Ўзбекистон | 22:00 / 27.11.2024
1237
5 дақиқада ўқилади

27 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

9 ойда 35,8 трлн сўм тақчиллик: Субсидиялар ва трансфертлар таҳлили, иш берувчилар учун янгиланган пенсия бадаллари тартиби, 30 сайтни блоклаган Рақобат қўмитаси, камбағалликка қарши кураш учун рағбатлантириладиган фаол нуронийлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Давлат бюджети: 9 ойлик натижалар

Ўзбекистоннинг 2024 йил 9 ойлик давлат бюджети ижроси таҳлил қилинди. Консолидациялашган бюджетнинг тақчиллиги 35,8 трлн сўмни ёки ЯИМнинг 2,5 фоизини ташкил этди. Маҳаллий бюджетлардаги умумий тақчиллик 19,9 трлн сўмга етган.

Энг катта маҳаллий бюджет тақчиллиги Андижон вилоятида қайд этилган — 2,12 трлн сўм. Кейинги ўринларда Фарғона ва Наманган вилоятлари.

Энг кам тақчиллик эса одатдагидек, Навоий вилоятида кузатилган — 581 млрд сўм.

2024 йилнинг уч чорагида бюджетдан 19,8 трлн сўм субсидия ажратилган.

Субсидиянинг йирик йўналишлари қуйидагилар:

Табиий газ савдосидаги зарарларни қоплаш — 9,5 трлн сўм.

Иссиқлик таъминоти корхоналарига — 2,5 трлн сўм.

Нодавлат мактабгача таълим муассасаларига — 2,44 трлн сўм.

Жамғариб бориладиган пенсия бадаллари учун янги қоидалар

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва Марказий банк томонидан иш берувчилар учун шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий пенсия бадалларини тўлаш тартибини белгилайдиган низом тасдиқланди. Ушбу тартиб иш берувчиларга янги масъулиятлар юклайди.

Асосий тартиб ва мажбуриятларга кўра, энди барча иш берувчилар (юридик шахслар) ўз ходимлари учун мажбурий пенсия бадалларини шахсий ҳисобварақларга киритишга мажбур.

Пенсия бадаллари иш ҳақига қўшиб, даромад солиғи тўлаш муддатларида ўтказилади.

Бадаллар тўлови тўғрисидаги маълумотлар махсус реестрлар орқали «Халқ банки» филиалларига тақдим этилади.

Реестрда ҳар бир ходимнинг фамилияси, иш ҳақи ва бадал суммаси кўрсатилиши шарт.

Ҳар ойнинг 15-санасига қадар бадаллар бўйича реестрлар электрон ҳужжат сифатида шакллантирилиб, Халқ банки филиалига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилиши талаб этилади.

Фаол кексаларга ҳар ой 577 минг сўм тўланади

Президентнинг «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури бўйича янги қарорига кўра, ҳар бир маҳаллада катта ҳаётий тажрибага эга уч нафар кекса бешта камбағал оилага бириктирилади. Улар оилаларни камбағалликдан чиқаришда фаол иштирок этиб, ҳар ой 577,5 минг сўм миқдорида рағбат пули олади.

Қарор бўйича кексалар қуйидаги вазифаларни бажаради:

  • Хонадон томорқаларидан самарали фойдаланишга ёрдамлашиш, зарур ускуналарни бўлиб тўлаш асосида ижарага олишга кўмаклашиш.
  • Оила фарзандларини ҳунармандларга шогирдликка топшириш ва таълим олаётганларни ўқув жиҳозлари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаш.
  • Кам ҳаракатли турмуш тарзини камайтириш мақсадида пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш.
  • Кексалар учун спорт тадбирларини ташкил этиш ва уларни жисмоний тарбияга жалб қилиш.

Фаол нуронийлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 50 фоизи миқдорида ойлик рағбатлантирувчи пул олади. Шунингдек, кексаларни спортга жалб қилиш мақсадида ҳар бир маҳаллага йилига 10 миллион сўм ажратилади.

Букмекерлик сайтларига қарши чоралар

Рақобат қўмитаси букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи веб-сайтларга қарши қонунга мувофиқ чоралар кўрилганини маълум қилди. Қўмита рекламага оид қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Жумладан, 42 та веб-сайтга блоклаш таклифи киритилган бўлиб, 30 га яқини блокланган.

Блокланган сайтларнинг рўйхати эълон қилинмаган, шунингдек, қолган 12 та сайтнинг нега блокланмагани ҳақида маълумот берилмаган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг реклама қилинишига йўл қўйилмайди. Бу, шу жумладан, интернет тармоғи орқали ташкил этиладиган қимор ўйинларига ҳам тегишлидир.

Қиморга сарфланган миллиардлар

Самарқанд шаҳрида тадбиркорга тегишли 6,4 миллиард сўмни интернет қимор ўйинларига сарфлаган ҳисобчи фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент текшируви давомида МЧЖлардан бирининг ҳисобчиси банк электрон калитларидан фойдаланган ҳолда сохта ҳужжатлар тузиб, маблағларни ўз номига очилган пластик карталарга ўтказиб олгани ва ушбу маблағларни интернет қимор ўйинларида ютқазгани аниқланган.

Ҳисобчига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва 228-моддаси — ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан ноқонуний фойдаланиш билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид