Ўзбекистон | 10:10 / 11.03.2024
18599
2 дақиқада ўқилади

Сайхунобод туманига янги ҳоким тайинланди

Анвар Каримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. “Микрокредитбанк” минтақавий филиали бошлиғи Комил Муллажонов туманга ҳоким этиб тайинланди.

Фото: Сирдарё вилояти хокимлиги

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Сайхунобод тумани ҳокими Анвар Каримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бугунга қадар «Микрокредитбанк» Сирдарё вилояти минтақавий филиали бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Комил Муллажонов туманга ҳоким этиб тайинланди.

Комил Муллажонов 1990 йилда Сайхунобод туманида туғилган. 2012 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2017 йил Банк-молия академиясини тамомлаган.

У фаолияти давомида «Ўзсаноатқурилишбанк» бош мутахассиси, бўлими бошлиғи, банкнинг Сирдарё минтақавий филиали бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Анвар Каримов 2019–2023 йилларда Сирдарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган, 2023 йил давомида аввалига ярим йилдан ошиқ вақт давомида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари бўлиб ишлаган, август ойида қишлоқ хўжалиги вазирига ўринбосар этиб тайинланган, ноябр ойидан буён Сайхунобод тумани ҳокими эди.

Анвар Каримов. Фото: Сирдарё вилояти хокимлиги

Мавзуга оид