Ўзбекистон | 10:45 / 01.09.2023
31481
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги икки пост очилди

Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг Марҳамат ҳамда Аравон туманларини боғлайдиган Мингтепа/Қора-Боғиш чегара ўтказиш пункти очилди. Шунингдек, Андижон ва Жалолобод вилоятларини боғловчи Хонобод/Бек-Обод чегара ўтказиш пункти ҳам очилган.

1 сентябр куни Андижон вилоятида 2009 йилдан буён ёпиқ бўлган «Мингтепа» ва «Хонобод» ўзбек-қирғиз чегара божхона постлари очилди.

Марҳамат туманида жойлашган, Қирғизистоннинг Аравон тумани билан боғловчи «Мингтепа» (Мингтепа/Қора-Боғиш) чегара пости аввал 0,5 гектар майдонда жойлашган, ҳозирда эса 1,12 гектар майдонни эгаллайди.

Марҳамат туманидаги Қирғизистон билан чегара пости очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қатнашиб, икки элни бирлаштирувчи режалардан яна бири амалга ошгани билан табриклади.

«Авваламбор барчангизни кеча сиз нишонлаган Қирғизистон мустақиллиги куни билан, бугун Ўзбекистонимизда нишонланаётган Ватанимиз мустақиллик байрами билан чин юрагимдан табриклайман. Ҳурматли президентимиз ташаббуслари билан, қолаверса Қирғизистон президенти қўллаб-қувватлови билан икки элни бирлаштириш бўйича жуда катта-катта ишлар амалга ошириляпти», — дейди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, кундузги вақтда фаолият олиб борувчи халқаро мақомдаги «Мингтепа» чегара божхона постида бир кунда 4−5 минг фуқаро ҳамда 200 тагача автотранспорт воситаси ўтиши ва қайтиши мумкин.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг энг шарқий ҳудудидаги Хонобод шаҳрида жойлашган «Хонобод» (Хонобод/Бек-Обод) чегара божхона постининг ҳам очилиши бўлиб ўтди. Бу пост ҳам 2009 йилда ўз фаолиятини тўхтатганди.

Аввал 1,3 гектар майдонда жойлашган пост бугунги кунда 2,2 гектар майдонда қайта ташкил этилган.

Узлуксиз фаолият олиб борувчи халқаро мақомдаги ушбу постда кунига 9−10 минг фуқаро ҳамда 300 тагача автотранспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов нутқ сўзлаб, Шавкат Мирзиёев у билан боғлангани ва ҳаммани унинг номидан табриклашини айтганини билдирди.

«Ҳозир йўлда келаётсам, ҳурматли президентимиз алоқага чиқиб, ҳаммани менинг номимдан табриклагин, деди», — дея таъкидлади у.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан икки давлат фуқаролари ID карталар орқали («загран» паспортсиз) икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туришлари мумкин бўлди.

Мавзуга оид