13:11 / 26.04.2023
10307

Уч нафар судя лавозимидан озод этилди

Уларнинг икки нафари саломатлиги туфайли, бири эса Судялар одоби кодекси талабларини бузгани учун ишдан бўшатилган.

Фото: yuz.uz

Судялар олий кенгаши қарори билан уч нафар судя лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда кенгаш матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан:

  • Фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судининг судяси Шерзод Холжигитов (Тошкент вилояти);
  • Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судяси Жамол Матниязов (Хоразм вилояти) саломатлиги туфайли ёзма аризасига биноан лавозимидан бўшатилган ва уларнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилган.

Шунингдек, Судялар одоби кодекси талабларини бузганлиги учун Аваз Ибодовнинг судялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилди.

Аввалроқ Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси ишдан олинганди. Kun.uz'даги маълумотга кўра, унинг ишдан бўшатилиши мазкур суд айрим ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

16 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьяси 4 минг долларни пора тариқасида олаётганда қўлга олинганди. Судьялар Олий Кенгаши – Бош прокурор тақдимномасига мувофиқ Жиноят ишлари бўйича коррупционер судьяни Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берган. Ишга доир бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган.

2022 йили Тошкент туманлараро иқтисодий судининг бир нафар ва Зангиота туманлараро иқтисодий судининг икки нафар собиқ судьялари жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бундан ташқари, Тошкентда ноқонуний эгалланган ер участкалари бўйича ишларни манфаатдорлар фойдасига ҳал қилиб берганликда гумонланаётган икки судя устидан жиноят иши очилганди.

Top