Туркияда намойишлар авж олмоқда, юзлаб одамлар ҳибсга олинган
Жума куни кечқурун юз минглаб кишилар Истанбул мэри Акром Имомўғли ҳибсга олинганига норозилик билдириб, сўнгги ўн йилликдаги энг йирик норозилик намойишлари учун Истанбул кўчаларига чиқди. Уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар қўлланмоқда. Эрдўған «кўча терроризми» ҳақида гапирмоқда.
Туркияда намойишлар тақиқланганига қарамай, Истанбул мэри Акром Имомўғлининг коррупция ва террорчи гуруҳларга ёрдам беришда айбланиб ҳибсга олиниши ортидан норозилик намойишлари авж олмоқда. Имомўғли билан бирга тергов доирасида юздан ортиқ киши, жумладан сиёсатчилар, журналистлар ва тадбиркорлар ҳибсга олинган.

Намойишлар 19 мартдан бери Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбул ва пойтахт Анқарадан ташқари, Измир, Адана, Анталя, Чаноққалъа, Эскишеҳир, Кўня ва Эдирне шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Истанбул мэри ўзининг X саҳифасида Сарачҳане ҳудудидан олинган, беҳисоб одам акс этган видеони жойлаштирди.
Имомўғли қўлга олиниши у 2028 йилда бўлиб ўтадиган сайловларда мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилишидан бир неча кун олдин рўй берди.
Мазкур партия етакчиси Ўзғур Ўзелга кўра, Истанбулда 300 мингга яқин одам намойишга чиққан.
«Бу ЖХП митинги эмас, бу ерга шаҳар мэри Имомўғли билан бирдамлик билдириш ва демократияни ҳимоя қилиш учун келган барча партиялардан одамлар йиғилган», – деди у шаҳар ҳокимияти биноси олдида тўпланган намойиш иштирокчиларига.
У Эрдўған «маҳкамани қурол сифатида ишлатиб, Имомўғлининг қўлларини қайиришга ҳаракат қилаётгани»ни, аммо бунга йўл қўйилмаслиги ва Эрдўған бу норозилик намойишларидан қўрқаётганини таъкидлади.
Ўзелнинг зўравонлик қилмаслик ва полиция билан тўқнашувга бормаслик ҳақидаги чақириқларига қарамай, унинг нутқи давомида намойишчилар полиция билан тўқнашди, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ ва пластик ўқлардан фойдаланди.
Тўқнашувлар Анқара ва Измирда ҳам қайд этилган, у ерда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда етакчи мухолифатчилардан бирининг ҳибсга олиниши ортидан норозилик тўлқини кучайиб бораётганини қоралади. Эрдўған жума кунги чиқишида ҳукумат «вандализм» ёки «кўча террори» қаршисида «таслим бўлмаслиги» ва жамоат тартиби бузилишига тоқат қилмаслигини айтди.
«Жамоат тартиби бузилишига йўл қўймаймиз. Биз вандализм ёки кўча терроризмига берилмаймиз. Туркия кўчада топилган давлат эмас», – деган у.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя намойишлар вақтида жами 343 киши қўлга олингани ҳақида маълум қилди. Кўчаларга чиққанлардан ташқари, «интернетда зўравонликка чақириқларни тарқатганлар» ҳам ушланмоқда.
«Ижтимоий тартибни бузишга, эл-юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид соладиган, тўполон ва фитна ортидан қувадиган кимсаларга ҳеч қачон йўл берилмайди, уларга мутлақо кўз юмилмайди. Осойишталигимиз ва хавфсизлигимиз гарови бўлган полициячиларимиз кеча-ю кундуз ўз вазифасини сидқидилдан бажармоқда», – деган вазир.
Унинг ёзишича, намойишчилар билан тўқнашувларда 16 нафар полициячи жароҳатланган.
Имомўғли ва унинг тарафдорлари ҳибсга олиниши сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб мухолиф сиёсатчилар, журналистлар ва санъат соҳаси вакилларига қарши кенг кўламли қатағонлар ортидан содир бўлди.
Мухолифатчилар ҳибсга олишлар сиёсий сабабларга кўра амалга оширилганини даъво қилмоқда, бироқ адлия вазирлиги ҳибсга олишлар ортида Эрдўған турибди деб ҳисобловчиларни танқид қилди ва суд тизими мустақил эканини иддао қилмоқда.
Имомўғли ўтган йили маҳаллий сайловларда ғалаба қозониб, иккинчи муддатга Истанбул мэри лавозимида қолганди.
Бу Эрдўған ҳокимиятга келганидан бери илк марта унинг партияси сайловларда мағлубиятга учраши бўлганди.
Сайлов натижалари Истанбулда улғайган ва шаҳар мэри бўлишга улгурган президент учун ҳам шахсий зарба бўлди.

Эрдўған 22 йилдирки, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб келмоқда, у ҳам бош вазир, ҳам президент сифатида Туркияни бошқарган. Агар конституцияни ўзгартирмаса, муддат чекловлари туфайли у 2028 йилги сайловларда ўз номзодини қўя олмайди.
ЖХПдан президентликка номзод тайинлаш якшанба куни бўлиб ўтиши керак. Овоз беришда бир ярим миллион киши иштирок этади ва Акром Имомўғли ягона номзод бўлиб қолмоқда.
ЖХП, шунингдек, фуқароларни рамзий сайловларда овоз беришга чақирди ва одамлар ҳибсга олинган мэрни қўллаб-қувватлашини кўрсатишлари учун Туркия бўйлаб округларда сайлов қутиларини жойлаштиришни режалаштирмоқда.
Тавсия этамиз
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?
Ўзбекистон | 12:09 / 28.03.2025
АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди
Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россияда қаровсиз қолган ўзбекистонлик болалар ватанга қайтарилди
Жамият | 22:16
-
Пентагон раҳбари махфий музокараларга хотинини ҳам олиб боргани маълум бўлди
Жаҳон | 21:38
-
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади
Ўзбекистон | 21:15
-
АҚШ қўшинлари жиноий тўдалар туфайли Эквадорга киритилиши мумкин
Жаҳон | 21:10
Мавзуга оид

18:25
“Ҳануз Эрдўғандек кучли лидер Туркияда йўқ” - сиёсий таҳлилчи билан суҳбат

21:45 / 25.03.2025
«Сен барибир ютқазасан». Имомўғли қандай қилиб мухолифат етакчисига айланди?

15:43 / 25.03.2025
Туркияда Эрдўған эраси ва Имомўғли омили – сиёсатшунослар нигоҳида

09:34 / 25.03.2025