Ўзбекистон | 21:46 / 02.05.2024
7630
5 дақиқада ўқилади

2 майнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган воқеалар ва ҳодисалар

Тошкентда иш бошлаган халқаро инвестиция форуми, судда ёпиқ тарзда кўриладиган Жўраевлар иши, пуллик йўл қурмоқчи бўлаётган хорижий компаниялар, 100 млн сўм жаримадан қочиб юрган автомобил — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан танишинг. 

Тошкентда халқаро инвестиция форуми иш бошлади

Бугун Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бошланди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти давлат бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олишини маълум қилди.

“Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир”, — деди президент Шавкат Мирзиёев.

Президент форумда қилган чиқиши чоғида хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан 3 йилга озод этилиши, уларга ерни ижарага бериш 25 йилдан 49 йилгача узайтирилишини ваъда қилди. 

Ўзбекистонда яшил энергетика ривожлантирилади

Ўзбекистон энергетика балансида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини 40 фоизга етказмоқчи.

Мамлакат 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.

Бу ҳақда Тошкент халқаро инвестиция форумида чиқиш қилган Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

«Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақа учун долзарбдир. Бу борада мамлакатда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда. Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган», — деди президент. 

Хорижий компаниялар Ўзбекистонда пулли йўл қурмоқчи

Япониянинг Sojitz ҳамда Туркиянинг Rönesans компаниялари давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида Ўзбекистонда пуллик йўқллар қуришга қизиқиш билдирмоқда.

Транспорт вазири ўринбосари Жасур Чориев Япониянинг Sojitz компанияси Европа филиали бош менежери Мачида Ясуҳиде ва Туркиянинг Rönesans компанияси бошқарув раиси Жем Ўзогуз билан учрашди.

Учрашувда транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этиб ўтиш керак, 2023 йилнинг охирида Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўлини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унинг техник-иқтисодий ҳужжатини ишлаб чиқишга Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 350 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилди. 

Кун рақами

2024 йилдаги давлат бюджети тақчиллиги 25 трлн сўмдан ошди

Жорий йилнинг январ ойида бу кўрсаткич 5,7 трлн сўмни, февралда 7,2 трлн сўмни, мартда 6,8 трлн сўмни, апрелда эса 5,7 трлн сўмни ташкил этган.

Умумий ҳисобда ўтган тўрт ойдаги тақчиллик 25 трлн 586 млрд сўмга етди. 

Ота талашаётган санъаткорлар суди ёпиқ ўтади

Ботир Қодиров ва Жўраевларга оид суд иши ёпиқ тарзда кўриб чиқиладиган бўлди.

Бугун, 2024 йил 2 май куни Тошкент шаҳри Учтепа туманлараро судида хонанда Ботир Қодировнинг оталикни белгилаш ҳақидаги даъвоси юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди ва суд жавобгар томон — ака-ука Жўраевларнинг ишни ёпиқ кўриб чиқиш ҳақида киритган илтимосномасини қаноатлантирган.

23 апрел, сешанба кунги суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далиллар — фотосуратлар, далолатнома ёзуви ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхасини талаб қилиб олиш учун ишни кўриш 2 майга қолдирилганди. 

Шаҳвоний шилқимлик қилган йигитга суд ҳукми ўқилди

Тошкентда вояга етмаган қизга шаҳвоний шилқимлик қилган 27 ёшли йигит йигитга суд ҳукми ўқилди. Воқеа пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги кўчалардан бирида содир бўлган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани судида унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “г” банди билан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди. 

Жарима тўламай юрган автомобил довонда қўлга тушди

Жарималардан 100 млн сўм қарзи бор автомобил Қамчиқ довонида ушланган ва вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Маълум бўлишича, Фарғона вилоятида қайддан ўтказилган «Nexia-2» русумли автомобил тўхтатилиб текширилганда, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича муддати ўтиб кетган 100 млн сўмлик қарзи борлиги, умумий ҳисобда 28 марта йўл ҳаракати қоидасини бузгани ва қидирувга берилгани аниқланган. 

Автомобил токи жарималар сўндирилгунга қадар вақтинчалик сақлаш учун жарима майдонига қўйилган. 

Мавзуга оид