23:24 / 07.03.2023
34275

Тошкентда ўсмирлар томонидан «Анти Рёдан» ҳаракати ташкил этилгани аниқланди

Улар «Рёдан» ҳаракатига қарши курашмоқчи бўлган. 

Тошкент шаҳрида бир гуруҳ ўсмирлар томонидан «Рёдан» ҳаракатига қарши «Анти Рёдан» ҳаракати ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар  ИИББ видеолавҳа тайёрлади. 

Қайд қилинишича, ўттиздан ортиқ ёшлар «Анти Рёдан» ҳаракатини ташкил қилиб, бузғунчилик ғояларини илгари сураётганларга қарши курашмоқчи бўлган.  

«Биз алоҳида гуруҳ ташкил қилдик. Унинг иштирокчилари «Рёдан» ҳаракати ғоялари ҳеч қандай фойда келтирмаслиги ва давлатга хавф туғдириши мумкинлигини тушуниб етди», дейди гуруҳ аъзоси видеолавҳада.

«Рёдан» ҳаракати ҳақида интернетдан тўлиқроқ маълумот олдик. Ўрганиш жараёнида ҳаракат аъзолари динимиз, давлатимиз ҳақида ёмон гаплар гапирганини кўрдик. Энг ёмони, улар кўчада кетаётган ёшларга пичоқ бериб, одамларга қарши чиқиш кераклигини, уриб пичоқлаш кераклигини уқтирган. Шундан сўнг «Анти Рёдан» ҳаракатини тузиш хаёлимизга келди. Ижтимоий тармоқда гуруҳ очдик, ўттизтача одам йиғилди. У ерга битта «рёдан»чи қўшилиб олиб, якшанба куни барчангизни йўқ қиламиз деб дўқ урди», дейди гуруҳ асосчиларидан бири видеолавҳада. 

Тошкент шаҳар ИИББ бундай ҳаракатлар ташкилотчилари аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга уринаётганини таъкидлади. 

«Ижтимоий тармоқлар орқали ахборот хуружи авж олмоқда. Турли оқимларнинг пайдо бўлиши ортидан ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади», дейилади ИИББ видеолавҳасида. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 март куни Тошкент шаҳрининг Халқаро форумлар саройи биноси ёнида элликка яқин ўсмир тўпланиб, «Рёдан» субмаданиятига қўшилиш ҳақида турли шиорлар билан чиқишган эди. 

Top