Ўзбекистон | 10:30 / 16.02.2023
35234
5 дақиқада ўқилади

Ўрмонга айланаётган денгиз – Оролнинг “иккинчи ҳаёти” бошланмоқда

Катта хатоларнинг аччиқ “мева”си бўлган Орол денгизи “тирилмоқда”, фақат бу сафар ўрмонзор бўлиб. Баланд тўлқинлар урилиб турган соҳиллар саксовулзорларга айланяпти, улкан кемалар чайқалиб сузган сув тубида эса бугун тракторлар уруғ сепмоқда.

Фото: Kun.uz

Орол денгизи сатҳи 1960 йиллардан бошлаб пасая бошлади. 1989 йилда денгиз иккита алоҳида сув ҳавзасига - Шимолий (Қозоғистонда) ва Жанубий (Ўзбекистонда) Орол денгизига бўлинди. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиё учун экологик ҳалокатга айланди ва минтақа давлатларига жиддий ижтимоий-иқтисодий зарар етказди.

Орол денгизининг қуриши йигирманчи асрдаги энг катта экологик муаммоларидан бири бўлди. Денгиз қуриган сари унинг оқибатлари ортиб борди: Оролбўйи минтақаларида экологик барқарорлик буткул издан чиққани, ернинг шўрланиш даражаси ортиб кетгани, ҳайвонот ва наботот олами кескин камайиши, турли касалликлар кўпайиши каби муаммолар нафақат Ўзбекистон, қўшни давлатларга ҳам хавф туғдира бошлади.

Оролни қутқариш борасида халқаро минбарларда гапирилди, ҳар хил фондлар тузилиб, турли хил фаразлар илгари сурилди. Аммо ҳадеганда амалий ишларга ўтилавермади.

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 сентябрда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош штаб-квартирасида чиқиш қилган ва 5 та, хусусан Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш таклифини илгари сурганди. 2018 йилда Оролбўйи минтақасида инсонлар хавфсизлиги бўйича кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади.

2020 йилнинг 23 сентябрь куни давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ва Оролбўйи ҳудудидаги вазиятга яна тўхталиб ўтди. Президент нутқида Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. 2021 йилнинг 18 май куни БМТ Бош ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.

Шу тариқа Орол денгизининг қуриган туби “фронт”га айланди: республиканинг барча ҳудудларидан махсус техникалар жалб этилиб, яшил қопламалар барпо этишга киришилди. Хусусан, 2018-2021 йиллар мобайнида денгизнинг қуриган тубида 1,7 млн гектар майдонда саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил қопламалар барпо қилинди. Олимларнинг маълумотларига кўра, қуриган денгиз ҳудудида барпо этиладиган саксовулзор шамол тезлигини сезиларли даражада камайтиради ва қум кўчишларига барҳам беради. Бундан ташқари, дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига ҳам эга.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш ҳамда кўпайтириш, уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш мақсадида 3,6 млн гектардан иборат 5 та янги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилди.  

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, бу ишлар давом эттирилмоқда. 2022 йилда 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилган. Жами 590,3 тонна, шундан 391 тонна маҳаллий аҳоли томонидан чўл ўсимликлари уруғлари жамғарилган. 100 гектар саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилган. Мазкур ишларни бажариш учун 635 нафар ишчи-ходим, 250 дона юқори унумли тракторлар ва 2 дона кичик авиация жалб қилинган. Ушбу барпо этилган яшил қопламалар соҳа олимлари томонидан доимий мониторинг қилиниб борилмоқда.  

Жорий йилда 100 минг гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари ҳисобланувчи яшил қопламалар барпо этиш режалаштирилди. Бунинг учун 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилади. Бу ишлар аллақачон бошлаб юборилди: 2023 йилги саксовул экиш мавсумига старт берилди.

Давлат раҳбари халқаро ҳамжамият эътиборини Орол муаммосига қарата олди. Жумладан, 2022 йилнинг ноябрь ойида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизининг қуриган тубида экотизимни тиклаш бўйича иккинчи лойиҳа – ERAS II ишга туширилганини маълум қилди. USAID Оролбўйи минтақасидаги чўлланишнинг салбий оқибатларига қарши курашиш учун қарийб 1,6 миллион доллар ажратди. Япониянинг OISCA ташкилоти президенти Эцуко Накано ҳам 10 йил давомида Орол денгизи қуриган ҳудуди 40 минг гектар майдонини кўкаламзорлаштириш лойиҳасига старт берилиши режалаштирилганини таъкидлаб ўтганди. Бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Финландия ва Германия давлатлари ҳам ўз таклифларини илгари сурган

Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар қуриб битган денгизга қайта “жон” бағишламоқда: Орол “иккинчи ҳаётини” яшай бошлади, фақат бу сафар денгиз эмас, ўрмонзор бўлиб. 

Мавзуга оид