Ўзбекистон | 11:17 / 07.04.2023
27680
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти ҳокимига биринчи ўринбосар тайинланди

Анвар Каримов вилоят ҳокими ўринбосарлигидан кетди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Раҳимжон Бобоев Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Рахимжон Бобоев 1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 1999 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети бакалавриатини, 2001 йилда шу университетнинг магистратурасини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — менежмент, бошқарув менежменти.

Бобоев меҳнат фаолиятини «Ўзмевасабзавотузумсаноат-ҳолдинг»да бошлаган, 2006–2016 йилларда «Ўзвиносаноат-ҳолдинг» ҳолдинг компанияси Молия ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғи, компания бошқарув раиси ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган, 2016–2017 йилларда Боёвут туманида, 2017–2020 йилларда Ховос туманида ҳоким бўлган.

2020 йил давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги директори бўлиб ишлаган, 2020 йил охиридан бугунга қадар Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Маълумот учун, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини 2019 йил апрелидан буён Анвар Каримов эгаллаб турганди.

Анвар Каримов

Бугун президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюради. Давлат раҳбари халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессиясида иштирок этади. Шунингдек, ижод мактаби ва саноат корхоналари фаолияти билан танишиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган.   

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрида Акмал Маҳмудалиев Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. Бугунги сессияда у ҳокимликка расман тасдиқланиши кутилмоқда.

Мавзуга оид