Кейинги йилларда Ўзбекистонда туғилиш камаяди ё кўпаяди – прогнозлар қандай?
2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк марта бир йил ичида 1 миллионга яқин чақалоқ туғилди. Ўзбекистонликлар сони 37 миллиондан ошган. Хўш, бу тренд кейинги йилларда ҳам сақланиб қоладими, тахминий прогнозлар қандай? Никоҳлар йилдан йилга камайиб боряпти, бироқ туғилиш ўсяпти. Бунга сабаб нима?
Кўп болали оилалар
Адиба Менглиева 29 ёшда, у оиласи билан Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида яшайди. У салкам қаҳрамон она. Чунки 7 йил ичида 4 нафар фарзандни дунёга келтирган. Адибанинг учинчи қизи эса ўтган йилнинг рекордчи чақалоқларидан бири. Боиси 2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор 1 йил ичида 1 миллионга яқин чақалоқ туғилди. Адибанинг учинчи қизи ҳам шу рекордни ўрнатишга ёрдам берган. Адиба 22 ёшида оила қурган ва илк фарзандини 23 ёшида дунёга келтирган. “Кейинги фарзандим 25 ёшимда, 28 ёшимда эса учинчи ва 29 ёшимда тўртинчи фарзандим туғилди”, – дейди у.

Иқтисодчи, демографик тадқиқотчи Муҳаббат Аҳмедованинг айтишича, Ўзбекистонда туғилишнинг ўсишига Адибага ўхшаган аёллар катта таъсир кўрсатяпти. Туғилиш ўсаётганига сабаб янги оилалар кўпаяётгани эмас, балки оилалар кўп фарзандли бўлиш моделига ўтаётгани бўлиши мумкин. Бу ҳақда 2022 йилда ўтказилган тадқиқоти натижаларидан мисол келтиради. “Сўнгги 5 йилда, айниқса 2018 йилдан бошлаб ҳар бир оилага 3 ва ундан кўп фарзандлар тўғри кела бошлаган. Бунинг сабабини билиш учун 2022 йилда Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичларига қандай омиллар таъсир қилиши бўйича сўровнома ўтказганмиз. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи 3 ва ундан ортиқ фарзандли аёллар қатнашган”, – дейди у.
Шунингдек, кўп болали оилаларнинг кўпайишига Ўзбекистонда даромадлар ошиши ҳам таъсир қилаётгани аниқланган. Яъни даромад ошса, оилалар фарзандларини кўпайтиришган. “Бу Марказий Осиёдаги бошқа давлатлардан кескин фарқ қиладиган бир тенденция”, – деди иқтисодчи.
Тадқиқотда сўнгги йилларда аёллар орасида контрацептив воситалардан фойдаланиш пасайиб бораётгани ва аҳоли орасида диний қарашларнинг мустаҳкамланиши каби сабаблар ҳам аёлларнинг кўпроқ фарзанд кўришига кам фоизда таъсир қилаётгани аниқланган.

Никоҳлар камайган, туғилиш кўпайган
Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон мустақилликка эришган йили – 1991 йилда Ўзбекистонда 723,4 минг бола туғилган ва кейинги 10 йил давомида туғилишда ўсиш кузатилмаган. Туғилишлар 2000 йилдан кейин кўтарила бошлаган.
Шуни аҳолида айтиш керакки, 2000 йилдан бери оила қуриш трендларида тушиш ва қайта ўсиш ёки ўсиш ва қайта камайиш ҳолатлари кузатилган. Бироқ туғилишда охирги 23 йил давомида фақат ўсиш кузатилган.
Охирги 3 йилга қараладиган бўлса, никоҳ тузилиши йилдан йилга камайса ҳам, туғилиш ўсиб бораверган.
- 2021 – никоҳлар – 305 100 ; туғилиш – 905,2
- 2022 – никоҳлар – 296 689; туғилиш – 932 192
- 2023 – никоҳлар – 283 808 ; туғилиш – 961 962
Бу ёғига-чи, Ўзбекистон аҳолиси камаядими ё кўпаядими, кейинчалик аҳолининг ўсишига асосий таъсир кўрсатадиган ёшлар неча нафар фарзандлари бўлиши исташади, умуман улар неча ёшда оила қуришни маъқул кўришади?
Ёшлар қанча фарзандлари бўлишини хоҳлайди?
Айни кунларда ўзбекистонлик ёшлар неча ёшда оила қуришни ва қанча фарзандлари бўлишини билиш учун Кun.uz кичик сўровнома ўтказди. Унда қатнашган аксар ёшлар қизлар учун 21-22 ёш, йигитлар учун эса 24-25 ёшда оила қуриш учун меъёр деб ҳисоблаган.
Айримлар қизларнинг 25 ёшда оила қуришини қўллаб-қувватлаган. “Чунки қиз бола эртага фарзанд тарбиялайди. Уларга тўғри йўл кўрсатиши керак. Унгача карера қилиб олиши керак”, – деб фикрини асослаган улардан бири.
Сўровномада қатнашган йигитларнинг бир гуруҳи эса оила қуриш учун аниқ бир ёшни кўрсатмаган. “Йигитлар ҳамма нарсани эплагандан кейин оила қуришга тайёр бўлади”, – деган иштирокчилардан бири.
Бир иштирикчи эса эрта ёшда оила қуришни қўллаб-қувватлаб, йигитларга 20, қизларга 18 ёш норма эканини айтган.
Бир оилага нечта фарзанд бўлиши керак деган саволга эса аксарият иштирокчилар 2-3 нафар деб жавоб беришди. “Чунки биз болаларимизни маърифатли, ўқимишли, билимли қилиб тарбиялашимиз керак, 2 ўғил 1 қиз етади”, – деб фикрини изоҳлаган иштирокчилардан бири.
Нега кўп фарзандли оила хоҳлаяпсиз деган саволга иштирокчилардан бири қариганда ёрдам олиш имконини кўпайтириш учун деб жавоб берган.
Адиба-чи?
Адиба 22 ёшида оила қурган. 7 йиллик кичик оилавий ҳаётидан келиб чиқиб, ёшлар неча ёшдан оила қургани маъқул деган саволга у ҳам жавоб берди.
Унинг фикрича Ўзбекистон шароитида 22-23 ёшда оила қурган маъқул. Чунки бу ёшда қизлар ўқишни битириб, мустақил ҳаёт учун етарли билимни олишади. “Мен 2 йил йиқилганим ҳисобига бу менда озгина кечиккан. Менда турмушга чиқиш 2-босқичда ўқиётган вақтимга тўғри келган, 2 нафар фарзандим ўқиш даврида туғилган. Булар мен билан бирга диплом тайёрлашган. Бу менга жуда ҳам қийинлик қилган. Чунки мен жуда катта орзу-умидлар билан ўқишга кирган эдим", – деди у.
Адиба Қашқадарёнинг Чироқчи туманида улғайган. Ўзининг айтишича, у яшаган жойда 4 нафаргача фарзандлилар кўп.
“Ўзимнинг оиламда ҳам шундай. Шу муҳитда катта бўлганим учун бизнинг ҳам фарзандларимиз 4 нафар бўлди. Лекин шаҳарда асосан 1 қиз, 1 ўғил кўради оилалар. Мен буни тўғри деб ҳисобламайман. Чунки келажакда ўғил бола отаси, қариндош тоғаваччалари билан ўртоқ бўлиши мумкин. Қиз болага сирдош керак. Шунинг учун 2 та қиз бир ўғилми, ишқилиб 3 фарзанд яхши деб ҳисоблайман”, – деди у.
“Бу ёғига туғилиш ошиши кутилмаяпти”
Кейинги йилларда Ўзбекистонда туғилиш ўсиб борадими ёки камаядими деган саволга аниқ жавоб ҳали йўқ. Лекин дастлабки, статистикага кўра, 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонда туғилиш пасайганини кўрасиз. 2023 йилнинг январ-июн ойида туғилиш сони Ўзбекистонда 434 519 нафар бўлиб, 2022 йил январ-июнга нисбатан 5,1 фоизга кўпайган эди. 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида эса 419 856 та туғилиш кузатилган ва бу 2023 йилдагидан 14663 тага ёки 2023 йилнинг мос давридагидан 3,3 фоизга камайган дегани.
Муҳаббат Аҳмедова ҳам 2024 йилда Ўзбекистонда туғилиш бўйича рекорд янгиланмаслигига ишора қилди ва умуман ўзи кейинги йилларда ҳам таббий ўсиш кузатилмаслиги мумкин деган фикрда. Иқтисодчига кўра, бунинг сабабларидан бири Ўзбекистонда аёлларнинг ҳам олий таълим билан кўпроқ қамраб олинаётгани бўлиши мумкин.
“Ҳозиргача бўлган кўрсаткичлардан келиб чиқса, 2024 йилда ё 962 минг туғилиш сақланиб қолади ёки ундан бироз камроқ бўлиши кутилмоқда. Чунки 2023 йилнинг сентябрида туғилган болалар 2024 йилнинг сентябрида туғилган болалардан кўп бўлган. Шунга кўра ҳам 2024 йилда туғилиш кам бўлиши кутилмоқда”, – деди у.
Туғилиш камайиши сабаблари
Аҳмедованинг айтишича, кейинги йилларда туғилиш кўрсаткичлари пасайиб бориши мумкин.
“Чунки аёллар асосий вақтини ўқишга сарфлаб, туғилишни кейинроққа режалаштириши мумкин. Бундан ташқари меҳнат бозорида ҳам аёлларнинг кенг қўллаб-қувватланиши, тадбиркорлик фаолиятига жалб этилиши ошган. Ўзи умуман таҳлил қилинганда, туғилиш кўрсаткичи камайган йилларда аёлларнинг иқтисодий фаоллиги камайган. Яъни аёллар меҳнат бозоридан вақтинча бўлса ҳам чиқиб кетиб, туғуруқ таътилида уйида фарзанд тарбияси билан шуғулланган. Эксперт сифатида 2024 йил ва ундан кейинги йиллар ҳам аёлларнинг иқтисодий фаоллиги ва олий таълим билан қамраб олиниши ошиб боради ва бунинг натижасида туғилиш кўрсаткичлари секин-аста пасайиши кутилади деб ўйлайман”, – деди Муҳаббат Аҳмедова.
Адибанинг айтишича, у ҳам энди бошқа фарзанд кўрмоқчи эмас. У шу 4 фарзандини соғлом, билимли қилиб улғайтириб, ўзи ҳам тезроқ ишга қайтишни хоҳлайди.
“Фарзандларимнинг ораси яқин бўлгани сабаби – мен жуда қаттиқ азоб чекиб ўқиганман олийгоҳга киргунча. Қизим ўқишга кирсин деб отам Россиядан келмаган. Уйимни сотиб бўлса ҳам сени ўқитаман деган. Менда шу ўқиганимни оқлашим керак. Жамиятга фойдам тегиши керак, деган фикр бўлган. Шунинг учун болаларимни тезроқ туғиб катта қилиб, кейин тўлиқ карера қилишга ўтишни хоҳлаганман. Лекин оилада ўғил фарзанд бўлишини ҳам истаганмиз. Мана, ҳозир бизга шулар етади”, – деб суҳбатни якунлади Адиба.
Зуҳра Абдуҳалимова журналист
Тасвирчи ва монтаж усталари Нуриддин Нурсаидов,
Жавоҳир Ғайратов, Зияддин Маматжонов
Тавсия этамиз
АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
Жаҳон | 12:46 / 17.04.2025
Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Жаҳон | 21:50 / 16.04.2025
Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Жамият | 17:05 / 16.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?
Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Минерал ўғитлар ва пестицидлар савдоси учун энди лицензия талаб қилинади
Ўзбекистон | 18:33
-
Хоразмда меҳмонхона қуриш учун инвесторларга субсидия берилади
Ўзбекистон | 18:30
-
Meta Цукербергнинг хавфсизлиги учун 2024 йилда 14 млн доллар сарфлади
Жаҳон | 18:27
-
Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар янада қўллаб-қувватланади
Ўзбекистон | 18:24
Мавзуга оид

00:32 / 12.04.2025
Россияда туғилиш даражаси сўнгги 200 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди

22:22 / 04.04.2025
Россияда туғилиш даражасини ошириш мақсадида болалар буюмларини ижарага бериш бошланади

10:35 / 20.03.2025
Ўзбекистонда қишлоқ жойларда туғилиш кўпроқ экани маълум бўлди

21:40 / 18.03.2025