Саудия Арабистонининг Умумий статистика бошқармаси (GASTAT) 2025 йилги Ҳаж зиёрати бўйича расмий статистикани эълон қилди. Унга кўра, зиёратни жами 1 миллион 673 минг 230 нафар зиёратчи адо этган.

Шундан:

  • 171 давлатдан 1 миллион 506 минг 576 нафар зиёратчи қироллик ҳудудидан ташқаридан турли кириш нуқталари орқали келган;
  • 166 минг 654 нафари эса қироллик фуқаролари ва резидентлари бўлган (яъни Саудия фуқаролари ҳамда мамлакатда яшовчи чет элликлар).

GASTAT статистик ахборотида қайд этилишича, эркак зиёратчилар сони – 877 минг 841 нафар, аёл зиёратчилар сони эса – 795 минг 389 нафарни ташкил қилган. Саудияга зиёратчилар энг кўп ҳаво ҳудуди орқали, самолётларда кириб келган. Хусусан:

  • Ҳаво йўли орқали келган зиёратчилар сони – 1 миллион 435 минг;
  • Қуруқлик чегара ўтказиш пунктлари орқали – 66 минг 465;
  • Денгиз портлари орқали – 5,1 минг нафар.

Аввалроқ Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги бош директори, генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамий Маккага кириш учун ҳақиқий рухсатнома — Ҳаж визасига эга бўлмаган 269 мингдан ортиқ киши орқага қайтарилганини ва қарийб 76 минг қоидабузар ҳибсга олинганини билдирган эди. Уларга депортация, жарима ва 10 йил давомида мамлакатга киришининг тақиқланиши каби жазо чоралари кўрилиши мумкин. Шунингдек, Ал-Бассамий сўзларига кўра, 252 та сохта Ҳаж ширкати, 1239 та қоидабузар ташувчи аниқланган, қарийб 110 мингга яқин транспорт воситаси талабга жавоб бермаслиги туфайли Маккага киритилмаган.

GASTAТʼнинг маълумот беришича, 1446Ҳ / 2025 йилги Ҳаж статистикасини тайёрлашда асосий манба сифатида қироллик Ички ишлар вазирлигининг маъмурий ёзувларига таянилган.

Зиёратчиларга 250 мингдан зиёд ходимлар — соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва логистикани таъминлашда хизмат кўрсатди. Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, иссиқ туфайли ҳушсизланиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 90% га камайган. Бунга сояли майдонлар ва тиббий пунктлар сонининг кўпайтирилгани сабаб бўлган.