Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамас сулҳга тайёрлигини айтди. Исроил эса геноцидни давом эттирмоқда
Ҳамас Ғазони бошқарувчи миллий маъмурият тузилиши ва исроиллик асирларнинг озод этилишини назарда тутувчи битимга тайёр эканини билдирди. Нетаняҳу офиси эса ушбу баёнотни «Ҳамаснинг навбатдаги чалғитувчи юриши» деб атади. Исроил шунингдек, ҳудудда хавфсизлик назоратини ўрнатиш ва Ҳамасда қуролсизланишни талаб қилмоқда.
Ҳамас 3 сентябр куни яна бир бор Ғазо бўйича кенг қамровли келишувга тайёр эканини маълум қилди. Reutersʼга кўра, барча исроиллик гаровдагилар озод қилинади, бунинг эвазига келишилган миқдорда фаластинлик маҳбуслар қўйиб юборилади.
Гуруҳнинг бу баёноти АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳамасни 20 нафар гаровдагиларни озод қилишга чақирганидан кўп ўтмай билдирилди. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офиси Ҳамас баёнотини танқид қилди.
«Афсуски, бу яна Ҳамаснинг ҳеч қандай янгилик олиб келмаган навбатдаги чалғитувчи юришидир», дейилади баёнотда.
Нетаняҳу офиси шунингдек, уруш тугашининг янги шартларини айтди. Уларга кўра, қачонки — Ғазода барча гаровдагилар озод этилганда, Ҳамас қуролсизлантирилганда, сектор демилитаризация қилинганда, Исроил ҳудудда хавфсизлик назоратини ўрнатганда ва муқобил фуқаролик бошқаруви ташкил этилганда уруш тугайди.
Al-Jazeeraʼнинг ёзишича, Ҳамас Ғазони бошқариш учун мустақил миллий маъмурият тузилишига рози эканини ва барча исроиллик асирларнинг озод этилишини назарда тутувчи кенг қамровли сулҳ битимига тайёрлигини билдирди.
Ҳамас август ойида ҳам Исроил билан 60 кунлик сулҳ таклифига рози бўлганди. Мисрлик расмий манбага кўра, Ҳамас қабул қилган таклиф Исроилнинг 60 кун давомида ҳарбий операцияларини тўхтатишини ва деярли икки йиллик можарога якун ясовчи кенг қамровли келишувнинг асосий тамойилларини белгилашни ўз ичига олган. Нетаняҳу эса бир неча кундан кейин Исроил барча гаровдагиларни озод қилиш ва урушни тугатиш бўйича музокараларни дарҳол давом эттиришини, бироқ фақат Исроил учун мақбул шартларда бўлишини айтди.
Ғазода ҳамон геноцид давом этмоқда
Ғазо соғлиқни сақлаш идораларининг Al-Jazeeraʼга маълум қилишича, пайшанба куни тонгдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо бўйлаб камида 28 фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг 16 нафари Ғазо шаҳрида — Исроил кучлари у ерда ҳужумларни кучайтирган пайтда вафот этди. Вафот этганларнинг камида тўрт нафари ёрдам ва озиқ-овқат қидираётганлар бўлган.
Маҳаллий нашрлар Ғазо шаҳридаги тунни «яна бир дўзах кечаси» деб тасвирлади. Чунки Исроил ҳарбийлари тун давомида кўчирилган чодирлар ва уйларга зарба берган, тузоқ сифатида қўйилган роботларни эса портлатган.
Чоршанба куни эса Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо бўйлаб камида 73 фаластинлик ўлдирилган, уларнинг камида 43 нафари фақатгина Ғазо шаҳрида содир бўлган.
Шу кунларда БМТнинг Фаластин қочқинларига ёрдам берувчи агентлиги (UNRWA) Исроилни Ғазодаги ёрдам операцияларига қўйилган чекловларни бекор қилишга яна бир бор чақирди. Чунки ташкилот олти ойдан буён ҳудудга ёрдам етказиб бера олмаяпти.
«Ғазодаги оилалар зарур воситаларсиз қолди. UNRWA олти ойдан бери ҳеч қандай ёрдам кирита олмаяпти. Матрас, адёл ва чодир каби бошпана буюмларига қаттиқ эҳтиёж бор. UNRWA уларни етказишга тайёр – қамал бекор қилиниши керак», дейилади агентлик баёнотида.
Жорий йил январ ойидан буён Исроил БМТ ташкилотининг секторда ишлашини тақиқлаб қўйган. Шундан буён Ғазодаги ёрдам тарқатиш вазифасини асосан АҚШ–Исроил қўллайдиган GHF (Gaza Humanitarian Foundation)га топширди. Аммо бу фонднинг тарқатиш пунктлари бир неча бор ёрдам изловчиларнинг ўлимига олиб келган отишмаларни келтириб чиқарган. Халқаро танқидларга сабаб бўлган.
13 августдан бошлаб Исроил армияси томонидан Ғазо шаҳрига уюштирилган ҳужумлар оқибатида 1100 фаластинлик ҳалок бўлди, 6 мингдан ортиқ киши яраланди. 2023 йил октябрда уруш бошланганидан буён эса камида 63 минг фаластинлик Исроил зарбалари оқибатида ҳалок бўлди, 150 мингдан ортиқ инсон жароҳатланди.
Мавзуга оид
13:42 / 05.12.2025
Исроил «Евровидение-2026»да қатнашади, қатор давлатлар танловни бойкот қилади
12:51 / 05.12.2025
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
16:58 / 04.12.2025
Ғазо вайроналари орасида 54 жуфтлик учун оммавий тўй ўтказилди – фотолар
15:51 / 02.12.2025