Жаҳон | 09:34 / 25.03.2025
2197
3 дақиқада ўқилади

Туркиядаги намойишлар: 1100 дан ортиқ киши қўлга олинди

Туркияда Истанбул ҳокими ва мухолифатчи Акром Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан оммавий намойишлар давом этмоқда. Намойишларда қўлга олинганлар орасида журналистлар ҳам бор.

Фото: AP

Туркия 19 мартдан буён 1133 нафар намойишчи қўлга олинди. Бу ҳақда 24 март, душанба куни Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая маълум қилди. Туркия ОАВ ва ҳуқуқшунослик ассоциацияси (MLSA) маълумотларига кўра, қўлга олинганлар орасида ўн нафар фотосуратчи ва журналист ҳам бор.

Туркиянинг Disk-Basin-Is медиа уюшмаси оммавий қўлга олишларни «матбуот эркинлиги ва халқнинг ҳақиқатни билиш ҳуқуқига ҳужум» деб атади.

24 март куни кечқурун Истанбул ва Анқара шаҳарларида минглаб одамлар яна кўчаларга чиқиб, ҳукумат истеъфосини талаб қилди ҳамда норозилик намойиши уюштирди, деб хабар беради dpa агентлиги.

Эрдўған намойишларни «зўравонлик ҳаракати» деб атади 

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған намойишларни қоралаб, уларни «зўравонлик ҳаракати» деб атади. У норозилик тўлқинида Имомўғли аъзо бўлган мухолифатдаги Республика халқ партиясини айблади.

Туркия ИИВ раҳбарига кўра, 19-23 март кунлари бўлиб ўтган умуммиллий намойишлар чоғида 123 нафар полициячи жароҳатланган.

Акром Имомўғли Туркия президентлигига номзод сифатида кўрсатилди

Туркиянинг мухолифатдаги Республика халқ партияси 23 март куни ҳокимиятдан четлатилган ва қамоққа олинган Истанбул ҳокими Акром Имомўғлини президентликка номзод қилиб кўрсатди. Республика халқ партияси праймеризларида жами 15 миллион турк фуқароси қатнашди, бу эса мамлакатда рўйхатга олинган сайловчиларнинг деярли тўртдан бир қисмини ташкил этади. Улардан 13,2 миллиони ягона номзод бўлган Имомўғлини қўллаб-қувватлаган.

Республика халқ партияси раиси Ўзғур Ўзел Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш ва Акром Имомўғли билан рақобатлашишга қарор қилишга чақирди.

Шу куни ўн минглаб мухолифат тарафдорлари Истанбул мэрияси олдида тўпланиб, Эрдўғаннинг рақиби сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганига норозилик билдиришди. AP Ўзелнинг митингдаги сўзларидан иқтибос келтирди: "Имомўғли бир томондан қамоқхонада, бошқа томондан эса президентликка йўл олди". Президентликка янги номзод бўлган Имомўғлининг рафиқаси Дилек Кая ҳам намойишчиларга мурожаат қилди.

Намойишчилар баррикадалар қуришга уриниб, полиция билан тўқнашди, деб ёзади Milliyet. Натижада, унинг маълумотларига кўра, 66 нафар намойишчи қўлга олинган, беш нафар полициячи жароҳатланган.

Мавзуга оид