11:00 / 29.10.2023
21010

“Мобил қуллик”нинг тугаши, фермерларга озодлик эҳтимоли ва қаллобларга чала жазо — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Телефон рақам ва IMEI бўйича ўзгаришлар

2017 йил бошидан бери, яъни салкам 7 йилдан буён муҳокама қилиб келинаётган ўзгаришлардан бири ниҳоят амалга ошди. Энди Ўзбекистонда ҳам телефон рақамни сақлаб қолган ҳолда, алоқа операторини ўзгартирса бўлади. Бу янгилик 27 октябр куни, Тошкентдаги ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида эълон қилинди.

Бунинг қулайлиги шундаки, эндиликда абонентлар мобил алоқа операторларининг хизмат сифатига қараб исталган компанияни танлаши, шу билан бирга, ўз рақамини ўзгартирмай сақлаб қолиши мумкин. Бу айниқса қимматбаҳо рақам эгалари учун катта қулайлик туғдиради. Рақамни битта компаниядан иккинчисига чекланмаган марта олиб ўтса бўлади, фақат охирги ўзгаришдан камида 1 ой ўтган бўлиши керак.

Бу имкониятдан фойдаланиш учун абонент ўзи ўтмоқчи бўлаётган алоқа операторининг офисига мурожаат қилиб, ариза бериши ва тўлов қилиши керак. Тўлов миқдорини операторлар мустақил белгилайди. Ҳозир аксар компаниялар бу миқдорни 60 минг сўм деб белгилаган. Янги SIM-карта олиш жараёни 10 дақиқа, бу SIM-картага эски рақамни бириктириш эса узоғи 8 соатгача вақт олади.

ICTWEEK'да IMEI тизими бўйича ҳам бир нечта ижобий янгиликлар маълум қилинди. Уюшган жиноий гуруҳлар хорижга чиқиб келган фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг номига мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиб келгани бу борада асосий муаммолардан бири эди. Расмийларга кўра, энди қурилмани UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказишда масофадан туриб шахсни биометрик идентификация қилиш, яъни Face-ID амалиёти жорий этилган. Фуқароларга уларнинг номига қачон ва қанақа қурилмалар рўйхатдан ўтказилганини кўриш имкониятини яратиш устидаги ишлар эса ҳали давом этаётгани айтилди.

Бундан ташқари, эндиликда жисмоний шахслар хориждан ўзи билан олиб кирган битта эмас, иккита телефонни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказиши мумкин. Шунингдек, чет эл фуқаролари эса мобил қурилмаларидан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш даври амалдаги 30 кундан 60 кунга узайтирилди.

Фермерга кластерни танлаш эрки бериладими?

Яхши янгиликлардан яна бири – фермерларга кластерни ихтиёрий танлаш имконияти берилиши мумкин. Шавкат Мирзиёев бу йилги мавсумдан тўғри сабоқ чиқариб, қишлоқ хўжалигидаги ёндашувларни ўзгартириш вақти келганини айтди. Маълум қилинишича, ҳозирда келгуси йилдан бошлаб фермерларга кластерларни ихтиёрий танлаш ва ҳосилнинг шартномадан ортиқча қисмини эркин сотиш имкониятини бериш масаласи муҳокама қилиняпти.

Ҳуқуқий жиҳатдан олганда, фермерларда бундай имконият ҳозир ҳам бор. Қонунчиликка кўра, фермер ўзи ишлаётган вилоят ҳудудидаги кластерлар орасидан хоҳлаган биттаси билан шартнома тузиши, ёки умуман кластер билан ишламасдан, бошқа фермерлар билан бирга кооперативга бирлашиши мумкин. Лекин уларнинг бошқа кўплаб ҳуқуқлари қаторида, кластерни эркин танлаш ёки умуман танламаслик ҳуқуқи кластерларнинг манфаатига хизмат қиладиган ҳокимлар томонидан поймол қилиб келиняпти.

Албатта, фермер ҳуқуқини чеклаётганлар фақат маҳаллий расмийлар эмас. Президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев бу ҳафта яна жамоатчилик эътиборига тушди. У селекторда берган топшириққа асосан, кластерлар теримни тугатмаган фермерларнинг далаларига комбайн киритиб, пахтани териб кетишга рухсат олди.

“Фермер менинг пахтамни териб кетдинг, дея олмайди. Кластер берган маблағ, кластер берган ўғит, кластер берган чигит. Фермер нима деган тақдирда ҳам кластер ноқонуний иш қилмаган бўлади”, – деди Шуҳрат Ғаниев.

Қонунчилик, албатта, Ғаниев айтганидек эмас. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасига кўра, фермер етиштирган маҳсулотини ўз хоҳишига кўра тасарруф қилиш ҳуқуқига эга. Бу қонуннинг 22-моддасида фермер хўжаликларининг ишига давлат амалдорларининг аралашишига йўл қўйилмайди, деб ёзиб қўйилган.

Соҳа вакилларига кўра, айрим жойларда пахта биринчи теримдан кейин терилмай қолиб кетаётганига сабаб – теримчиларнинг йўқлиги. Чунки терим нархи ҳатто қишлоқларда ҳам меҳнат бозори иштирокчилари учун етарлича жозибадор эмас. Бу эса кластерлар фермерлардан пахтани паст нархда сотиб олаётгани билан боғлиқ. Яъни далада қолган пахтани териб топширишдан фермер манфаатдор эмас.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу йил пахта қайси нархда харид қилинишини эълон қилмади. Буни изоҳлаган вазир Азиз Воитов нархни кластерлар ва фермерлар эркин бозор тамойилларига асосланиб белгилашини айтди. Лекин фермерларда танлов имкониятининг йўқлиги, улар кластерларга қарам қилиб қўйилган шароитда эркин бозор муносабатлари ҳақида гапириб бўлмайди. Қолаверса, вазир ҳавола бераётган ҳужжатларда 2023 йил пахта ҳосили учун 2023 йил 1 февралгача, 2024 йилги ҳосил учун эса 1 октябргача шартномалар тузилиши керак эди, лекин ҳар иккаласи ҳам ўз вақтида бўлгани йўқ.

Шуҳрат Ғаниевнинг ноқонуний топшириғига бирор расмий акс-садо бўлмади, лекин шу топшириқ сабаб бўлиб фермерларнинг эрксизлиги мавзуси кўтарилгани фонида, давлат раҳбарининг кластерларни ихтиёрий танлаш ва ортиқча ҳосилни эркин сотиш ҳақидаги баёноти янгради. Шу куни қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ишдан олинди.

Воитов 2022 йил августидан бери вазир лавозимида эди. Унинг ўрнини олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов эгаллайди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига эса Президент администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти директори Одил Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланадиган бўлди.

Қонундаги лазейка – фирибгарларга рағбат

“Жиноят кодексининг 74-моддасида жазони енгилроғи билан алмаштириш деган қоида бор. Масалан, фирибгарлик учун 8 йил олган шахс жазонинг учдан бирини, яъни 2 йил-у 8 ойини ўтаб бўлганидан кейин, енгилроқ жазо билан очиққа чиқиши мумкин бўлади. Тасаввур қиляпсизми? Миллиардларни ўзлаштирган фирибгар бу пуллардан бир сўмини қайтариб бермаса-да, 2 йил-у 8 ойдан сўнг озодликка чиқиб, ўзлаштирган пулларини маза қилиб еб юради. Юқоридаги каби жазодан осон қутулиб кетиш ҳоллари амалиётда тўлиб ётибди”.

Бу – икки йил олдин фирибгарлик мавзусида Kun.uz'да эълон қилинган мақоладан парча эди. Афсуски, орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳам, қаллобларга катта шароит яратиб бераётган қонунчиликда бирор ўзгариш қилинмади. Натижада биз юзлаб, минглаб одамлар чув тушаётган янгидан янги фирибгарликларга дуч келишда давом этяпмиз.

Шу ҳафта маълум бўлишича, 2021 йилда “Авто 60 ой” иши бўйича 8 йилга қамалган Жамшид Баҳодиров ҳозир озодликда. У одамларга фоизсиз, пулини 5 йилга бўлиб тўлаш шарти билан автомобил олиб беришни ваъда қилиб, минглаб фуқароларни 34 млрд сўмдан ортиққа туширган, суд уни 8 йиллик қамоққа равона қилган эди. Маълум бўлишича, Жамшид Баҳодиров 3 йилга бормай озодликка чиқиб олган.

Бунинг устига, у яна “арзон ва қулай шартларда автомобил ҳамда квартиралар олиб бериш хизматлари”ни таклиф қилиб, юзлаб одамлар билан шартнома тузишда иштирок этгани айтиляпти. Kun.uz ихтиёридаги материаллар яна юзлаб одамлар навбатдаги йирик фирибгарлик қурбонига айланганини кўрсатяпти. Бу ҳақда батафсил яқин орада сайтимизда ўқишингиз мумкин бўлади.

Ҳафта давомида қаллобликда гумонланаётган яна бир шахс муҳокама мавзуларидан бири бўлди. Қўштирноқ ичидаги “бизнес тренер” Ислом Иброҳимов қидирувга берилган. Ички ишлар вазирлиги сайтидаги маълумотга кўра, у жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда гумонланяпти.

Kun.uz суриштирувига кўра, Иброҳимов одамларни ўзининг компаниясига инвестиция киритишга таклиф қилиб, йилига 70 фоизлик фойдани ваъда қилган. У жами 200 га яқин одамни салкам 500 минг долларга “ухлатиб кетган” бўлиши мумкин. Уни қўлга олиш эса, афтидан, ички ишлар органларига осон бўлмайди. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қараганда, Ислом Иброҳимов ҳозир чет элда бўлиши мумкин. У гўёки Канадага борганини айтиб жойлаган расм ва видеолари бу иддаоси ёлғон эканини сотиб қўяяпти. Ўрганишларимизга кўра, бу кадрлар катта эҳтимол билан Дубай шаҳрида олинган.

Аслини олганда, Ислом Иброҳимов одамларни лақиллатиб юргани ўтган йилиёқ SUBYEKTIV лойиҳасининг филмидан кейин аниқ бўлган эди. Ички ишлар вазирлиги бу ҳолатга нега ўшандаёқ эътибор қаратмагани таажжубланарли. Қолаверса, агар вазирлик қонунчилик шу ҳолатда қолишига индамай қараб тураверса, 8 йилга қамалиб, 3 йилга бормай чиқиб келган фирибгарлар рўйхати кенгайишда давом этаверади.

Адвокатларнинг оғзини ёпишмоқчи

Адвокатлар палатаси томонидан ишлаб чиқилган янги ҳужжат лойиҳаси адвокатура соҳаси ва инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни инқирозга етаклаши мумкин. Хавотирли лойиҳага палатанинг ўзи қарши эканини билдирган бўлса ҳам, лойиҳа ҳамон кун тартибида қоляпти.

Гап шундаки, Адвокатлар палатаси “Адвокатнинг касб этикаси қоидалари”ни янги таҳрирда қабул қилмоқчи. Лойиҳанинг 55-моддаси билан, адвокатларга оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларини муҳокама қилиш, “олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материаллар”ни жойлаштирмаслик талаби қўйилиши мумкин. Яъни бу – тўғридан тўғри сўз эркинлигининг чекланиши бўлади.

Лойиҳа муаллифларининг изоҳлашича, адвокатларнинг танқидий чиқишлари гўёки ислоҳотларга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаряпти. “Мазкур вазиятлар кескинлашиб, халқнинг ноқонуний митинглар уюштириши, аҳоли тинчлиги бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда”, – дейилади расмий изоҳда.

Жамоатчилик ва адвокатларнинг эътирозларидан кейин, лойиҳа муаллифи экани айтилган Адвокатлар палатасининг ўзи бу моддага қарши экани ва у қоидаларга киритилмаслигини айтиб баёнот берди. Айни пайтда, Kun.uz билан суҳбатлашган соҳа вакилларига кўра, лойиҳанинг баҳсли жойи фақат 55-моддадан иборат эмас. Унда адвокатлар мустақиллиги ва эркинлиги чекловчи бошқа талаблар ҳам бор. “Бу ҳужжат тасдиқланса, ишламасак ҳам бўлаверади”, деди адвокатлардан бири. Лойиҳа Адвокатлар палатасининг 18 ноябр кунги конференциясида муҳокамага қўйилиши кутиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Навбатдаги дарахтлар қирғини Тошкент туманидаги дендропаркда рўй берди. Маълум бўлишича, бу ерда 85 туп қимматбаҳо навли дарахт кесиб ташланган, 103 туп дарахт эса қуриб қолган. Дастлаб 100 гектардан иборат бўлган ўрмон ҳудуди ҳозир 57 гектар бўлиб қолган. Тадбиркорлик ниқоби остида иссиқхона қуриш учун олинган жойлар аста-секин 4 сотихдан бўлиниб, уй-жой жой қуриш учун сотиб юборилган. Прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши очди.

Қашқадарёда ичимлик суви билан даласини суғорган икки деҳқонга жазо тайинланди. Нишон туманидаги деҳқон хўжалиги раҳбари магистрал тармоққа ноқонуний уланиб, экинларини суғориш учун 280 млн сўмлик сув ўғирлаган. Бунинг учун у 3 йилга қамалди. Шаҳрисабз туманида эса фермер 60 млн сўмлик сув ўғирлагани аниқланиб, унга 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Фарғонанинг Учкўприк туманида ҳокимлик ходимлари қимор ўйнагани учун ишдан олинди. Туманнинг камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ўринбосари ҳамда иқтисодиёт-молия бўлими бошлиғи иш жойида қарта ўйнаётгани расми интернетда тарқалиб кетган эди. Маълумот учун, бу каби ҳолатлар аввал ҳам кузатилган ва уларда ҳам қимор ўйнаган масъуллар ишдан олинган эди.

Тошкентдаги яна битта “новостройка”да лифт тушиб кетди. Воқеа Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасидаги уйлардан бирида содир бўлган, унда ичида одамлар бўлган лифт 9-қаватдан пастга тушиб кетиб, 5-қаватга етганида авария тормози сабабли тўхтаган. Расмийларга кўра, ҳеч ким жароҳат олмаган. Аниқланишича, лифт белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва фойдаланишга қабул қилинмаган. Уйда одамлар яшай бошлаганига эса салкам 3 йил бўлган.

Ўзбекистон Қирғизистонга ҳарбий вертолёт совға қилгани маълум бўлди. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, унинг мамлакати 2021 йилда Ўзбекистондан МИ-8МТВ русумли ҳарбий вертолётни бепул инсонпарварлик ёрдами сифатида қабул қилиб олган. Бундан ташқари, Ўзбекистон қирғиз ҳарбийларининг худди шундай вертолётлардан бирини Чирчиқ авиация заводида бепул таъмирлаб берган.

Ўзбекистон Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда. Бу борада мамлакатимиз БМТ Бош ассамблеясида қабул қилинган резолюцияни ёқлаб овоз берди. Исроилнинг ўзи, АҚШ ва Европа иттифоқининг айрим давлатлари ўт очишни тўхтатиш бўйича чақириққа қарши чиқди. Ҳафта давомида, шунингдек, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БАА, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчилари билан учрашиб, можарони фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуққа асосланган ҳолда ҳал қилишга чақирди.

Top