Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ижтимоий объектларни иситиш тизими тадбиркорлар бошқарувига берилади
Мактаб, шифохона каби ижтимоий объектларни иситиш тизими тадбиркорларга 10 йилга бошқарувга бериладиган бўлди. Давлат уларнинг хизматларини сотиб олади. Президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, айни пайтда 15 мингта ижтимоий соҳа объектида иситиш тизимлари таъмирталаб. Тармоқлар модернизацияси учун зарур маблағнинг ярми бюджетдан, ярми хусусий шерик ҳисобидан ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрел куни ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини модернизация қилиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Расмий релизга кўра, бугунги кунда 15 мингта ижтимоий соҳа объектида иситиш тизимлари таъмирталаб. Оқибатда уларда иссиқлик энергиясининг 35 фоизи йўқотилмоқда, иссиқлик ҳарорати меъёрга нисбатан 2 баравар паст.
“Шу боис Бўстон туманида иситиш тизимини хусусий шериклик асосида янгилаш ва бошқариш бўйича тажриба ўтказилган эди. Иситиш қозонлари замонавийларига алмаштирилган ҳамда тармоқлар модернизация қилиниб, хусусий бошқарувга берилган. Натижада энергия сарфи камайиб, бинолар ичидаги ҳарорат кўтарилган. Айниқса, ўтган қишдаги аномал совуқ даврида ҳам объектларда мўътадил ҳарорат сақлаб турилган”, – дейилади хабарда.

Йиғилишда ушбу тажрибани оммалаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинган.
Унга кўра, иситиш тизими тадбиркорларга 10 йилга бошқарувга берилади ва уларнинг хизматлари давлат томонидан сотиб олинади.
Тармоқлар модернизацияси учун зарур маблағнинг ярми бюджетдан, ярми хусусий шерик ҳисобидан ажратилади. Иситиш қозонларини ишлаб чиқаришга керакли бутловчи қисмлар 2 йил муддатга божхона божидан озод қилинади.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ташкилий ва молиявий масалалар бўйича кўрсатмалар берди.
“Мутасаддиларга туман ва шаҳарлардаги ижтимоий объектларнинг иситиш тизимларини хатловдан ўтказиб, босқичма-босқич янгилаш, уларни бошқаришга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш топширилди. Биноларда энергия йўқотилишини камайтириш, иссиқликни сақлаш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. Инвесторлар иштирокида энергия тежамкор иситиш қозонлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда кўмир таъминоти масаласига ҳам тўхталиб ўтилган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда юртимизда кўмир қазиб чиқариш 3 миллион тоннадан 5,4 миллион тоннага ошган. Бу йил эса салкам 6 миллион тонна қазиб олиш режалаштирилган. Лекин кўмирга талаб бундан анча кўп.
Шавкат Мирзиёев истиқболли конларни ўзлаштиришга хусусий секторни ва янги технологияларни жалб қилиш, кўмирнинг сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берган.
Эслатиб ўтамиз, 16 февралда имзоланган президент қарорига асосан, газни тежаш мақсадида 2229 та боғча, 2432 та халқ таълими ва 746 та тиббиёт муассасаси газдан кўмирга ўтказилиши белгиланган. Бундан ташқари, 1147 та иссиқхона ҳамда цемент, ғишт ва оҳак ишлаб чиқарувчи 250 та завод ҳам кўмирда ишлашга мослаштирилади.
Мавзуга оид
08:49 / 04.06.2026
Тошкентда 40 та замонавий АЁҚШ қуриш режалаштирилмоқда
13:43 / 02.06.2026
“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ
22:49 / 30.05.2026
“Армия ҳимоясидаги” педагоглар ва кичик бизнес учун солиқ ислоҳоти — ҳафта дайжести
16:49 / 30.05.2026