Ўзбекистон | 18:27 / 06.03.2023
10724
2 дақиқада ўқилади

Навоийда битта, Бухорода эса учта туман ҳокими интизомий жазога тортилди

Кармана тумани ҳокимига қишга тайёргарлик кўрмагани учун, Қоровулбозор, Пешкў ҳамда Бухоро тумани ҳокимларига эса “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни қониқарсиз ташкил қилгани учун “ҳайфсан” берилди. 

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг фармойиши билан Бухоро, Қоровулбозор ва Пешкў тумани ҳокимлари ҳамда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари интизомий жазога тортилди. Ҳужжатга кўра, улар 2023 йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат ва қаламчалар экиш ишларини қониқарсиз ташкил этган.

Таъкидланишича, вилоятда 2023 йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича 9,7 млн дона кўча ва қаламчалар экиш режа қилинган. Тасдиқланган жадвалга мувофиқ экиш тадбирлари жорий йилнинг 1 февралидан бошланиши белгиланган. Аммо айрим ҳудудларда жараёнга тўлиқ киришилмагани сабабли бугунги кунда вилоят бўйича 394,8 минг дона кўчат экилган.

Шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг фармойиши билан Кармана тумани ҳокими Фаҳритдин Умаровга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланган. Бунга туман ҳокимининг иш фаолияти давомида ўзига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда хато ва камчиликларга йўл қўйгани, меҳнат ва ижро интизомини бузгани ҳамда қиш мавсумини беталафот ўтказиш ишларини етарлича ташкил этмагани сабаб қилиб кўрсатилган.

Фаҳритдин Умаровга 4 ой олдин ҳам айни шу сабаб – ўзига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун “ҳайфсан” берилганди. Аммо вилоят раҳбарининг бу фармойиши E-qaror тизимидан ўчириб юборилган.

Олдинроқ пойтахтдаги 3 та туман ҳокими қишга тайёргарлик кўрмагани учун интизомий жазога тортилганди.

Мавзуга оид