Жаҳон | 18:08 / 08.05.2023
13158
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Хитойга боради

18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида “Хитой-Марказий Осиё” саммити бўлиб ўтади.

Фото: Reuters

Марказий Осиё давлатлари президентлари май ойи ўрталарида Хитойга давлат ташрифи билан боради.

Хитой раиси Си Жинпинг таклифига биноан, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16-20 май кунлари Хитойда давлат ташрифи билан бўлади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Давлат ташрифи Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 18-19 май кунлари Сиан шаҳрида Си Жинпинг раислигида бўлиб ўтадиган «Хитой – Марказий Осиё» саммитидаги иштироки билан боғлиқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, бу саммит ҳақида 27 апрел куни Сиан шаҳрида ўтган Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувидан кейин эълон қилинганди. Бу учрашувдан бир неча кун олдин Хитойнинг Франциядаги элчиси постсовет давлатларининг суверенитетига шубҳа билдириб, айрим давлатлар ва Пекин ўртасида дипломатик можарога сабаб бўлганди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид