Кўчмас мулк | 19:02 / 30.08.2025
4851
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 500 млн долларлик логистика парки қурилиши мумкин

Хитойнинг China Shandong Huada Group компанияси Андижон вилоятининг Қўрғонтепа ва Хўжаобод туманларида логистика парки қуришни режалаштиряпти. Лойиҳа қиймати 500 млн долларга баҳоланган.

Фото: Видеодан кадр

Хитойнинг China Shandong Huada Group компанияси Андижон вилоятида 500 млн долларлик логистика парки қуради. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

27 август куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Хитойнинг China Shandong Huada Group компанияси вакиллари билан музокара ўтказган. Музокаралар давомида Қўрғонтепа ва Хўжаобод туманларида логистика парки қуриш учун 500 млн доллар инвестиция киритиши тўғрисидаги келишувига эришилган.

Учрашувда тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Лойиҳа доирасида темирйўл ва автомобиль йўлларига хизмат қилувчи замонавий логистика парки ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳокимлик тақдим этган лойиҳа схемасига кўра, янги парк яқин вақтларда шаклланиши кутилаётган йирик транспорт коридорига хизмат қилади. Бу коридор Лхаседан бошланадиган ва қурилиши режалаштирилган темирйўл, ҳозир барпо этилаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли ҳамда Андижон–Тошкент–Самарқанд автомагистралларини қамраб олади.

Музокаралардан сўнг инвесторлар ва маҳаллий мутасаддилар лойиҳа амалга ошириладиган ер майдонларини кўздан кечирди. Лойиҳанинг амалга оширилиши минтақада транспорт оқимини кўпайтириб, экспорт ва савдо имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид