўлади. Авваллари ҳар бир делегация фақатгина муайян ширкатлар билангина ишлай оларди. Бу – ширкатлар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, нархларга ижобий таъсир қилиши кутилмоқда.

Умра масаласида

Умра визаларининг муддати 30 кундан 90 кунга узайтирилди. Энди умра визалари билан хорижликлар Саудиянинг Макка, Мадина ва Жиддадан ташқари - бошқа ҳудудларига ҳам бориши мумкин.

Иккала турдаги визага қўшимча мажбурий суғурта нархлари 23,5 долларгача камайтирилди. Тушуниб олиш керак, бу ерда виза нархлари эмас, айнан мажбурий суғурта тўловларининг нархи туширилди.

Умуман олганда қироллик, зиёрат туризми салоҳиятида тўлароқ фойдаланиш учун зиёратчилар ва сайёҳларга барча енгиллик ва қулайликларни яратишга ҳаракат қилмоқда. Бу ишлар мамлакатни рақамлаштиришни кўзда тутадиган Saudi Vision-2030 дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Зиёратчилар учун махсус рақамли платформа – Nusuk орқали визани олиш муддати 24 соатдан камроқни ташкил қилади. Лекин ўзбекистонликлар ҳозирча бу платформа орқали фақат визанинг ўзини ололмайди. Балки визага қўшиб Саудия маҳаллий компанияларидан тур пакет сотиб олиши керак бўлади.

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж қандай бўлади?

Ҳозирча бизга маълуми фақатгина квоталар сони. 2022 йил сентябрь ойида Тошкентга келган Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган эди. Учрашувда ўзбекистонликлар учун 2023 йилда ҳаж квоталари сони 24 мингта ажратилиши ҳақида келишувга эришилган.

 

Фото: Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Куни кеча Жиддада бўлиб ўтган йирик тадбирда президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевлардан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди.

Расмийлар ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалаларини муҳокама қилган ҳамда Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналар ва зиёратчиларга хизмат кўрсатиш нуқталарини бориб кўрган.

Ҳали ҳаж зиёрати нархлари, қайси ширкат билан битим тузилганига доир маълумотлар очиқланмади. Бизнингча, ҳозирча таклифларни кўриб чиқиш давом этмоқда.

Турфирмалар борасида. Мусулмонлар идораси матбуот хизматининг Kun.uz сўровига кўра маълум қилишича, 2023 йилдаги Ҳаж сафарлари ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 364-сонли қарори асосида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил қилинади.

Бундан ҳозирча ҳаж зиёратини ташкил қилишни тур фирмаларга берилиши борасида ҳеч қандай гап-сўзлар йўқ эканлигини англаш мумкин.

Ҳаж зиёратини амалга ошириш ҳуқуқи хусусий турфирмаларга берилиши мумкинми?

Бир ой ичида 24 минг кишилик гуруҳни Ҳажга олиб бориш ва зиёрат давомида улар билан бирга бўлиш жуда катта ресурсларни талаб қилади. Шу сабабли бу хизматларнинг тўлиқ ёки бир қисмини ишончли турфирмаларга тендер асосида бериш керак бўлади. Масалан, қўшни Қозоғистон муфтияти ҳаж учун 4 минг кишилик квоталарни олиши биланоқ, турфирмалар учун тендер эълон қилган. Бошқа ривожланган давлатларда аллақачон ушбу хизмат нодавлат ташкилотлар томонидан кўрсатилади.

Ўзбекистонда ҳам ҳаж зиёратини амалга ошириш ҳуқуқини турфирмаларга бериш орқали рақобат муҳити пайдо бўлади ва бу нархларга ижобий таъсир қилади. Шунингдек, таклифларнинг кўпайиши ҳаж зиёрати учун минглаган навбатларнинг камайишига олиб келади.

Юқорида қайд этганимиздек, ҳаж мавсуми бошланишига яна 4 ойдан кўпроқ вақт бор. Бу йўналишда яна янгиликлар бўлиши эҳтимоли ҳам юқори.

Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди