Магнит бўронлари ўзи нима, уларнинг рўй бериши кўпайганми?
Кейинги пайтда магнит бўронлари ҳақида кўп эшитяпмиз. Ҳатто Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам бу ҳақда тез-тез огоҳлантирмоқда. Аммо илгари бундай огоҳлантиришлар негадир қулоғимизга чалинмасди. Магнит бўрони ўзи нима? Нима учун авваллари бу ҳақда кўп гапирилмаган? Ёки бу яқиндан бери кузатилаётган аномал ҳодисами? Мақолада шу ҳақда сўз юритамиз.
Теlegram-каналларда 15 июндан 16 июнга ўтар кечаси Ерни магнит бўрони қоплагани, об-ҳавога таъсирчан одамлар эҳтиёт чорасини кўришлари, хусусан, соат 11:00-17:00 оралиғида ташқарида юрганда бош кийим кийиш, кўзойнак тақиш кераклиги таъкидланган хабарлар тарқалди.
Бошқа хабарларда 17 июнь куни 5 балл, 19-20 июнда эса 4 балли геомагнит тебранишлари кузатилиши, бу ҳолат 24 июнга қадар давом этиши ҳақида сўз боради. Айрим каналларда метеорологлар магнит бўронининг одамларга салбий таъсири бугун тундан бошлаб чўққисига чиқиши ҳақида огоҳлантиришгани хусусида ёзишган.
Хўш, бу хабарлар қанчалик асосли? Нима учун илгари бундай огоҳлантиришларни эшитмаганмиз? Ёки магнит бўронлари илгари юз бермаганми? У жуда кўп касалликларни қўзғаши ростми?
Нега авваллари бу ҳақда гапирилмаган?
Сомон йўли галактикаси 100 млрддан ортиқ юлдузларни жамлаган ва улардан бири – бизнинг Қуёшимиз. Бу газли шар Қуёш тизимининг 99,8 фоиз массасига эга, унинг диаметри Ер диаметридан 109 баробар каттароқ. Қуёш сиртида кузатиладиган доғлар сайёрамиз ўлчамидан ҳам бир неча баробар катта. Бу доғлар ҳар 11 йилда Қуёшда рўй берадиган табиий цикл – юлдузнинг коинотдаги «об-ҳаво»га таъсир ўтказувчи фаоллигидан сўзлайди.
Қора доғлар қуёш чақнашларига сабаб бўлади, чақнаш туфайли тожсимон отилишлар содир бўлади. Натижада Қуёшни ўраб турган фазога магнит заррачаларидан иборат булутлар ажралиб чиқади. Қуёш чақнашларининг нурланиши ҳам Ер магнит майдони ишига таъсир ўтказади – унинг жунбишга келиши бир неча соатдан бир неча сутка давом этадиган геомагнит бўронларга сабаб бўлиши мумкин.
Магнит бўронлари атамаси азалдан бор, аммо сўнгги йилларда кўп диққат марказига чиқмоқда. Ҳатто кўп касалликларнинг қўзғалиши шу ҳодиса билан боғланяпти. Олимларга кўра, бундан 150 йил аввалги магнит бўронлари ҳақида қайдлар мавжуд. Кейинги пайтда бу ҳақда кўп гапирила бошлагани интернетнинг ривожлангани, одамларда ахборот манбалари кўпайгани ва ахборот алмашинув тезлашгани билан боғлиқ. Илгари одамлар бу ҳақда етарлича маълумотга эга бўлмагани, ОАВда бу ҳақда кўп гапирилмагани учун геомагнит тебранишлари вақтидаги салбий оқибатларни бошдан кечирсалар-да, унинг келиб чиқиш сабабларини била олишмаган
Кимлар кўпроқ азият чекади?
Магнит бўронлари бир вақтда Ер юзининг йирик майдонларида кузатилади ва кўпчилик буни ҳис қилади. Айниқса юрак-қон томир, юрак ишемик касаллиги билан оғриган ёки миокард инфаркт, инсультни бошдан кечирган инсонлар бу жараёнларни оғир ўтказишади. Шунингдек, сурункали хасталиги бор ўрта ва катта ёшли инсонлар, асаб касаллигига чалинган беморлар ҳам бу ҳодисадан азият чекишади.
Бундан ташқари, геомагнит тебранишлардан артериал гипертония хасталигига чалинган беморлар (бу пайтда уларнинг организмида ташқи стрессларга чидамлиликни таъминлайдиган мелатонин моддаси ишлаб чиқарилиши камаяди), бронхиал астма билан оғриган одамлар саломатлигида ҳам муаммоларни келтириб чиқариши кузатилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош неврологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ёқутхон Мажидовага кўра, қон босимининг фавқулодда ошиб ёки пасайиб кетиши уларнинг саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин.
Магнит бўронлари таъсирида қон айланиши ўзгариши асосий таъсир воситаси ҳисобланади. Чунки эритроцитлар таркибидаги темир моддаси магнитдан таъсирланади. Қуёш чақнашлари туфайли ҳосил бўлган магнит майдони гипертоникларда қон босими ошиши, гипотоникларда эса аксинча, қон босими пасайишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, бош оғриғи, ҳолсизлик, жиззакилик, уйқусизлик, кўнгил айниши, қусиш, юрак муаммолари, нафас қисилиши, қолаверса, турли аллергик реакциялар кузатилиши эҳтимоли мавжуд.
Тавсиялар
Магнит бўронлари вақти-вақти билан албатта содир бўлувчи ҳодиса экан, бу жараёндан инсон ўзини ҳимоялаши шарт. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бундай пайтда амал қилиш лозим бўлган қатор тавсиялар ишлаб чиқилган (бу тавсиялар сурункали касалликларга чалинганлар, кекса ёшли инсонлар ва ҳомиладор аёллар учун айниқса фойдалидир):
· магнит бўрони пайтида жисмоний фаоллик, жумладан зўриқтирувчи ишлар ва машғулотларни чеклаш мақсадга мувофиқ;
· овқатланиш рационига алоҳида эътибор қаратиш ва кўпроқ суюқлик ичиш лозим;
· шўр таомлар ва дудланган маҳсулотлар истеъмолини чеклаш керак (чунки туз организмда сув миқдорини камайтириб, қон босими ошишига сабаб бўлади);
· серсув мева-сабзавотлар, калий ва С витаминига бой маҳсулотлар ҳам саломатлик учун жуда фойдали;
· кун давомида бир неча марта душ қабул қилиш ҳам катта самара беради;
· магнит бўрони кузатиладиган кунларда спиртли ичимликлардан бутунлай воз кечиш шарт;
· юрак хуружи ва инсультни бошдан кечирганлар маълум муддат машина ҳайдамаганлари маъқул;
· бундай шароитда саёҳат қилишни кечиктириб туриш керак;
· ҳўл мевалар, қолаверса, майиз ва туршак каби калийга бой маҳсулотлар, таркибида C витамини кўп бўлган банан ва бошқа цитрус неъматлардан истеъмол қилиш зарур;
· тинчлантирувчи хусусиятга эга чойлардан ичиш ҳам фойдали;
· уйқудан олдин тоза ҳавода сайр қилиш ва тўйиб ухлаш тавсия этилади;
· сурункали касалликларга чалинганлар эса ўзлари билан шифокорлар томонидан буюрилган дори-дармонларни олиб юришлари ҳамда қон босимини тез-тез назорат қилиб туришлари лозим.
Геомагнит тебраниш кузатилаётган вақтда жисмоний меҳнат билан бир қаторда ақлий меҳнатда ҳам организмни зўриқтирмаслик талаб этилади. Сурункали касалликлари бор беморлар, айниқса юрак-қон томир касалликлари, жумладан инсульт ўтказганлар ёлғиз қолмасликлари талаб этилади.
Бошқа хавфлар
Магнит бўронларининг 5-6 баллдан юқори бўлган ва хавфли саналадиган даражалари нималарга олиб келади? Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳадовнинг айтишича, инсон саломатлигидаги салбий ўзгаришлардан ташқари, юқори кучга эга магнит майдонлари электр таъминоти, телефон алоқаси, телевидение, интернет, GPS-навигатор тизимларидаги узилишларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Илгари бундай ҳолатлар юз берган. Жумладан, 1859 йилги Қуёш фаоллиги тарихдаги энг кучли геомагнит бўронига сабаб бўлган, 1989 йили кузатилган геомагнит тебранишлари оқибатида Канаданинг Квебеки электр энергиясиз қолган, электр ускуналарини ишдан чиқарган, АҚШнинг кўплаб шаҳарларида эса электр энергияси узатиш билан боғлиқ муаммолар юз берган.
Шунингдек, тез ўзгарувчан магнит майдонлар сув ва газ ҳисоблагичларининг нотўғри ишлашига, қувурларнинг тез коррозияга учрашига ва ҳатто инсонлар ҳамда сутэмизувчиларнинг радиациядан зарарланишига олиб келиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Россия Фанлар академиясининг П.Лебедев номидаги Қуёш физикаси институти рентген астрономияси лабораторияси олимларига кўра, магнит бўрони энергетик тизимлар ва космик аппаратларни бошқариш тизимларига кичик таъсир ўтказиши мумкин.
National Geographic нашрининг ёзишича, ўта кучли геомагнит бўронлари миллионлаб инсонларни электр чироғисиз, ичимлик сувисиз, иссиқлик, канализация, интернет ва телефон алоқасисиз қолдириши мумкин.
Бугун йирик мегаполисларга хизмат кўрсатаётган электр энергияси тизимларига магнит бўронларининг таъсири 50 миллиондан ортиқ аҳоли учун ёппасига блэкаут ҳосил қилиши мумкин. Бу ҳолатда технологик жараёнларнинг тикланиши учун ойлаб вақт талаб этилади. Бахтга кўра, яқинда рўй берган магнит бўронлари чоғида сунъий йўлдошли алоқа воситалари кўп ҳам зарар кўрмаган.
Олимларнинг хавотирига кўра, кучли қуёш чақнаши Ернинг замонавий аҳолиси учун кўплаб муҳим тизимларни – сунъий йўлдошлардан тортиб электр тармоқларигача ўчириб қўйиши мумкин. Шунингдек, қуёш чақнашлари самолётлар ва космик кемаларнинг электрон жиҳозларига зарар етказиши мумкин. Бутун дунё метеорологлари ва астрономлари бу муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда. Энди метеорологлар қуёш бўронини у бошланишидан олти соат олдин аниқ башорат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
16:51 / 16.11.2024
Бундан 50 йил олдин ўзга сайёраликларга биринчи хабар юборилганди. Унда нималар ёзилган?
20:25 / 14.11.2024
Кичик астероид Ер билан тўқнашишдан атиги икки соат олдин аниқланди
00:32 / 25.10.2024
Қуёшда кучли чақнаш содир бўлди. Бу Ерда магнит бўронини юзага келтириши мумкин
21:01 / 09.09.2024