Ўзбекистон | 21:50 / 18.05.2023
49354
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов президент маслаҳатчиси этиб тайинланди

У 2022 йил апрелида энергетика вазири лавозимидан озод этилганди.

Фото: Kun.uz

Алишер Саидаббасович Султонов президентнинг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бу ҳақда президент администрациясига алоқадор манбалар хабар бермоқда.

«Газета.uz» манбасига кўра, Алишер Султонов 19 май куни Тошкентда иш бошлайдиган учинчи Халқаро энергетика конференцияси доирасида «Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплексини (ёнилғи-энергетика комплекси) динамик геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликлар шароитида стратегик режалаштириш» панел сессиясида президент маслаҳатчиси сифатида иштирок этади.

Алишер Султонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

2013−2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари бўлган, 2015 йил августидан 2018 йил сентябрига қадар «Ўзбекнефтгаз»га раҳбарлик қилган, 2017 йил ноябридан Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари лавозимида фаолият кўрсатган. 

2019 йил февралида Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ўрнатувчи янги вазирлик ташкил этилиб, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖдан давлат-ҳокимият ваколатлари мазкур вазирликка ўтказилган, президент Алишер Султоновни янги вазирликнинг биринчи раҳбари этиб тайинлаганди.

2022 йил апрелида у президент фармонига асосан, саломатлиги туфайли бошқа ишга ўтиши муносабати билан энергетика вазири лавозимидан озод этилганди. Шундан кейин у фаолиятини қайси ишда давом эттираётгани маълум қилинмаганди.

Айни вақтда президент сайтининг Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати бўлимида президентнинг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳақида маълумот кўрсатилмаган.

Мавзуга оид