Ўзбекистон | 18:42 / 15.07.2023
34965
3 дақиқада ўқилади

3 млндан 209 млрд сўмгача – қайси ҳокимликда қанча қарздорлик бор?

Суд қарорлари асосида МИБ томонидан юритилган ижро ҳужжатларига кўра ҳокимликлар зиммасида миллиардлаб суммадаги қарздорликлар борлиги маълум бўлди. Бу борада пойтахт ҳокимлиги мутлақ “рекордчи”.

Тошкент шаҳри 

Ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги энг кўп бўлган ҳокимлик Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳисобланади. Унинг қарздорлиги 209,5 млрд сўм. Пойтахт ҳокимлигининг энг катта – 88,5 млрд сўм қарздорлиги “Хисорак Бешёғоч” МЧЖдан. Kun.uz ушбу мавзуни олдинроқ бир неча бор ёритганди. Кўплаб бизнес корхоналари – банкдан то заргарлик фирмасигача эгалик қиладиган пойтахт ҳокимлиги “бўйнида” шунча қарздорлик осилиб турибди.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчиликка маълум бўлган ҳолатларда 2022 йилда қарийб 20 млрд сўмлик кўнгилочар тадбирлар, фестиваллар ўтказган. Бу йил “Пахтакор” клубига ҳомийлик мақсадида 7 млрд сўм инъом қилди.

Андижон

Қарздорлар рўйхатда Тошкент шаҳридан кейинги ўринни Андижон вилояти эгаллаб турибди: вилоят ҳокимлигининг суд қарорларига асосан юритилаётган ижро ҳужжатлари бўйича умумий қарздорлиги 13,9 млрд сўм. Ҳокимлик қарздорлигининг энг катта қисми – 1 млрд 770 млн сўми АТ “Халқ банки”дан.

Сурхондарё

Сурхондарё вилояти ҳокимлигида суд қарорлари билан юритилаётган ижро ҳужжатлари бўйича 775,6 млн сўм қарздорлик бор. Шундан 745,8 млн сўми битта МЧЖга тегишли. Мазкур иш бўйича ижро ҳужжати қарийб икки йил олдин, 2021 йил август ойида қўзғатилган.

Қашқадарё

Бу каби қарздорлик Қашқадарё вилояти ҳокимлигида 147 млн сўмни ташкил қилади. Шундан энг йирик – 72,6 млн сўм қарздорликда ундирувчи сифатида фуқаролик ишлари ўйича Қарши туманлараро суди кўрсатилган.

Сирдарё

Сирдарё вилояти ҳокимлигида бу турдаги қарздорлик 68,2 млн сўмни ташкил қилади. Шундан 59,2 млн сўми 2019 йил август ойида суд қарори билан қўзғатилган ижро ҳужжати бўйича 666,2 млн сўм қарздорликнинг тўланмаган қолдиқ қисми ҳисобланади. 

 

Тошкент вилояти

Тошкент вилояти ҳокимлигида ижро ҳужжатлари бўйича тўлаб берилмаётган 31,4 млн сўм қарздорлик бор. Ушбу қарздорликнинг 15,2 млн қисми фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судининг қарори билан қўзғатилган ижро ҳужжатига тегишли. Унда ҳокимлик фуқародан қарздор эканлигини кўриш мумкин.

 

Навоий

Тўлаб берилмаётган қарздорлик Навоий вилояти ҳокимлигида ҳам бор – 23,2 млн сўм. Ушбу қарздорликнинг 20 млн сўми катта эҳтимол билан электр энергиясидан юзага келган. Сабаби, 20 млн сўм қарздорликнинг ундирувчиси сифатида Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси кўратилган.

 

Қолган ҳудудлар

Жиззах вилояти ҳокимлигида 7,8 млн сўм, Хоразм вилояти ҳокимлигида 4 млн сўм, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида 3,4 млн сўм ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигида 3,2 млн сўм қарздорлик бор. Бухоро, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳокимликларида бундай қарздорлик мавжуд эмас.

Ушбу маълумотлар МИБнинг онлайн базасидан олинди. Ҳокимликларнинг бу базага киритилмаган қарздорликлари ҳам бўлиши мумкин. Аммо уларни очиқ манбалар асосида аниқлашнинг имкони йўқ.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид