«Сиёсат — аёвсиз» — Трамп Оқ уйда Байден билан учрашди
Сайловолди кампанияси даврида икки сиёсатчи ҳам бир-бирини қаттиқ танқид қилган ва охирги марта июндаги дебатлар доирасида учрашишганди.
АҚШдаги президентлик сайловларида ғолиб чиққан Доналд Трамп Оқ уйда амалдаги президент Жо Байден билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида Байден ҳокимиятни кейинги президентга тинч йўл билан ўтказиш ниятида эканини билдирган, Трамп эса бу жараён «имкон қадар силлиқ ўтиши»ни айтган.
«Жаноб сайланган президент ва собиқ президент, Доналд, табриклайман! Биз, аввал айтганимиздек, ҳокимиятни топширишнинг силлиқ кечишини интиқлик билан кутмоқдамиз, сиз учун қулай шароит яратиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. — деган Байден Трампга. — Бугун биз бу масалаларнинг айримларини муҳокама қилишимиз мумкин. Хуш келибсиз, хуш келибсиз».
«Сиёсат — аёвсиз ва кўп ҳолларда у ёқимли дунё эмас, аммо бугун вазият яхши. Мен ўтиш жараёни иложи борича силлиқ кечаётганини жуда қадрлайман ва бунинг учун миннатдорман», — деган Трамп, шундан кейин икки сиёсатчи бир-бирининг қўлини сиқиб қўйган.
Учрашув Овал кабинетда бўлиб ўтган, Трамп бу ерда охирги бор 2021 йил январида бўлиб, Байденга икки саҳифадан иборат мактуб қолдирганди.
Сайловолди кампанияси даврида икки сиёсатчи ҳам бир-бирини қаттиқ танқид қилган ва охирги марта июндаги дебатлар доирасида учрашишганди. Шундан кўп вақт ўтмай ўз ёши ва президентлик вазифаларини бажаришга лаёқатсизлиги бўйича хавотирлар фонида Байден пойгадан чиқишга қарор қилганди.
Сайланган президентнинг лавозимидан кетаётгани билан учрашиши — Америка сиёсий ҳаётидаги азалий анъана ҳисобланади.
Аммо 2020 йилги президентлик сайловларидан кейин мағлубиятини тан олмаган Трампнинг Байден билан учрашуви ўтказилмаганди: ўшанда амалдаги президент бўлган республикачи сайланган президентни таклиф этмаганди.
Бугунги учрашувга изоҳ бераркан, Оқ уй расмий вакили Карин Жан-Пиер Байден «нормаларга, институтларга ишониши»ни таъкидлаган. «У ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш қоидасига амал қилади», — дея қўшимча қилган у.
Трамп 2024 йилги президентлик сайловларидан кейин илк бор Вашингтонга келди. Оқ уйга боришидан олдин у Вакиллар палатасига ташриф буюриб, Республикачилар партияси аъзолари билан учрашди, айни вақтда партия Конгресснинг қуйи палатаси устидан ҳам назоратни сақлаб қолиши кутилмоқда.
Вакиллар палатаси учун овозларни ҳисоблаш жараёни ҳали давом этмоқда, аммо республикачилар кўпчилик ўринга эга бўлиши учун фақат икки мандат етмаяпти (демократларга эса — ўнта).
Президентлик сайловлари билан бир вақтда ўтказилган сенаторлик ўринлари учун сайловлар натижаларига кўра ҳам Республикачилар партияси Америка парламентининг юқори палатаси устидан назоратни қўлга киритганди.
«Ғалаба қозониш ёқимли эмасми? Ғалаба қозониш ёқимли! Доимо ғалаба қозониш ёқимли, — деган Трамп конгрессменларга. — Палатада ҳам барчаси жуда муваффақиятли ўтди».
Трампнинг инаугурация маросими 2025 йил 20 январига белгиланган. Шу билан бирга, сайланган президент аллақачон ўзининг бўлғуси маъмуриятини шакллантиришни бошлаган.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
21:08 / 14.11.2024
Президентлар учрашуви: Байден ва Трамп Оқ уйда икки соат гаплашди
20:38 / 14.11.2024
NBC: Илон Маскнинг хатти-ҳаракатлари Трампнинг атрофидагиларнинг ғашини келтира бошлади
15:00 / 14.11.2024