Кўчмас мулк | 17:11 / 01.08.2025
3627
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тизимига ўтилади

Фото: Kun.uz

2028 йилгача республика бўйича босқичма-босқич кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тизимига ўтилади. Шу асосда кўчмас мулк солиғи ставкалари ҳам пасайтириб борилади. Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Тошкентда уй-жойнинг минимал қийматини белгилаш ва келгусида шу меъёрга риоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни таклиф қилди. У пойтахтда уй-жойнинг 1 кв метр қиймати камида 500 доллар эканини таъкидлаяпти.

 Ўзбекистонда бозор қийматига ўтилганидан сўнг кўчмас мулк солиғи ставкалари қайта кўриб чиқилиши мумкин. Бу 2026−2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида келтириб ўтилган.

«Солиқ солиш мақсадида кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш тизимини республика бўйлаб босқичма-босқич жорий этиш ва кўчмас мулк солиғи ставкаларини шу асосда пасайтириш кўзда тутилган», дейилади ҳужжатда.

17 июл куни қурилиш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев сотув вақтида уй-жой нархини сунъий равишда пасайтириш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида гапирганди.

Қудбиевга кўра, жорий йилнинг январ-июл ойларида битимларни расмийлаштириш билан боғлиқ 2000 та ҳолатда уй-жойнинг 1 кв метр қиймати 1 млн сўм деб кўрсатилган. Бундай объектларнинг умумий майдони 353 минг кв метрни ташкил этади.

9300 та ҳолатда 1 квадрат метр 1−3 млн сўмдан сотилган бўлиб, умумий майдон 702 минг кв метрни ташкил этган. Яна 13,5 минг битимда умумий майдони 933 минг кв метр бўлган уй-жойлар 1 кв метр учун 3−5 млн сўмдан баҳоланган.

Солиқ қўмитаси раҳбари Тошкентда уй-жойнинг минимал қийматини белгилаш ва келгусида шу меъёрга риоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни таклиф қилди. У пойтахтда уй-жойнинг 1 кв метр қиймати камида 500 доллар эканини таъкидлади.

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти тасдиқлангани хабар қилинганди.

Оммавий баҳолашни босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилмоқда

·       2025-2026 йилларда – тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида;

·       2026-2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоят марказларида;

·       2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.

Янги тизим кўчмас мулкнинг кадастр қийматини бозор нархига яқинлаштириши керак.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид