Минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар 1 июнгача лицензия олишлари керак. Расмийларнинг тушунтиришича, бу орқали, масалан, олма учун мўлжалланган кимёвий модданинг помидорга сепилишининг олди олинади. Шунингдек, бундай маҳсулот импорти рухсатнома асосида амалга оширилади, кимёвий моддалар босқичма-босқич маркировкаланади.

Ўзбекистонда зараркунанда ҳашоратларни йўқ қилиш учун ишлатиб келинган 40 та кимёвий модда тақиқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вакиллари 17 апрел куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида маълумот берди. Маълум бўлишича, охирги 2 йилда заҳарли сиперметрин, хлорпирифос, диметоат ва тиаклоприд каби заҳарли моддалардан фойдаланиш тўхтатилган. Боиси, ушбу моддалар инсон ўлимига олиб келиши ёки асаларичиликка жиддий зарар етказади.

“2021 йилгача бу рўйхат китоб шаклида бўларди, ҳар икки йилда янгиланиб турарди. Тўғри айтдингиз, сиперметрин, хлорпирифос тақиқланган модда, у Ўзбекистонда ишлатилмайди. Иккинчиси диметат, буям бозордан олиб ташланган, заҳарлилиги учун СЭС, экология рухсат бермайди. Учинчиси имидаклоприд. Бунга мева-сабзавот учун тақиқ жорий қилдик, фақат гўзада қолган”, – дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори биринчи ўринбосари Бобур Ҳамраев.

Ҳамраевнинг айтишича, 10 га яқин препаратдан фойдаланиш бўйича чекловлар киритилган. Рўйхат билан “Agroko‘makchi” мобил иловасида танишиш мумкин. Унда фермер ва деҳқонлар учун турли кўрсатмалар ҳам бериб борилади.

“Чеклов қўйилган 10 та модда бор. Масалан, глифосат, индоксакарб каби таъсир этувчи моддалар. Улар фақат гўзага ишлатилади. 639 та биолабораториямиз 2025 йилда бозорда 197 млрд сўмлик савдони амалга ошириши прогноз қилинган. Бу чеклов киритилган препаратларимиз ўрнини босиш учун қилиняпти. Бу препаратлар Ўзбекистонда бор, чекловга қўйилган препаратларнинг ҳаммаси ғўзага деб рўйхатдан ўтади. Шу экинларда ишлатилади. Ҳаттоки, препаратнинг ёрлиғига ҳам ёзилади. Агар шу талаблар бўлмаса, тадбиркорнинг лицензияси ҳам, гувоҳномаси ҳам бекор қилинади”, – дейди Ҳамраев.

Унинг сўзларига кўра, 1 июндан кучга кирадиган тартибга асосан энди минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар лицензия асосида фаолият юритади. Лицензиялаш жараёнлари 7 февралдан бошланган. Бу орқали препаратлардан фойдаланиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга қарши курашилади.