Норвегия ҳукумати Россия билан чегарага панжара қуриш ҳақида ўйламоқда
Норвегия ҳукумати «қисқа муддат ичида» чегарани ёпишга тайёр — бу ноқонуний миграциянинг олдини олишга хизмат қилиши айтилмоқда.
Норвегия ҳукумати худди Финландия каби Россия билан чегарага панжара қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Эмили Энгер Мелга таяниб, NRK хабар берди.
Финландия ҳукумати 2022 йилда Россия билан чегарага панжара қуришга қарор қилганди — бу мамлакат хавфсизликка оид вазиятнинг ўзгариши сабаб амалга оширилаётгани айтилган. 2023 йил сентябрда панжаралар ўрнатилган 3 километрли биринчи ҳудуд очилган эди. Ноқонуний муҳожирлар оқими ортиб кетгач, Финландия ўша йилнинг ўзида Россия билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпган ва панжарани такомиллаштиришга қарор қилган эди. Режага мувофиқ, узунлиги 200 километр, баландлиги 3,5 метрга етадиган панжара 2026 йил охирига қадар тайёр бўлади.
«Ушбу чегара панжараси нафақат тутиб қолувчи омил сифатида фаолият кўрсатиши билан, балки у чегарага яқинлашган одамларни аниқлаш имконини берадиган датчик ва технологиялар билан ҳам жиҳозланиши билан аҳамиятлидир», — дейди Мел.
Адлия вазирининг айтишича, Норвегия ҳукумати «қисқа муддат ичида» чегарани ёпишга тайёр. Мелнинг позициясини Финнмарк провинцияси полиция бошлиғи Эллен Кетрин Хетта ҳам қўллаб-қувватлаган. Унинг фикрича, бу ноқонуний миграциянинг олдини олишга хизмат қилади.
NRK’нинг қайд этишича, Норвегия—Россия чегарасини камдан кам ҳолларда ноқонуний кесиб ўтишади: полициянинг ўтган йилги баёнотига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери Норвегиядан Россияга ноқонуний равишда уч киши ўтиб кетган.
Бундан олдин Норвегия барча украиналикларга автоматик равишда бошпана беришни тўхтатишини эълон қилганди. Энди Украинанинг ғарбий областларидан келган қочқинларнинг аризалари алоҳида кўриб чиқилади. Мамлакат аллақачон 85 мингга яқин украиналикни қабул қилган.
Мавзуга оид
00:36
Москва аэропортида Россия таълим вазирининг собиқ ўринбосари қўлга олинди
14:20 / 21.12.2024
РФ атлетларига нейтрал мақомда ОЎга йўлланма олиш учун рухсат берилди
11:41 / 21.12.2024
Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадини алмашди
23:32 / 20.12.2024