Иқлим ўзгаришлари аслида ўтган асрнинг 50-йилларида саноат инқилоблари рўй берган пайтда бошланган. Дарёларнинг суви саноат ривожлангани сайин кўпроқ сарф этилган. Аҳоли сони кўпайиб ичимлик суви ва озиқ-овқатга бўлган талаб ошиб борган. Бу талаблар ортидан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун янгидан янги ҳудудлар ўзлаштирилган ва уларни суғориш учун дарёлар тўсилган. Шу тариқа, энг катта босим дарё ва сойлардан тўйинадиган кўлларга тушган ва аввало уларнинг суви камая бошлаган.

Фото: funart.pro

Бугунги кунда дунёдаги айрим кўлларнинг суви кўпаяётган бўлса, уларнинг айримлари иқлим ўзгаришлари сабабли қуриб кетиш хавфи остида қолмоқда. Қуйида сўнгги йилларда батамом қуриб кетиш хавфи остида бўлган кўллар ҳақида сўз юритилади.

Кўллар

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ер юзида рўйхатга олинган ва олинмаган 117 миллионта катта-кичик кўллар бор. Улар Ер юзи сатҳининг 4 фоизини эгаллайди. Бу кўлларнинг аксарияти нисбатан шимолий қутбга яқин мамлакатларда жойлашган. Масалан, биргина «кўллар мамлакати» деб аталувчи Канаданинг ўзида 2 миллиондан ошиқ кўл бор. Баъзи маълумотларда уларнинг сони 4 миллиондан ошиқ, дейилади. Шунингдек, Россияда ҳам 2 миллиондан ошиқ кўл мавжуд.

Каспий денгизи / Фото: loratravels.ru

Сайёрамиздаги энг йирик кўл – Каспий денгизи. Бир пайтлар Орол денгизи дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган. Сўнгги йилларда унинг суви кескин камайиб кетди ва ҳозирда у энг йирик кўллар рейтингида дастлабки ўнталикка ҳам кирмайди.

Орол денгизи

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб Орол денгизи собиқ иттифоқнинг Марказий Осиёда амалга оширган турли режалари ортидан қуришни бошлаган. 1991 йилга келиб денгиз суви 50–60 фоизга камайган, у эгаллаб турган ҳудуд ҳам 30–35 фоизга қисқарган. Орол денгизининг суви ундан кейин ҳам камайишда давом этди ва бугун у 10 минг квадрат километрдан кам ҳудудни эгаллаб турибди.