Ўзбекистон | 18:50 / 28.07.2023
20961
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Улуғмуродовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Олий суд кассация инстанцияси ажрими билан Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни қўллаган ҳолда – 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жазони ижро этиш жойларида қамоқдан дарҳол озод қилиниши белгиланган Улуғмуродов жазосини яшаш жойида тунги вақтларда кўчага чиқмасдан ўтайди.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, биринчи инстанция суди жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган бўлсада, иш ҳолатларига, унинг содир этган жиноий қилмиши, ўзининг шахси ва содир этилган ижтимоий қилмишга нисбатан кейинги муносабатларига етарлича эътибор қаратмасдан, Ж. Улуғмуродовни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас, деб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлаган. 

“Жиноят-процессуал кодексининг 509-9-моддаси (кассация инстанцияси судининг ваколатлари) да кассация инстанцияси суди жиноят ишини кўриб чиқишда биринчи инстанция судининг ҳукмини ва апелляция инстанцияси ажримини ўзгартириш тўғрисида ажрим қабул қилишга ҳақли эканлиги белгилаб қўйилган.

Шу сабабли кассация судлов ҳайъати, иш бўйича Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди.

Шу тариқа Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги ажримига мувофиқ Ж. Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди”, - дейилади Олий суд баёнотида.

Улуғмуродовнинг қамоқда сақланган даври чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди. У озодликни чеклаш жазосини яшаш жойи бўйича ўтайди: соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш тақиқланди. Шунингдек, Олий суд ажрими билан Жаҳонгир дарҳол жазони ижро этиш жойларида қамоқдан озод қилиш белгиланди.

Адвокат А. Абдуллаевнинг ҳимояси остидаги Ж. Улуғмуродовни оқлаш ҳақидаги шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Жаҳонгир Улуғмуродов синфдошларига YouTube'даги нашида (диний ашула) ҳаволасини юборгани 2023 йил йил 8 май куни ЖИБ Тошкент вилояти Оққўрғон туман суди томонидан ЖК 244-1-моддаси 3 қисми “г” бандида назарда тутилган ҳаракатни содир этишда айбдор, деб топилган. Унга ЖК 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

17 июл куни Тошкент вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан биринчи инстанциясининг чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирган эди.

19 июл куни Жаҳонгир Улуғмуродовнинг ота-онаси ва адвокати Олий судга борган ҳолда, кассация аризасини киритган эди.

Мавзуга оид