Ўзбекистон | 20:29 / 13.03.2023
19759
1 дақиқада ўқилади

Меҳриддин Абдуллаев Ҳисоб палатасига қайтди

Охирги 3 йил давомида “Ўзбекнефтгаз”ни бошқарган Меҳриддин Абдуллаев Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланди. У аввал ҳам ушбу палата раисининг ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Фото: "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

Президент фармони билан Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари этиб тайинланди.

“Ҳуқуқий ахборот”да маълум қилинишича, бу ҳақдаги президент фармони 10 март куни қабул қилинган.

Меҳриддин Абдуллаев 2020 йил январидан буён “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси лавозимида ишлаётганди. 2022 йил декабрида энергетика инқирози сабаб бошқа масъуллар қаторида ҳайфсан олганди. Куни кеча “Ўзбекнефтгаз” раҳбарлигига Баҳодир Сиддиқов тайинлангани маълум бўлди.

Абдуллаев Ҳисоб палатасида аввал ҳам фаолият юритган: 2017 йил декабрда палата раисининг ўринбосари, 2019 йил сентябрда биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

У турли йилларда Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ижрочи директори сифатида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид