Сенат кооперативлар бўйича қонунни маъқуллади
Янги қонуннинг қабул қилиниши фермерларга ниҳоят кластерлардан мустақил, маҳаллий раҳбарлар босимидан холи равишда, ўзлари эркин бирлашган ҳолда агробизнес юритишига замин яратиши мумкин. Қонун билан кооперативларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, қонунларда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.

Фото: Kun.uz
Сенат ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда.
Маълум қилинишича, кооператив қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти экани қонунан белгиланмоқда. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги кооперативи камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши назарда тутиляпти.
Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативининг бошқарув органлари, жумладан, умумий йиғилиш, кооператив бошқаруви, кузатув кенгашининг аниқ вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзоликка кириш ва ундан чиқиш, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳисобини юритиш, пай бадалларини тўлаш билан боғлиқ нормалар ҳужжатда ўз аксини топган.
Бундан ташқари, кооперативларга қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, қонунларда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонунда давлат томонидан аграр-иқтисодий сиёсат ёрдамида кооперативлар фаолияти учун қулай муҳитни таъминлаш, уларнинг фаолиятини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилаётган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, банк кредитларидан ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланишда кўмаклашиш назарда тутилган. Кооперативларни иқтисодий, социал, ҳудудий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш бўйича қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Қайд этилишича, қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, ўз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларни профессионал ва демократик йўл билан бошқариш ҳамда қишлоқ хўжалигида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.
Сенат раиси Танзила Норбоева қонун муҳокамасида қишлоқ хўжалиги кооперативлари аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлаб ўтди.
“АҚШ, Бразилия, Германия, Дания, Нидерландия, Япония, Янги Зеландия каби қатор ривожланган давлатларда қишлоқ хўжалиги кооперативлари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига айланган. Уларнинг йиллик айланмаси ўнлаб миллиард долларни ташкил этади.
Ушбу тизимни тўғри ва самарали йўлга қўядиган бўлсак, фермер, деҳқон ва томорқачилар манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинади. Қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг мустақиллиги, манфаатдорлиги, фаровонлиги ошади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати яхшиланади. Янги қувватлар ишга тушади. Экспорт салоҳияти ошади.
Қонунда давлатнинг қишлоқ хўжалиги кооперативларига доир вазифа ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Жумладан, аграр иқтисодий сиёсат орқали қулай муҳитни таъминлаш, рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш вазифасини давлат ўз зиммасига оляпти.
Давлат органлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперативига етказилган зарарни давлат томонидан қоплашга оид мажбурият мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Булар ушбу соҳада ишловчилар учун жуда муҳим”, деди Сенат раиси.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Республика бўйлаб қишлоқ хўжалиги кооперативлари маҳаллий раҳбарлар томонидан мунтазам равишда ноқонуний тўсиқларга учраб келади. Kun.uz бундай ҳолатларни кўп бора ёритган.
Бу борада Kun.uzʼда эълон қилинган айрим материаллар:
Тавсия этамиз
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30
«Қувур операцияси»: руслар уни «урушдаги бурилиш нуқтаси» дейишмоқда
Жаҳон | 23:40 / 11.03.2025
Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда
Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
Фирибгарлар ўғирлаган пулларни қайтариб бўлмайдими?
Ўзбекистон | 15:27 / 11.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Болаларни қўрқоқ қилиб қўймаслигимиз керак” — боғчадаги зўравонликлар ҳақида суҳбат
Жамият | 21:51
-
TikTok ўсмирлар учун чекловларни жорий этмоқда
Жаҳон | 21:50
-
13 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 21:32
-
Россия мамлакатга кириш тақиқланган ЕИ фуқаролари рўйхатини кенгайтирди
Жаҳон | 21:28
Мавзуга оид

20:37 / 25.02.2025
Баҳор яқин. Деҳқонларга қандай ёрдам керак?

20:13 / 14.02.2025
Фермерлар минимал нархда шартнома тузишга мажбурланяпти. Соҳадаги ислоҳот қаршиликка учрамоқда

00:22 / 09.02.2025
Қисилган электромобил бозори, ер ажратиш ва қурилишда янги тартиблар — ҳафта дайжести

20:34 / 20.01.2025