Кооперативларга қарши курашга агроинспекция ва судлар ҳам қўшилди
Мингбулоқ туманида 17 та фермер хўжалиги томонидан ташкил қилинган кооперативнинг пахта хомашёсини қабул қилиш ва қайта ишлаш фаолияти агроинспекциянинг аризаси асосида суд қарори билан тугатилди. Апелляция суди қарорни ўзгаришсиз қолдирди. Президент имзолаган ҳужжатдаги жумла “кластер ташкил этилган ҳудудларда кооперацияга рухсат берилмайди” қабилида ноқонуний талқин қилинмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам рақобат кераклиги ҳақида кўп гапирилди. Аммо пахта кластерлари учун соғлом рақобатчи ўлароқ куртак очишга уринаётган, кўнгилли бирлашув орқали юзага келаётган кооперативчилик ҳаракатига қарши жойларда кўр-кўрона кураш кетмоқда.
Сентябр ойида Kun.uz'га Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида фаолият юритувчи бир гуруҳ фермерлардан мурожаат келиб тушганди. Фермерлар ўз мурожаатида жорий йилда ишлаб-чиқариш кооперативига бирлашиб, ўз маблағлари ҳисобидан пахта етиштиришгани, лекин унинг фаолиятига маҳаллий агроинспекция тўсиқлар қўйганидан шикоят қилганди.
“17 та фермер хўжалиги бирлашиб, Мингбулоқ туманида кооператив тузганмиз. 2023 йил 10 январда давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият бошладик. Мақсадимиз – бир киши эплолмаган ишларни кўпчилик бўлиб амалга ошириш эди”, дея ёзади мурожаатда “Баҳромбек Абдурасулович” фермер хўжалиги раҳбари Абдурасул Ҳамдамов.
“Задарё Шуҳрати” фермер хўжалиги раҳбари Қосимжон Мамасолиев эса қуйидагиларни маълум қилган:
“Биз кооперативда фақат ўзимизнинг ресурсларга таянган ҳолда иш олиб боришга келишиб олганмиз. Шу принцип билан бу йил барча харажатларни ўз ҳисобимиздан қилиб, пахта етиштирдик. Қонунчилик меъёрларига ҳам тўлиқ амал қиляпмиз. Ташкилий жиҳатдан барча ишларимиз қонуний. Қайта ишлашни йўлга қўйишни ҳам режа қилганмиз. Эски, ишламай қолган заводни таъмирлаб, пахтани қайта ишлашга тайёрладик. Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Agroplatforma, Agro-online тизимларига тўлиқ уландик. Маҳсулотимиз вазирлик платформасида ҳисобга киряпти, статистикаси юритиляпти.
Вилоят ва туман ҳокимликларига иш бошлаганимизни маълум қилиб, бир неча бор хат юбордик. Ҳозирда 70 та иш ўрни яратганмиз, турли солиқ ва тўловларни ҳисоблаганда, давлат бюджетига 6 млрд сўм атрофида пул тўлар эканмиз. 800 гектар майдонда пахта экдик. 3,3 тоннага яқин ҳосил пахта топширишимиз керак.
Аммо ўзимиз етиштирган пахтани ўзимиз ишга туширган заводга олиб боришимизга тўсқинликлар бўляпти. Агроинспекция вилоят бўлими орқали пахта заводимиз фаолиятига бўлмағур важлар билан тақиқ қўйилди. Бу сунъий тўсиқлар пахта ҳосилимизни мажбурий равишда кластер заводига топширишимиз учун бўляпти. Бизнинг эса кластер билан шартномамиз ҳам, мажбуриятимиз ҳам йўқ. Қонун бўйича исталган кластерга топшириш ҳуқуқига эгамиз. Лекин бу нарсалар фақат қоғозда қоляпти. Туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан фаолиятимизга қаршиликлар кўп бўляпти”.
Агроинспекция ва кооператив ўртасидаги ҳолат судгача боргани сабабли таҳририят томонидан вазият нима билан тугашини кутишга қарор қилинганди.
Иш 2023 йил 27 сентябр куни Наманган туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилди. Суд қарори билан “Эко замин олтин толаси” ишлаб чиқариш кооперативининг фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари билан пахта етиштириш бўйича иккиламчи шартномалар тузиш орқали пахта хомашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш фаолияти тугатилган.
2023 йил 2 ноябр куни мазкур иш киритилган апелляция шикоятига мувофиқ апелляция инстанцияси судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида Kun.uz мухбири ҳам қатнашди.
Кооперативга бирлашган фермерлар суд мажлиси давомида ўз фаолиятлари “Тадбиркорлар тўғрисидаги”, “Фермерлар тўғрисидаги”, “Кооперативлар тўғрисидаги” қонунларга мос эканини, бунинг устига бошлаган фаолиятлари ҳудудда пахтачилик соҳасида рақобат муҳити шаклланишига хизмат қилишини таъкидлашди.
Суд ҳайъати томонларнинг фикр ва эътирозларини тинглаб, биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирди.
Судлар агроинспекциянинг даъвосини қаноатлантираркан, буни 2020 йил 7 мартдаги 4633-сонли президент қарорининг 2-банди б) қисми билан асосламоқда. Унда шундай дейилади:
б) пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари ташкил этилади.
Судлар фармоннинг юқоридаги қисми ва жавобгар фермерлар жойлашган ҳудудда “Art Soft Holding” МЧЖ кластер корхонаси ташкил этилганига эътибор қаратмоқда.
Ваҳоланки, қарорнинг 2-банди б) қисмини “кластер ташкил этилган ҳудудларда кооперацияларга рухсат берилмасин” деб талқин қилиш – хато.
Қолаверса, қонуности ҳужжатларидан устун турадиган “Кооперация тўғрисида”ги ва “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонунларда юқоридаги каби чекловлар мавжуд эмас.
Kun.uz аввалроқ кооперативлар Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳокимликлар ва ИИВ органлари қаршилигига учрагани ҳақида ёзганди. Эндиликда фермерларнинг ихтиёрий бирлашмаларига қарши курашга агроинспекция ва судлар ҳам қўшилгани таассуфли.
Мавзуга оид
20:54
Қишлоқ хўжалиги вазирининг яна бир собиқ ўринбосари коррупционер деб топилди
19:45
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
16:52 / 04.10.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосари фуқаронинг уйини сохта ҳужжатлар билан ўз номига ўтказиб, сотиб юборгани айтилмоқда
13:10 / 03.10.2024