Жаҳон | 20:31 / 12.10.2024
2700
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда ички чегара назорати жорий этилди

22 октябрга қадар амалда бўладиган назорат давомида полиция асосий эътиборини огоҳликка ва ўсиб бораётган таҳдид даражасига боғлиқ маълумотларни тўплашга қаратади.

Фото: Павел Львов / РИА Новости

Норвегия ҳукумати турли таҳдидлар кучайгани сабабли ички чегара назоратини жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат полиция хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қироллик ҳукумати Яқин Шарқда давом этаётган эскалация сабаб юзага келган таҳдид фонида террорчилик хавфини «юқори» даражага кўтарган.

«Норвегия полиция бошқармаси вақтинчалик ички чегара назоратини ўрнатиш бўйича қарор қабул қилди. Бунга мураккаб таҳдид картинаси ва террорчилик хавфи даражаси кўтарилгани сабаб бўлди», — дейилади идора хабарида.

Таъкидланишича, вақтинчалик чегара назорати камида 22 октябрга қадар амалда бўлади.

Назорат давомида полиция асосий эътиборини огоҳликка ва ўсиб бораётган таҳдид даражасига боғлиқ маълумотларни тўплашга қаратади. Фавқулодда вазиятларда шайликни таъминлаш директори Туне Вангеннинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар йўловчиларнинг ҳам маълумотларини тўплаш имкониятини тақдим этади.

Бундан олдин Норвегия барча украиналикларга автоматик равишда бошпана беришни тўхтатишини эълон қилганди. Энди Украинанинг ғарбий областларидан келган қочқинларнинг аризалари алоҳида кўриб чиқилади. Мамлакат аллақачон 85 мингга яқин украиналикни қабул қилган.

Сентябр охирларида Норвегия ҳукумати Россия билан чегарага панжара қуриш ҳақида ўйлаётгани тўғрисида хабар берилган эди. Мамлакат ҳукумати «қисқа муддат ичида» чегарани ёпишга тайёр — бу ноқонуний миграциянинг олдини олишга хизмат қилиши айтилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид