Ўзбекистон | 10:00 / 18.04.2024
34708
11 дақиқада ўқилади

Советлар яширган яна бир фожиа – Тошкентда каналга қулаган автобус

Бундан ярим аср муқаддам Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи Бўрижар каналига ичида олтмишдан ортиқ йўловчиси бўлган Лаз автобуси қулаб тушади ва унда ҳайдовчидан бошқа барча ҳалок бўлгани айтилади. “Ўша кунни яхши эслайман. Одамларнинг жасадларини олиб чиқиб, каналнинг қирғоғига ётқизиб қўя бошлашди. Автобусни вертолёт билан чиқаришаётганди, аммо трос узилиб кетиб, автобус яна каналга қулаб тушди” дейди ҳодиса гувоҳлари.

Тарих саҳнида қарийб 70 йил яшаган совет иттифоқида ҳар қандай ёмон хабар одамларда сир тутиларди. 1957 йилда Челябинск вилоятидаги радиоактив моддалар ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган ҳалокат, 1961 йилда Гагариндан аввал фазога учишга тайёрланган космонавт Валентин Бандаренконинг фожиали ўлими, 1960 йилда Бойқўнғирда қитъалараро баллистик ракетанинг парвоз олдидан портлаб кетиши, 1962 йилда Новочеркассда нархлар оширилишига қарши чиққан ишчиларнинг ўққа тутилиши, 1986 йилда Чернобил АЭСда юз берган авария, шулар жумласидан.

Советлар юз берган фожиаларни яширар экан, улар ҳақида хориж нашрларида, радиоларида хабар бериларди. Бироқ совет ОАВ уларни рад этар ёки ҳалокатнинг кўламини жуда камайтириб кўрсатарди.

Турли ҳалокатларни яширишдан мақсад битта бўлган: «Советлар мамлакатида ҳаммаси зўр, одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти. Бу ерда одамларнинг барвақт ўлимига сабаб бўладиган ҳалокатлар содир бўлмайди».

СССРда содир бўлган кўплаб ҳалокатлар иттифоқ парчаланиб кетиши арафасида ёки ундан кейин ошкор бўлади. Унгача одамлар ҳеч нарсани билмаган. Аммо биз бугун ҳикоя қиладиган, Тошкентнинг деярли қоқ марказида рўй берган, бир неча ўнлаб одамлар ўлимига сабаб бўлган даҳшатли автобус ҳалокати ҳақида хозирга қадар ҳам хеч нарса маълум эмас.

Ҳодиса

1973 йил 19 январ куни соат 7:00 ларда Бешёғоч-Гўшт комбинати (бошқа версияларда Бешёғоч-Ўртаовул) йўналишида қатнайдиган ЛАЗ автобуси ҳайдовчиси Бўрижар канали ёқаси бўйлаб ҳаракатланаётиб, ўзидан олдинда кетаётган троллейбусни қувиб ўтишга қарор қилади.

Ўша куни ҳаво совуқ, йўллар музлама бўлган. Автобус троллейбусни қувиб ўтиш чоғида кўприкдан ўтади, қияликдан тушаётиб сирпаниб кетади ва ҳайдовчи бошқарувни йўқотади.

Шундан сўнг автобус бир неча марта йўл бўйлаб сирпанади, ҳайдовчи уни ўнглаб ололмайди. Автобус канал томон сирпаниб борар экан, ҳайдовчи унинг эшикларини очиб юбориш ўрнига ўзи томондаги эшикни очиб пастга сакрайди. Шу пайтда бир йигит ҳам ҳайдовчининг ортидан тушиб қолишга муваффақ бўлади.

Бошқалар автобус ичида қолиб кетишади. ЛАЗ олд томони билан баландлиги қарийб 30 метр бўлган жойдан канал қулайди.

Автобус тушиб кетган жой тик жарлик бўлиб, каналнинг суви шу жойда тез оқарди. ЛАЗ канал оқимини тўсиб қолгани учун сув сатҳи тез кўтарилади ва олд томони билан каналга тик тушган учун ярмидан кўп қисми сувга тўлади.

Автобус қулаб тушган пайтда йўловчилар унинг сувга ботган олд қисмига қулаб, бир бирининг устига тушади.

Автобус каналга қулаб тушганини унинг олдида бўлган троллейбус ҳайдовчиси ва йўловчилари кўришади. Ўша пайтда автобус қулаган жой атрофида телефон бўлмаган. Троллейбус ҳайдовчиси дарҳол телефон бор жойгача боради ва одамлар милицияга қўнғироқ қилиб ҳодиса ҳақида хабар беришади.

Воқеа жойига дарҳол қутқарувчилар, тез ёрдам машиналари, милиция ва КГБ ходимлари етиб келишади. Милиция йўлни тўсади ва ҳодиса юз берган жойни ўраб олади.

Автобусдаги одамларни қутқариш учун сув остига ғаввослар туширилади. Бироқ бу пайтда автобус қулаганда устма-уст бўлиб, бир-бирини босиб қолган одамлар ҳалок бўлган эди.

Ўша куни ҳаво ҳарорати – 6... -7 даража совуқ, каналдаги сувнинг ҳарорати анча паст, + 7 даражани ташкил қилган. Бунинг устига, ўшанда ҳамма иссиқ кийимларда бўлган.

Одамларнинг қалин уст-боши сув шимиб, уларнинг ҳаракатланишига ва автобуснинг сув остида қолган қисмидан чиқиб олишларига имкон бермаган.

На ҳодиса ва на унда ҳалок бўлганлар сони ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган. Ҳодиса гувоҳлари уларнинг сони 60-70 нафар атрофида бўлганини айтишади. Кейинроқ яна бир аёл сув босган автобусдан қутилиб чиққани маълум бўлади.

Автобус ҳайдовчиси жонини қутқаргач воқеа жойидан қочиб кетади ва яширинади. Бир неча кундан сўнг уни хотинининг қариндошиникида яшириниб ётган жойидан тутиб олишади.

Ҳодиса гувоҳларининг эслашича жасадларни олиб чиқиш, автобусни каналдан кўтариб олиш ишлари икки кун давом этган. Шу вақт мобайнида автобус қулаган йўл ва атрофдаги барча кўчалар ёпиб қўйилган. Кўчалар боши тўсилиб, уларда милиция ходимлари кечаю-кундуз қоровуллик қилган.

Ҳодиса ҳақида mytashkent.uz сайтида берилган мақола остида кўплаб инсонлар изоҳ қолдиришган.

“Ўша куни эрталаб мен мактабга бордим. Соат 8:30 да дарс бошланди. Автобуснинг каналга қулаганини ҳеч ким эшитмаганди. Учинчи ёки тўртинчи дарс эди шекилли, бир қиз бақирганча мактабдан чиқиб кетди. Аввалига биз нима бўлаётганини тушунмадик. Кейин билсак қизнинг онаси автобусда бўлган ва ундан амаллаб чиқиб олган экан. Дарслар тугагач уйга қараб йўлга тушдим. Бироқ йўл тўсилганди ва мени милиционерлар ўтказишмади. Нариги кўча билан айланиб ўтмоқчи бўлдим. Бироқ у ерда ҳам милиция ходимлари йўлни тўсиб турарди. Одамлар кўчадан ўта олмай йиғилиб турарди. Ана шу ерда мен автобус ҳалокатга учраганини эшитдим”, дейди ҳодиса гувоҳларидан бири бўлган Олег Ким исм-шарифли шахс.

“Автобусни вертолёт ёрдамида кўтариб олишди”

Айримлар ҳодиса 1972 йил феврал ойида юз берганини, одамларнинг жасадлари олиб чиқилгач автобус 2 кран ёрдамида кўтариб олишганини ёзишган.

Бироқ изоҳларда кўпчилик ҳодиса айнан 1973 йил 19 январда содир бўлганини, автобус кранлар билан эмас, вертолёт ёрдамида кўтариб олинганини ёзишган.

“Ҳодиса 1973 йил 19 январда содир бўлганди. Каналга қулаган автобус ичида  одам тўла бўлган. Ўша кунни яхши эслайман. Одамларнинг жасадларини олиб чиқиб, каналнинг чап қирғоғига ётқизиб қўя бошлашди”, деб ёзган Раҳим исмли шахс.

“Автобусни чиқариб олиш учун вертолёт келди ва трослар ёрдамида уни кўтара бошлади. Бироқ трос боғланган жойи узилиб кетиб, автобус каналга қулаб тушди. Шундан сўнг ғаввосларни чақиришди ва улар тросни автобуснинг остидан ўтказиб беришди. Бу сафар вертолёт автобусни тепага чиқариб олди ва ерга қўймай Сергели томондаги аэродром томон олиб кетди. Жасадлар ҳам ўша ерга олиб борилганди. Эгалари бориб таниб олишди”, деб эслайди яна бир шахс.

“Биргина Байналмилал кўчасида 5 кишини дафн этишди. Улар орасида менинг ҳам қариндошим бор эди. Аслида Википедияда ва бошқа жойларда автобус ҳайдовчиси троллейбусни қувиб ўтмоқчи бўлган деб ёзилган гап нотўғри. Автобус ҳайдовчиси троллейбусни қувиб ўтмоқчи бўлмаган. Шунчаки қияликдан тушишда йўлдаги музлама туфайли бошқарувни йўқотган. Яъни ҳайдовчи тормозни босишда хатоликка йўл қўйган. Суриштирувни прокуратура олиб борганди. Ўша кунларда терговчи уйимизга келди. Отамга Москвич машинамизни кўрсатиб “Бу хавфли кўприкдан қандай ўтиб-қайтяпсиз?” деди. Шунда отам агар ҳайдовчи тажрибали бўлса ва хатога йўл қўймаса кўприкдан ўтиш хавфли бўлмаслигини айтди. Сўнг терговчини машинасига ўтқазиб кўприкдан ўтиб қайтди”, деб эслайди Олег.

Ҳодисанинг яширилиши ва миш-мишлар

Автобус қулаши оқибатида 60-70 нафар атрофида одам ҳалок бўлар экан, КГБ ва милиция ҳодисани яшириш учун барча чораларини кўради. Атрофдаги барча йўллар ёпилади. Маҳаллалардан чиқувчи кичик кўчаларни милиция қўриқлай бошлайди.

Ғаввослар сувга тушиб автобусдаги одамларнинг жасадларини олиб чиқишади. Жараён икки кун давом этади. Сўнг вертолёт ёрдамида автобус каналдан чиқариб олинади.

Одамлар қутқарув жараёнини узоқдан бўлса ҳам кузатишга муваффақ бўлишади. Қолаверса, кимларнидир яқинлари ҳалок бўлган, ҳодисани бутунлай сир сақлашнинг иложи йўқ эди.

Ҳодиса юз бергандан бир неча кун ўтгач “Америка овози” радиосида фожиа ҳақида хабар тарқатилади.

Ҳодиса гувоҳларининг айтишича, автобус ва ундаги жасадларни чиқариб олишгач, иккита фуқаро кийимидаги шахс улар яшайдиган кўча бўйлаб ҳар бир хонадонга кирган ва одамларга кўрган билганлари ҳақида ҳеч кимга, ҳеч қаерда гапирмасликни, акс ҳолда жазоланишларини айтиб чиққан.

“Фуқаролик кийимида бўлган икки киши барча хонадонларга кириб ҳодиса ҳақида ҳеч кимга оғиз очмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантириб чиқишди. Кейин билсам улар КГБ ходимлари экан. Улар ҳодисада ҳалок бўлганлардан бирининг хонадонига кирганда можаро юз берди. Ходимлар уларга ҳодиса ҳақида гапирмаслик кераклигини, акс ҳолда қамоққа тиқишларини айтиб таҳдид қилишди. Яқинлари вафот этган ва қайғуда бўлган одамлар бундан ғазабланиб КГБ ходимларига ташланиб қолишди. Биттасини йиқитиб тепкилаб ташлашди. Иккинчи ходим қочиб қолди. Кўп ўтмай кўчамизга тез ёрдам ва милиция машинаси кириб келди. Улар ерда ётган КГБ ходимини шифохонага олиб кетишди. Уни урганларга эса индашмади. КГБ ходими калтаклангандан сўнг бошқалари нариги кўчага киришга журъат қила олишмади. Чунки у ерда учта хонадон вакиллари ҳодисада ҳалок бўлганди. Афтидан КГБ ходимлари яқинларидан айрилган дарғазаб одамлар ўзларини ўлдириб қўйиши мумкинлигини ўйлаб уёққа боришмади”, деб эслайди Олег.

Тошкентда содир бўлган бу ҳодисанинг аниқ тафсилотлари ҳанузгача очиқланмаган. Kun.uz бу ҳақда ахборот тўплаш мақсадида Марказий архивда ҳам бўлди. Афсуски у ерда ҳам ҳодиса ҳақида хеч қандай ҳужжат мавжуд эмас. Тушуниш мумкинки, машъум фожиа СССРда содир бўлган бошқа кўплаб ҳодисалар қатори махфийлаштирилган.

Ҳодисанинг узуқ-юлуқ тафсилотлари Википедия ва бошқа бир нечта нашрларда қисқача берилган холос.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид