9 июлда – президентлик сайлови

Ҳафтанинг асосий янгиликлари душанба куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишдан бошланди. Давлат раҳбари конституциявий референдум якунлари ҳақида маъруза қилиб, нутқининг якунида муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди. Сайлов 2 ойдан кейинга – 9 июл кунига белгиланди.

Шавкат Мирзиёев қолган уч ярим йиллик президентлик муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечаётгани ҳақида гапириб, буни – конституция ислоҳ қилингани, халқ давлатдан муҳим ўзгаришларни кутаётгани ва бошқа сабаблар билан изоҳлади.

“Асосий қонунимизда халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи, деб бежиз ёзилмаган. Шу нуқтайи назардан, янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ. Ўйлайманки, бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлади”, – деди президент.

Давлат раҳбарининг муддатидан илгари президентлик сайловини тайинлаш ваколати борлиги янги конституцияга киритилган эди. Бунинг тартиби қанақа бўлишини Сайлов кодексига киритиш жараёни фавқулодда тез бўлиб кетди. Тегишли қонунни 2 май куни депутатлар қабул қилди, 4 май куни сенаторлар маъқуллади, 6 майда эса ҳужжатни президент имзолади. Қонунга кўра, президент муддатидан илгари сайлов ўтказишни тайинласа, сайлов 2 ой ичида ўтказилиши керак. Шунга мувофиқ, 8 майдаги фармон билан, сиёсий тадбир 9 июлга белгиланди.

Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини очиқ деб эълон қилиши ортидан, сиёсий партиялар бирин-кетин ўз номзодларини очиқлай бошлади. Парламентда энг кўп ўринга эга икки партия – ЎзЛиДеП ва Миллий тикланиш