Ўзбекистон | 21:00 / 11.11.2024
12747
6 дақиқада ўқилади

11 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Газ ўтмаган хонадонларга свет учун 50 фоизлик чегирма, “Яшил энергия” учун аҳолига субсидия, тўлиқ электронлашаётган сув учун тўлов ва Рамзон Қодировнинг Алламжоновга суиқасд бўйича баёноти — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Свет учун 50 фоизлик чегирма

Бугунги кўрсатувимизни яхши хушхабар билан бошлаймиз. Газлашмаган хонадонларга свет учун чегирма бериш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов интервюларидан бирида 2025 йил 1 январдан газлашмаган ҳовлиларга электр энергияси учун 50 фоиз чегирма берилиши режалаштирилаётганини айтган эди.

Kun.uz вазирликдан олган маълумотга кўра, бу борадаги қарор лойиҳаси тайёрланиб, ҳуқуқий экспертиза учун юборилган.

Бундан бир ойча аввал энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Лолазор» подкастидаги чиқишида газлаштирилмаган ҳовлилар учун ҳам электр энергия тарифларига 50 фоизлик чегирма бериш бўйича топшириқ бўлганини таъкидлаган эди.

«Айни пайтда кўп қаватли уйлар учун [газлаштирилмаган] электр энергиясига 50 фоиз чегирма амал қилади. Биз газлашмаган ҳовлили хонадонларга нисбатан ҳам буни қўллаш бўйича топшириқ олганмиз. Чегирма уларга ҳам 50 фоиз бўлади. Бу бўйича тегишли вазирликлар билан ишлаяпмиз. Шунингдек, саноат корхоналарига ҳам юкламага қараб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентлар қўллаш режалаштириляпти», – деган эди вазир.

«Яшил энергия» учун аҳолига субсидия

Навбатдаги хабаримиз ҳам электр энергияси билан боғлиқ.

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, 2023 йил 1 апрелдан «Қуёшли хонадон» дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.

2024 йилнинг январ-сентябр ойларида 6 минг нафардан ортиқ жисмоний шахс ушбу дастурдан фойдаланиб, электр тармоқларига ўтказилган 8,9 миллион kWh қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 8,9 миллиард сўм субсидия олган.

Субсидиянинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудларга тўғри келмоқда:

Хоразм вилояти — 2,1 миллиард сўм;

Қорақалпоғистон Республикаси — 1,5 миллиард сўм;

Тошкент шаҳри — 1,2 миллиард сўм.

Сув учун тўлов тўлиқ электронлашади

Коммунал тўловларга оид янги бир янгилик.

2024 йилнинг 1 декабридан эътиборан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади. Энди назоратчи ва сув таъминоти ходимларига тўловни нақд пул кўринишида амалга ошириш тўхтатилади.

«Ўзсувтаъминот»нинг хабарига кўра, соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцион ҳолатларга барҳам бериш мақсадида ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни фақат электрон шаклда қабул қилиш тизимига ўтилади.

Таъкидланишича, сўнгги вақтларда соҳада тўловни нақд пул шаклида амалга ошириш билан боғлиқ бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган.

Яъни назоратчилар сизнинг сув ва канализация учун тўловларингизни “еб кетмаслиги”, тўлов аниқ ҳисобрақамингизга тушиши учун бу чора қўлланмоқда.

Ёдда тутамиз, яқиндан бошлаб чиқиндидан қарзингиз бўлса, электр учун ҳам тўлов қилолмайсиз ва светингиз ўчади.

Алламжоновга суиқасд юзасидан Рамзан Қодировнинг баёноти

Чеченистон раҳбари Ўзбекистондаги суиқасд ишида «чечен изи» борлиги ҳақида тарқатилган хабарларни сиёсий ўйин ва ўзбеклар ва чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат, деб баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, бундай маълумотни тарқатганлар қидирилмоқда.

«Ўзбекистонда бир неча ҳафта олдин ичида Президент администрациясининг собиқ ходими бўлган машинага қарата ўқ узилган эди.

Бироқ натижаларни кутмасдан, ғарбпараст ва баъзи мухолиф нашрлар «чечен изи» ҳақидаги версияни ўртага ташлади, кейин бу изни бутунлай менга боғлашди», — деб ёзган Қодиров ўзининг телеграм каналида.

Чеченистон етакчиси бу «провокация»га жавоб бермаслигини таъкидлаган:

«Мен бу провокацион нарсаларга жавоб бермайман. Қўшимча қиламанки, агар мен ҳақиқатан ҳам бирор нарсани режалаштирадиган бўлсам, бу ишни 100 фоиз натижа билан охирига етказаман».

Шунингдек, Рамзан Қодиров бу хабарларни сиёсий ўйин ва ўзбеклар билан чеченлар ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаган.

«Чеченлар ва ўзбеклар тарихий ўтмиши умумий бўлган қардош халқлардир. Бизнинг умумий жиҳатларимиз жуда кўп. Мен бу маълумотларни учинчи томонларнинг сиёсий ўйин қуроли ва мамлакатларимиз ўртасида низо келтириб чиқаришга қаратилган очиқ уриниш сифатида баҳолайман. Қандай бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим бу провокацион маълумотлар ортида ким турганини билиб оламиз. Бу борада ишлар аллақачон бошланган», — дейди Рамзан Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманида икки номаълум шахс Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг автомобилига ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узган. Сўнгра улар воқеа жойидан қочиб кетган. Машинада бўлган ҳайдовчи ва Алламжонов жабрланмаган.

Қибрайдаги қотилликка суиқасд ҳолати билан боғлиқ жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноятни содир этишда гумонланувчиларнинг 4 нафари ушланган.

Мавзуга оид