“Кооператив – колхоз эмас” — немис мутахассиси қишлоқ хўжалиги кооперативлари аҳамияти ҳақида
Дунё бўйлаб кўплаб мамлакатлар ҳукуматларига қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш бўйича ёрдам бериб келаётган немис мутахассиси Карл Круг Kun.uz’га берган интервюсида деҳқонларнинг кўнгилли бирлашиши ортидан кооперативлар тузилишининг мамлакат учун улкан аҳамияти ҳақида сўз юритади, унинг ёрдамида ишлаб чиқилаётган янги қонун лойиҳаси моҳияти ҳақида гапириб, мазкур соҳанинг Ўзбекистондаги истиқболи яхши бўлишига шубҳа қилмаслигини айтади.
— Менинг исмим Карл Круг, Германияданман, иқтисодчиман. 35 йилдан бери турли хил ривожланиш лойиҳаларида эксперт сифатида ишлаб келяпман – Осиё, Африка, Европа мамлакатларида. Соҳам қишлоқ хўжалигини, кооперативларни ривожлантириш.
Биз Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда кооперативлар йўналишида фаолият олиб боряпмиз.
Ривожланаётган ёки ўтиш давридаги мамлакатларда ҳам ишлаганман, асосан Россияда 2000-йилларда, Қирғизистон, Қозоғистонда, Монголияда фаолият юритганман. Бундан ташқари, Озарбойжон, Арманистонда. Ўзбекистонда эса бир йилдан бери ишлаб келяпман. Қишлоқ хўжалигида кооперативларни ривожлантириш ва фермерлар учун қўшимча қиймат занжирини яратиш лойиҳаларида фаолият олиб бормоқдаман.
Бизга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳририни ишлаб чиқиш учун мутахассислар гуруҳини жалб қилиш таклифи билан чиқди.
— Фикрингизча, биз бугун муҳокама қилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бозор муносабатларига ўтишига қай даражада таъсир этади?
— Авваламбор бу қонун лойиҳасининг янги таҳририни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган талаблар, изоҳлар, таклифларга асосланилди. Қонун лойиҳасининг олдинги парламентдан ўтган таҳририни қандай қилиб янада ривожлантириш керак деган вазифа турганди. Ва бу қонунда кооперативларнинг халқаро принциплари, тажрибалари, халқаро тажрибаларнинг энг яхши амалиётларини татбиқ этиш, киритиш талаблардан бири бўлди.
Албатта, мазкур халқаро тажрибалар, амалиётлар бозор иқтисодиётига, яъни бозор иқтисодиётида кооперативларнинг ўрнига боғланган.
Биз охирги 25 йил давомида режалаштирилган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтаётган, ривожланаётган давлатларни кўрдик. Бу жараён турлича кечди. Бунда кооперативлар фермерларнинг бозор иқтисодиётига ўтишида муҳим рол ўйнайди, интеграция жараёнига катта ёрдам беради. Фермерлар ўз маҳсулотларини етиштиргандан кейин бозорга сотиш орқали кўпроқ фойда кўради, етказиб бериш занжирига янада яқин, интеграцияда бўлишади, харидорга ҳам яқин бўлишади. Ўзи етиштирган маҳсулотини бозорда сотишга, уни экспорт қилишга, фермерларнинг бозор иқтисодиётига яқинлашишига кооперативлар катта кўмак беради.
Бунга сабаб фермерлар ёки бошқа қишлоқ хўжалиги иштирокчилари кооперативларга бирлашадиган бўлса, етиштираётган маҳсулотларини кўп ҳажмда сота олади. Бу ерда катта фарқ бор, мисол учун, бир фермернинг маҳсулоти 1 тонна бўлса, унинг имконияти маҳаллий бозорда сотишга етади. Агар кооператив бўлиб, бирлашиб, масалан, 100 тонна маҳсулот етиштирса, фермерлар кооператив орқали маҳсулотини сотиш имконияти янада кенгаяди.
Ўз навбатида, харидорлар кўпаяди ва улар нафақат маҳаллий ҳудудда, балки вилоят ёки республика даражасида ёки чет элга экспорт қилиш даражасига чиқа олади. Ундан ташқари, янада кўпроқ ҳажмда маҳсулот етиштирадиган бўлса, фермерлар бирлашиб, маҳсулотни қайта ишлаши мумкин. Қайта ишланган ҳолда маҳсулотга қўшимча қиймат қўшилиб, янги маҳсулот яратилади.
— Собиқ совет иттифоқи мамлакатларининг режавий иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишида ўзингиз бевосита иштирок этганмисиз?
— Германия ҳам буни бошидан кечирган. Биласизлар, Германия Шарқий ва Ғарбий Германияга бўлинган эди. Шарқий Германияда режалаштирилган иқтисодиёт эди, Ғарбий Германияда – бозор иқтисодиёти. 1990 йилда ягона Германияга бирлашдик. Ва биз бошқа мамлакатларга нисбатан бу трансформацияни, ўтиш даврини дарҳол ва кўпроқ ҳис қилганмиз, бошимиздан ўтказганмиз. Биз режалаштирилган иқтисодиёт ва бозор иқтисодиётини тўғридан тўғри солиштира олганмиз.
Шарқий Германияда кооперативлар биз билган колхоз кўринишида бўлиб, улар бозор иқтисодиёти тизимида ишлайдиган кооперативларга тез фурсатда ўтказилиши керак эди. Бу жараёнга бир неча йил ва инвестиция кетган, лекин жараён муваффақиятли амалга ошган.
Россия, Марказий Осиё давлатлари билан ишлашда ҳам тажрибам бор. Бозор иқтисодиётига ўтиш даврида бу мамлакатларда ишлаганман ва кооперативларга маслаҳатлар берганман. Монголия, Қозоғистон, Қирғизистон. Уларга қишлоқ хўжалигида кооперативлар учун янги қонунни ишлаб чиқишда тавсиялар берганман.
Трансформация жараёни янги ҳуқуқий асоссиз амалга ошмайди. Шунинг учун янги қонун ишлаб чиқилиши лозим, чунки кооперативлар юридик шахс, ва бу янги қонун асосида, қишлоқ хўжалиги иштирокчиларига, айниқса фермерларга кооперативни яратиш, юритиш, қандай қилиб фойда олиш имкониятлари аниқ тушунтирилиши керак.
— Агар бу қонун кучга кирса, уни ҳаётга татбиқ қилиш йўлида нималар асосий тўсиқ бўлиши мумкин? Ўз тажрибангиздан келиб айтиб берсангиз.
— Тўсиқлар ҳақида гапиришдан олдин, кооперативларнинг афзалликлари, фойдали томонларини айтиб ўтсак. Чунки фермерлар учун қанча афзалликлар кўп бўлса, давлат учун ҳам, қишлоқ хўжалиги иштирокчилари, қолган ҳамма учун тўсиқлар шунча кам бўлади. Кооперативнинг биринчи афзаллиги, янги қонун олиб келадиган ўзгаришлардан бири шундаки, фермерлардан ташкил топган кўплаб кооперативлар бўлади, улар катта ва аъзолари кўп бўлади. Улар кучга эга бўлади ва муваффақиятли бўлишади.
Кооперативларнинг хусусияти бу қонун ишга тушгандан кейин ўзгаради. Фермерлар ишлаётган кооперативда қўшма ёки бирлашган фермерларнинг ерлари бўлмайди, ҳар бир фермер ўзининг ерида ўзи ишлайди, ўзининг ерига ўзи хўжайин бўлади ва улар кооперативдан фақат ўзларига керак бўлган хизматлардангина фойдаланишади. Масалан, ўғитлар, техникадан фойдаланиш ёки кооперативнинг сотиш-маркетинг хизматларидан фойдаланиш керак бўлиши мумкин. Асосий фарқ шундаки, фермерлар ўз ерларида ўзлари масъулият билан ёндашиб, ишлаб, кооперативдан фақат хизматлар олиш учун фойдаланадилар.
Бундан ташқари, янги қонунда фермерлар учун шундай имкониятлар яратиладики, фермерлардан ташкил топган кооперативлар иккинчи даражали кооперативлар яратиши мумкин бўлади. Бу кооперативнинг аъзолари фермерлар эмас, балки кооперативлар бўлади. Боз устига улар миллий – республика даражасидаги кооперативни ташкил қилишлари мумкин. Фермерларда вертикал пирамида кўринишидаги тизимни яратиш имкони бўлади. Бу тизим орқали қишлоқ даражасида маҳсулотлар етиштириб, тўғридан тўғри туман, вилоят, республика ёки экспорт даражасигача маҳсулот етказиб бериш имкони туғилади. Фермерлар учун умуман янги имкониятлар пайдо бўлади ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалик секторини тўлиқ трансформация қилишга, янги босқичга ўтишига туртки бўлади.
Саволга қайтадиган бўлсак, аслини олганда, мен унча тўсиқларни кўрмаяпман, кутмаяпман. Чунки давлат, фермерлар, барча иштирокчилар кўрадики, янги қонун, янги тизим жуда кўп афзалликларга эга, барча учун афзал. Кластер компаниялари учун ҳам афзалликлар бор, улар фермерлар билан ишлашда янги тизимга ўтади. Мисол учун, фермерлар кооператив тузадилар ва кластер компания битта кооператив билан шартнома тузади. Ҳозирда улар юзлаб фермерларнинг ҳар бири билан шартнома тузиши керак бўляпти. Ҳамма учун афзалликлар бўлса, у ерда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.
Биргина қийинчилик бўлиши мумкин – янги чиқаётган қонунни, янги имкониятларни, тизимни миллионлаб фермерлар, кластер компаниялар ва қишлоқ хўжалиги иштирокчиларига етказиш, тушунтириш керак. Умид қиламизки, оммавий ахборот воситалари, давлат ва тегишли ташкилотлар бу маълумотларни тўғри тарқатишда, ёйишда катта ёрдам беради.
— Биз ҳали собиқ совет мафкурасидан унчалик узоқлашганимиз йўқ. Шунинг учун бизда “фермерлар бирлаша олмайди, улар кластерга бўйсуниб ишласагина яхши ишлайди” деган фикрдагилар бор. Уларнинг гапида қай даражада асос бор?
— Янги кооператив тизимида кооператив аъзолари – фермерлар ерда биргаликда ишламайди. Ҳар бири ўз ерида ишлайди. Бу асло колхоз эмас. Колхоз – ўтмиш, тарих. Янги кооператив тизимида фермерлар фақат бир ҳолатда бирлашишади – якка фермер ҳолатида бирор нарсага кучи етмаса.
Дейлик, фермер бир ўзи трактор сотиб ололмаяпти ва унга аслида ҳар куни трактор керак ҳам эмас, масалан, 1 ойда 2 марта керак бўлиши мумкин. Шундай муаммоларини ҳал қилишга истаклари бўлган фермерлар бирлашади ва трактор сотиб олишади ва улар трактордан барча аъзолар фойдаланишини таъминлашади. Манфаатлар бирлашади ва кооператив пайдо бўлади. Фақат шунинг учун улар бирлашишади, ҳар куни биргаликда ишлаш учун эмас.
Фермер кооперативга бирлашганда дарҳол фойдасини кўради, тракторни ишлата олади, бир ўзи бўлганда бундай имконият бўлмасди.
Фермерлар йиғилиши бир йилда бир марта бўлади, йиғилиш ўтказиб, ягона стратегия қабул қилишади. Кооператив аъзолар назоратида бўлади, унинг бошқарув, кузатув кенгашлари бўлади. Мен бу фикрга, яъни фермерлар бирлашиб ишлолмайди деган фикрга қўшилмайман.
Янги кооператив тизимининг кластер компаниялари учун яхши томони – фермерлар билан катта миқдорда маҳсулот етказишга шартнома қилади. Масалан, мева-сабзавотни қайта ишловчи корхона, катта инвестиция – маблағлар киритиб, қайта ишлаш ёки сақлаш ускуналарини ўрнатган, лекин улар тўлиқ салоҳиятида ишлатилмаяпти, яъни яна маҳсулот керак. Масалан, 2000 тонна қайсидир мева ёки сабзавот маҳсулотлари керак бўлади. Кластер компания кооператив билан энди фермерлардан маҳсулотларни кластер компанияга етказиб беришга, ўз вақтида, керакли сифатда етказиб беришга шартнома тузади. Бунга кооператив масъул бўлади, бу энди кластернинг муаммоси эмас. Энди кластер ўзининг ишига концентрация қилади, яъни маҳсулотни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш билан кўпроқ шуғулланади. Улар ҳар бир фермер билан ишлаб, уларнинг мурожаатлари, муаммоларини кўриб чиқиши керак эмас, чунки ҳар бир индивидуал фермернинг ўз муаммолари бўлади, бу энди кооператив зиммасида бўлади. Ва бу янги тизим кластер компаниялар учун ҳам кўп афзалликларга эга, шунинг учун ҳам бу тизим уларга ёқади ва ишонаманки, кластер компаниялар ҳам бу тизимни қўллаб-қувватлайди.
Янги қонун лойиҳаси умуман кооперативлар тизимидаги халқаро принциплар, тажрибалар ва уларнинг энг яхши амалиётларини ўрганган ҳолда, уларга асосланиб яратилди. Ишчи гуруҳ билан биргаликда бир нечта давлатнинг кооперативлар бўйича қонунчилик тизими ўрганилди (Германия, Франция, Италия, Япония, Туркия, Монголия, Россия, қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон). Бу қонунчилик тизими амалда қандай ишлаши, қандай муаммоларга дуч келингани ва улар қандай ечим топгани, умуман кооперативлар ўзи қандай фаолият юритиши, ривожланиш тарихи, тажрибаси шундай амалий тажрибалар ўқув сафарларида ўрганилди. Юқоридагиларни татбиқ этган ҳолда, мукаммал қонун лойиҳаси яратилишига ҳаракат қилинди.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
08:03 / 21.12.2024
Германияда машина рождество бозоридаги кишилар устига ҳайдалди
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
22:59 / 19.12.2024